Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Менинг исмимни қўйинглар! Кунямни қўйманглар. Чунки мен сизнинг ўртангизда (илмни) тақсимловчи қилиндим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун (фарзандларга) чиройли исм қўйинглар!” деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).
2023 йилда Англия ва Уэльсдаги ота-оналар ўғлига Муҳаммад, қизига эса Оливия деб исм қўйишган. Бу ҳақда theguardian.com сайти хабар берди.
Муҳаммад исми Нуҳ (Ной) исмини четга суриб, иккинчи ўриндан юқорига кўтарилди.
Шу билан бирга, Оливия исми ҳам кетма-кет иккинчи йил энг машҳур ном бўлди.
Бу маълумотлар Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси йиллик ҳисоботида маълум қилинди.
Ўғил болаларнинг 100 та энг яхши исмлари Муҳаммад исмининг уч хил шаклини, жумладан, Моҳаммед ва Моҳаммадни ҳам ўз ичига олади.
Муҳаммад исми Англияда 2016 йилдан бери кучли 10 таликдан жой олиб келмоқда. Статистика бошқармаси Муҳаммад исмининг машҳурлиги диний сабабларга кўра эканлигини таъкидлаган.
2023 йилдаги энг яхши уч нафар қиз исмлари 2022 йилдан бери ўзгаришсиз қолмоқда. Бу исмлар Оливия, Амелия ва Исла.
Шунингдек, қизларнинг энг машҳур ўнта исмлари қаторига Лили, Фрея, Ава, Иви, Флоренс ва Изабелла ҳам кирди. Ўғил болалар учун энг яхши учта исм Муҳаммад, Нуҳ, Оливер. Кучли ўнликка Жорж, Лео, Артур, Люк, Теодор, Оскар ва Генрилар кирди.
Манба: Theguardian.com
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ