Cавол: Қабрда савол-жавоб қайси тилда бўлади? Баъзилар араб тили дейишди. Шунга кўра вафот этган киши араб тилини тушунмасачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабрда бўладиган савол-жавоблар бизга нисбатан ғайб бўлиб, савол-жавоблар муайян тилда бўлиши ҳақида бирор оят ва ҳадисда очиқ айтилмаган. Шунинг учун бу борада баҳс-мунозаралардан тилни тийишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бу билан машғул бўлиш кишининг дини ва дунёси учун ҳеч қандай фойда келтирмайди. Албатта, ҳар бир қавмга ўзининг тилидан пайғамбар юборган Ҳаким зот бўлмиш – Аллоҳ таоло қабрда ҳам бандани ноқулай ҳолга солиб қўймайди.
Биз билишимиз лозим бўлаган нарса – қабрда киши айрим саволлар билан имтиҳон қилиниши ва саволлар берилиши ҳақ ва ростдир. Зеро, бу борада кўплаб ҳадислар нақл қилинган.
Жумладан, Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитнинг дафнидан фориғ бўлсалар қабр устига келиб: “Биродарингиз учун истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Чунки ҳозир у сўралади”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривоят қилишган).
Аммо ушбу савол-жавоб айнан қайси тилда бўлиши маълум эмас. Шуниси аниқки, у ердаги саволлар банда тушунадиган ва англайдиган ҳолатда бўлади.
Шунинг учун ҳам Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Ҳар кимга ўзининг тилида хитоб қилиниши эҳтимоли бор” деганлар (“Ал-имтаъ бил-арбаин ал-мутабайинатис-самоъ” китоби). Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Аёл-қизларнинг ҳар томонлама билим эгаллаши ҳар бир даврда долзарб ҳисобланган. Зеро, улар эртанинг эгалари бўлган келажак авлоднинг тарбиячиларидир.
Шаҳримиздаги "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга даргоҳ ҳисобланади.
Бугун, 15-май Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, илм олаётган қизлар билан самимий мулоқот олиб бордилар.
Тадбир якунида ислом билим юрти учун кондиционер ва электродоска тақдим этилди. Яхши тилаклар ва хайрли дуолар билан учрашув якунланди.
MuslimShosh.uz