Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
“Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикри қилинмайдиган уй худди тирик ва ўликка ўхшайди” дея умматларига зикрнинг фазилатларини гўзал мисоллар ила етказган Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Каъбул Аҳбор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳнинг зикри билан уйингизни нурга тўлдиринг. Хонадонингизга намозингиздан бўладиган хурсандчиликни олиб киринг. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг номлари само аҳлига маълумдир. Улар: “Фалончи уйини Аллоҳнинг зикри билан обод қиляпти”, дейишади”.
Каъб раҳматуллоҳи алайҳи дедилар: «“Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” зикрлари Аршнинг атрофида асаларининг ғувиллаши каби эшитилади. Улар ўз эгасини ва унинг солиҳ амалларини зикр қилиб туради».
Даврон НУРМУҲАММАД
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: “Жума кунида садақа беришнинг ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан фазли, Рамазон ойида садақа беришнинг бошқа ойларда садақа беришга нисбатан фазли кабидир”, деди.
Жуда оз бўлса ҳам, кунига садақа қилишни одат қил. Чунки садақа:
• Аллоҳнинг ғазабини ўчиради;
• касалликка даво бўлади;
• мол-мулкингни поклайди;
• Қиёмат куни соя бўлади;
• инсон вафотидан кейин ҳам ажр-савобни кўпайтириб туради.