Шу йил 21-22 декабрь кунлари Непал пойтахти Катманду шаҳрида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш бўйича II мусобақа бўлиб ўтади. Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ташкил этаган мазкур тадбир Саудия Aрабистонининг Қуръон таълимотини бутун дунё бўйлаб ёш мусулмонлар ўртасида тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари доирасида ўтказилади, деб ёзади “ArabNews” .
Саудия Aрабистони Матбуот агентлигининг хабар беришича, саралаш босқичида Непалнинг турли вилоятлари ва мамлакатдаги Қуръони каримни ёдлатиш мактабларидан 400 дан ортиқ иштирокчи қатнашади.
Танловнинг ёпилиш маросими ва ғолибларни тақдирлаш маросими 23 декабрь куни бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.