Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир биродаримиз савол берибдилар: «Фиқҳий мазҳабларни ўрганишнинг нима кераги бор? Ўн тўрт асрдан бери шу аҳвол. Нега замонавий, янги фиқҳга ўта қолмаймиз?»
Бу саволнинг жавоби жуда узун. Саволларга жавоб беришни ваъда қилганим учун, қисқа бўлса-да, жавоб бераман. Аввало, умуман, фиқҳий мазҳаблар нима эканини билишимиз керак.
Аввало буюк мазҳабимиз – ҳанафий мазҳаби ҳақида гаплашсак.
Қуйида бу ҳақда батафсил маълумотлар келтирилади, ҳанафий мазҳабининг қоидалар мажмуаси тушунтирилади. Бу қоидалар Қуръон ва Суннатдан олинган. Ҳозир эса тафсилотсиз, умумий айтиб ўтамиз.
Ҳанафий мазҳаби Қуръон ва Суннатдан олинган қоидалар мажмуасидир. Бошқача қилиб айтганда, ҳанафий мазҳаби Қуръон ва Суннатдаги қоидаларга асосан чиқариб олиш мумкин бўлган ҳукмларнинг хулосасидир. Бу қоидаларни саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳид имомлардан иборат умматнинг энг катта уламолари ишлаб чиқишган, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, ушбу қоидалар мажмуасига асос солишган. Уларнинг манҳажини кейинроқ баён қиламиз.
Демак, ҳанафий мазҳаби ибодат, муомалот ва бошқа барча соҳаларда Қуръон ва Суннатдаги қоидаларнинг хулосаси экан. Буни қандай тушуниш керак? Масалан, бугунги кунда автомашина, самолёт ва поезддан фойдаланишнинг ҳукмини, акция муомалалари ва бошқа масалаларнинг ҳукмини мана шу қоидаларга солиб ўрганамиз. Лекин Қуръон ва Суннатда айнан машина ёки самолётнинг, акциядорликнинг ҳукми йўқ-ку? Унинг ҳукмини қаердан оламиз? Уларни Қуръон ва Суннат асосида ишлаб чиқилган қоида асосида оламиз. Бизга керакли масаланинг ҳукми ана шу қоидадан келиб чиқади. Бунинг тафсилотини кейинчалик ўрганамиз.
Хуллас, ҳанафий мазҳаби мана шу машаққатли вазифани бажарди. Сизу биз ўтириб, ўша қоидаларни ишлаб чиқишимизга, бугунги кундаги масалалар бўйича ҳукм излашимизга эҳтиёж қолмади, бунинг ўрнига мана шу мазҳаб «Марҳамат» деб, бу қоидаларни тақдим қилди. Аввалги авлодлар ўз давридаги масалаларни бу қоидаларга қандай солган бўлса, биз ҳам ейиш-ичишдан тортиб барча масалаларни шу қоидаларга солишимиз мумкин бўлди.
Баъзи одамларда «Фиқҳдаги масалалар асосан ўша пайтдаги, тарихдаги масалалар-ку, бугун уларнинг кераги йўқ-ку», деган хато фикр бор. Фиқҳ Қуръон ва Суннатдан олинган қоидалардан иборат. Бугунги масалага ечим топмоқчи бўлсак ҳам, барибир ана шу қоидаларга мурожаат қилишимиз керак бўлади. Ҳаётимизда дуч келадиган ҳар қандай масаланинг ҳукмини мана шу қоидалар ёрдамида билиб олишимиз мумкин.
Бир мисол келтирайлик. Масалан, ҳанафий мазҳабида «Бадандан чиққан ҳар қандай нажосат таҳоратни бузади», деган қоида бор. Буни ҳаммамиз биламиз. Таҳоратни бузадиган нарсаларга оид қоидалар ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган. Лекин шифохонага бориб, донор сифатида ёки таҳлил учун қон топширсам-чи? Бунда ҳам таҳорат бузиладими? Бу нарсалар тарихда бўлмаган, лекин ҳозир бор. Мана шу масаланинг ҳукми қандай бўлади? Буни ҳам Қуръон оятларидан, ҳадислардан қидираманми? Албатта, йўқ! Илм ўрганган бўлсангиз, «Танадан чиққан қон таҳоратни бузади», деган қоидани биласиз. Қон – бу нажосат, у бадандан чиқди. Донорликданми, таҳлил учунми, фарқи йўқ. Мана, масаланинг ҳукми. Бир сониядаёқ билиб олдим. Агар «Танадан чиққан қон таҳоратни бузади» деган мана шу қоида бўлмаса, Қуръон ва Суннатдан ярим йил қидирсам ҳам, топа олмас эдим.
Бу каби илгари бўлмаган, лекин ҳозир пайдо бўлган масалалар жуда кўп. Хўш, уларнинг жавобини, ҳукмини қандай қилиб топамиз? Саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳид имомлар асрлар давомида ишлаб чиққан қоидаларни янгитдан ишлаб чиқамизми? Шундай қилишга ҳаққимиз борми ўзи? Йўқ, биз бундай қила олмаймиз. Бунинг учун бизда ўзимиз ишлаб чиққан усулул-фиқҳ қоидалари бўлиши керак. Шунинг учун бугунги кунда пайдо бўлаётган барча масалаларни мазҳабларнинг қоидалари орқали билиб оламиз. Бу мавзуда жуда узоқ гапириш мумкин. лекин ҳозир шу билан кифояланиб, ўрни келганда яна кенгроқ тўхталамиз.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати