Савол: Таҳоратда оёқ ювиш ўрнига ўтадиган (амал) борми?
Жавоб: Ҳа, икки маҳсига масҳ тортиш икки оёқни ювиш ўрнига ўтиши кўплаб саҳиҳ ҳадислар билан собит бўлган.
Савол: Мана шу масҳнинг жоиз бўлиши учун шартлар борми?
Жавоб: Ҳа, унинг жоиз бўлиши учун маҳси пок (таҳоратли) ҳолатдаги оёққа китилган бўлиши шарт.
Савол: Масҳ учун бирор вақт чегараланганми?
Жавоб: Агар маҳси таҳоратли ҳолатда кийилган бўлса, сўнг таҳорат кетса, унга агар муқим киши бўлса бир кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз. агар мусофир бўлса уч кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз. Иккаласи ҳам бу муддат ичида таҳорат олганда маҳсисига масҳ тортаверади, сафарда ҳам, муқимликда ҳам.
Савол: Бир кеча-кундуз ёки уч кеча-кундузнинг бошланиши маҳсини кийган вақтдан бошланадими ёки таҳорат кетган вақтданми?
Жавоб: Бу муддатнинг бошланиши маҳси таҳорат устига кийилгандан кейин таҳоратсизлик етган пайтдан эътиборга олинади. Масалан, бир киши завол вақтидан кейин комил таҳорат олди. Мана шу таҳоратли ҳолида оёғига маҳси кийди. Сўнг қуёш ботаётган вақтда унинг таҳорати синди. Агар бу киши муқим бўлса, шу пайтдан то эртаси куни шу вақтгача (яъни қуёш ботадиган вақтгача) маҳсисига масҳ тортиши жоиз бўлади. Мусофирнинг масҳини ўзингиз шунга қиёслаб олаверинг.
Савол: Ғусл вожиб бўлган одам учун маҳсисига масҳ тортиши жоизми?
Жавоб: Ғусл вожиб бўлган одам учун маҳсисига масҳ тортиши жоиз эмас. Балки ундай одам баданининг барча аъзоларига қўшиб оёғини ҳам ювиши вожибдир.
Савол: Агар маҳсининг бирида тешик бўлса, унга масҳ тортиш жоизми?
Жавоб: Агар тешик оёқ бармоқларидан учта кичкина бармоқлар кўриниб қоладиган даражада кўп бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Агар бундан озроқ тешик бўлса, унга масҳ тортиш жоиз бўлади.
Савол: Мана шу кўп тешик деб билинган миқдор бир пой маҳсидан эътиборга олинадими ёки иккала маҳсиданми?
Жавоб: Бунда битта маҳсидаги тешиклар жамланади. Иккала маҳсидаги тешиклар жамланмайди. Яъни, иккала маҳсидаги тешикларни қўшиб ҳисобласа учта бармоқ миқдорига етса ҳам, унга масҳ тортиш жоиз. Аммо, бу иккала маҳсининг ҳар бирида шу миқдорда тешик бўлса, ёки фақат биттасида шу миқдорда тешик бўлса, бундай ҳолда унга масҳ тортиш жоиз эмас.
Савол: Маҳсига қандай қилиб масҳ тортилади?
Жавоб: Маҳсининг уст томонига бармоқлар билан чизиқ тортилади. Яъни, қўл бармоқлари сув билан ҳўлланади, сўнг уларни маҳсининг устки томонига тўлиқ қўйиб оёқ бармоқлари учидан тўпиқ томонга юргизилади. Ҳар бир маҳсига масҳ тортишда қўлнинг учта бармог;ини ишлатиш лозим.
Савол: Мана шу масҳни нима синдиради?
Жавоб: Масҳни таҳоратни синдирувчи нарсалар синдиради. Ҳамда, маҳсининг ечилиши ва масҳ муддатининг тугаши ҳам масҳни синдиради.
Савол: Агар масҳ муддати тугаса, ёки бир дона маҳси ёки иккаласи ҳам ечилсаю аммо таҳоратни синдирувчи ҳеч нарса бўлмаган бўлса, бундай ҳолда нима қилинади?
Жавоб: Бу икки кўринишда фақатгина оёқларнинг ўзи ювилади ва намоз ўқиса бўлаверади. Бунинг учун таҳоратнинг бошқа амалларини бажариш шарт эмас.
Савол: Сиз айтдингизки, муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир эса уч кеча-кундуз масҳ тортади. Бир киши мусофир бўлиб кейин муқим бўлса, муқим эса сафар қилса, унда нима дейсиз?
Жавоб: Мусофир масҳ торгандан кейин муқим бўлиб қолса, агар масҳ муддати бир кеча-кундуз ёки ундан кўпроқ бўлган бўлса, маҳсисини ечиши лозим бўлади. Агар масҳ муддати бир кеча-кундузга етмаган бўлса, уни еткизиб кейин ечади. Муқим одам масҳ тортса ва бир кеча-кундуз тўлмасидан аввал сафарга чиқса, у энди уч кеча-кундуз тўлиқ масҳ тортади.
Муҳаммад Ошиқ ал-Барнийнинг
"Ат-тасҳил аз-зарурий ли масаил ал-Қудурий" асаридан.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати