Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Дўзах: Роббим, ўз-ўзимни еб юбордим-ку!” деб Роббига шикоят қилди. Шунда Аллоҳ унга икки марта – қишда бир, ёзда бир нафас олишга изн берди. Сизлар кўрадиган энг қаттиқ иссиқ, сизлар кўрадиган энг қаттиқ совуқ шудир”.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уламолар ҳадисда келган “замҳарийр”ни – “шиддатли, қаттиқ совуқ” деб шарҳлаганлар”.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Замҳарийр”дан мурод – “қаҳратон совуқдир”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Дўзах аҳли жаҳаннамнинг жазирама иссиғидан нажот сўрайдилар ва уларнинг сўровига суяклари синиб кетадиган даражада кучли бўлган совуқ шамол берилади. Сўнгра дўзах аҳли яна ёлвориб иссиқлик сўрашади”.
Шундай экан, қишнинг совуқ кунларини ғанимат билинг, Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилинг. Хусусан, ушбу дуони ўқиш тавсия этилади.
اللَّهُمَّ أَجِرْنِي مِنْ زَمْهَرِيرِ جَهَنَّمَ
Ўқилиши: Аллоҳумма ажирний мин замҳарийри жаҳаннама.
Маъноси: Аллоҳим мени жаҳаннамнинг қаттиқ совуғидан асра.
Аллоҳим, бизни дўзахнинг иссиқ ва совуқ азобидан Ўзинг асра.
Аллоҳим, бу совуқ кунларда ҳар бир бандангни, хусусан, уй-жойи, боқувчиси йўқ мискинларни Ўз паноҳингда асра.
Аллоҳим, дардга дучор бўлган беморлар ва Сендан ёрдам сўраган жамики муҳтожларни Ўзингга омонат. Дунёю охиратда Ўзинг ҳимоя қил. Уларга раҳматинг билан раҳм қил, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси.
Аллоҳим, Ўзингсан ягона илоҳ, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Ўзинг бойсан, биз эса камбағалмиз. Сен беҳожат ва ҳожатбарорсан, биз ҳожатмандмиз. Устимизга ёғдирадиган қорни хайрли қилгин. Аллоҳим, Сендан унинг яхшилигини ва ундаги яхшиликни ҳамда сен юборган нарсанинг яхшилигини сўраймиз. Сендан унинг ёмонлигидан ва ундаги ёмонликдан ҳамда Сен юборган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, ғазабингга дучор, азобингга мубтало бўлишдан асра.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати