Cавол: “Ихлос” сурасини 100 марта ўқиганда ҳар сафар “Бисмиллаҳ”ни айтиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сураларни бошлашдан аввал “Басмала (Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм)”ни айтиш суннат амал саналади.
Басмала Қуръони каримдан бир оят бўлиб, сураларнинг орасини ажратиш учун нозил бўлган. Бу ҳақда Аллома Зайлаий айтадилар:
الْبَسْمَلَةُ آيَةٌ مِنْ الْقُرْآنِ لَيْسَتْ مِنْ أَوَّلِ كُلِّ سُورَةٍ وَلَا مِنْ آخِرِهَا وَإِنَّمَا أُنْزِلَتْ لِلْفَصْلِ
“Басмала Қуръондан бир оят бўлиб, ҳар бир суранинг бошидан ҳам, охиридан ҳам бир оят эмас. Суралар орасини ажратиш учун нозил қилинган” (“Табйинул-ҳақоиқ” китоби).
Шундан келиб чиқиб, Ихлос сурасини 100 марта ўқимоқчи бўлган киши ҳар ҳар сафар сурани бошлашдан аввал “Басмала" айтиши суннатдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бугун, 16 май куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов Тайлоқ туманидаги “Ўрта” масжидга борди. Домла жума намозидан олдин “Камтарга камол, манманга завол” мавзусида маънавий-маърифий маъруза қилди.
Маърузада инсоннинг ички камолотга эришишида камтарликнинг нақадар муҳим экани, манманлик ва кибр каби хулқларнинг инсон ва жамият учун келтириши мумкин бўлган салбий оқибатлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Ислом ахлоқ-одобининг олий қоидалари, нафсни тарбиялаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва инсофни қарор топтириш каби мавзулар кенг ёритилди.
Жума намозини ўқиш асносида юрт тинчлиги, эл-юрт фаровонлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати