Динимиз эҳтиёжманд, бемор, ногиронлиги бор кишиларга ғамхўрлик қилишга буюриб, бунинг ажру савоблари улкан эканлигини таъкидлайди. Бундай хайрли амални диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар кундалик ишига айлантирган десак, хато қилмаган бўламиз. Зеро, бугун маҳаллаларда ўтказилаётган турли диний-маърифий тадбир бўладими ёки сайёр учрашувлар бўлсин, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор фуқаролар имом-хатиблар эътиборида.
“3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан бундай эзгу ишлар республикамизда янада жонланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фолият юритувчи ходимлар, имом-хатиблар, Вақф фонди вакиллари мазкур сана доирасида хайрия ишларида янада жонбозлик кўрсатишди.
Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти Яшнабод тумандаги 52-сонли алоҳида ёрдамга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳолидан хабар олди. Болажонлар билан дилдан суҳбат қуриб, мактаб маъмуриятига Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан совғалар тақдим қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги ходимлари ҳам ушбу тадбирларда фаол бўлиб, 36-сонли жисмоний имконияти чекланган болалар уйига ташриф буюрдилар. Мурғак қалб эгалари билан самимий мулоқот қилиб, уларга жами 20 миллион сўмлик кийим-кечаклар, ширинликлар ва турли ҳил совға-саломлар улашдилар. Шунингдек, Олмазор тумани “Мевазор” жоме масжиди имом-хатиби ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Олмазор туманидаги 36-сонли мактабга 40 миллион сўмлик совға саломлар олиб берилди.
Тошкент вилояти имом-хатиб ва имом-ноиблари ҳам ҳомийларни жалб қилган ҳолда маҳаллалардаги 300 га яқин ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзолари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотлар ҳолидан хабар олиб, уларга 121 млн.сўмлик хайриялар улашдилар.
Худди шундай Андижон вилояти имом-хатиблари ҳам Марҳамат туманида ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиниб, совғалар улашилган бўлса, Хўжаобод туманида “Нур” тантаналар биносида шундай инсонлар учну эҳсон дастурхони ташкил этилди. Бухоро вилояти имом-хатиблари ҳам саховатпеша ҳомийлар билан биргаликда имконияти чекланган, ногирон фуқаролар ҳолидан хабар олиб уларга озиқ-овқат махсулотлари ва хўжалик буюмларидан иборат маҳсулотларни ҳадя қилдилар. Қашқадарё вилоятида диний соҳа ходимлари томонидан 129 нафар ногиронлиги бор шахслар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб 15.8 млн.сўмлик совға-салом улашилди. Фарғона вилояти имом-хатиблар эса ҳомийларни жалб қилган ҳолда 24.750.000 сўмлик хайриялар тарқатди.
Бундай хайрли ташаббуслар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм вилоятиларида ҳам давом этиб, юзлаб кўнгли ўксик юртдошларимиз қалбига шодлик улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ