Ҳомиджон домла Ишматбеков – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир жонни ноҳақ ўлдириш, уларга озор бериш, инсонларнинг моли-жонига тажовуз қилиш Ислом динида қатъиян ман этилади.
Шунингдек, бу амаллар иймонсизликнинг аломати ҳисобланади. Аҳли сунна вал-жамоа имоми Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ:
“...кимки бирон жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади[1]...” (Моида сураси, 32) оятини – қотиллик иймонсизликнинг амали ҳисобланади, деб шарҳлайдилар.
Имом Мотуридий ўзининг “Таъвилот аҳлис-сунна” асарида қуйидагиларни келтириб ўтади:
“Аллоҳ томонидан тақиқланган жонни ўлдиришликни ҳақ деб билувчилар, гўё бутун инсонларни ўлдиришни ҳақ деб билувчилар кабидир. Чунки улар бир жонни ноҳақ ўлдиришликни ҳақ деб ҳисобламоқда ва бу бутун инсониятни ўлдиришни ҳақ деб ҳисоблаш билан баробардир. Ким Аллоҳнинг Каломи Қуръондаги бир оятга ишонмас экан, у барча оятларга ишонмаган ҳисобланади.
Охиратда бир жонни ноҳақ ўлдирганнинг зиммасига бутун инсониятни ўлдирганнинг гуноҳи бўлади. Шундай экан,бу каби одамларни ноҳақ ўлдирувчи қотиллардан инсонларни ҳаётини сақлашлик барчамиз учун муҳим вазифа бўлмоқлиги лозим.
Бинобарин, қотилнинг айбсиз бир инсонни ноҳақ ўлдиришга ёки бўлмаса унинг ҳаётига тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилиши, эртага бошқаларга ҳам ҳудди шу ҳаракатни амалга ошириши мумкинлигини билдиради.
Юқоридаги оятдан шу маълум бўладики, бу оят ер юзида ахлоқсизлик уруғини сепувчи (фасод ишлар билан шуғулланувчи) мусулмон бўлмаган ва мусулмонлар учун нозил қилинган”[2].
Абу Ҳафс Ҳанбалий ўзининг “Ал-Лубаб фи улум ал-Китаб” асарида “худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” оятини бир жонни ўлдиришлик, бутун инсониятни ўлдирган билан баробардир, деб шарҳлайдилар ва ушбу фикрни қувватловчи қуйидаги имомларнинг фикрларини келтириб ўтадилар.
Мужоҳид деди: “Агар кимдир бир жонни ноҳақ ўлдирса, у бу қотиллиги сабабидан дўзахга тушади. Шунингдек, у бутун инсониятни ўлдирганда ҳам шу азобга гирифтор бўларди”.
Қатода деди: “Аллоҳ таоло бир жонни сақлаганга улуғ ажр, мукофот ва бир жонни ноҳақ қатл этганга оғир азоб тайёрлаб қўйган. Ким бир мусулмонни ўлдиришни ҳақ деб билиб, ўлдирса бутун башариятни ўлдиргандек бўлади”.