Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Совчилик» дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига ёки унинг оила тарафига совчилик қилиниши ҳам мумкин.
Бу билдириш уйланмоқчи кишининг ўзи ёки унинг вакили томонидан бўлиши мумкин. Шунингдек, совчиликни никоҳи исталган шахсга ёки унинг ишбошиларидан бирига билдириш ҳам мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланганларида у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳуга совчилик қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланганларида у кишининг ўзларига совчилик қилганлар.
Фазийлатли кишиларга аёлнинг ўзи, ота-онаси ёки ишбошиларидан бири совчилик қилиши жоиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига баъзи аёллар келиб, ўзини никоҳлаб олишларини сўраганлар.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَجَاءَتْهُ امْرَأَةٌ تَعْرِضُ نَفْسَهَا عَلَيْهِ فَخَفَّضَ فِيهَا النَّظَرَ وَرَفَعَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: قَالَ أَنَسٌ: إِنَّ امْرَأَةً عَرَضَتْ نَفْسَهَا عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَضَحِكَتِ ابْنَةُ أَنَسٍ، فَقَالَتْ: مَا كَانَ أَقَلَّ حَيَاءَهَا فَقَالَ أَنَسٌ: هِيَ خَيْرٌ مِنْكِ عَرَضَتْ نَفْسَهَا عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир аёл келиб, у кишига ўзини тақдим қилди. У зот унга бошдан-оёқ назар солиб қарадилар" (Бешовлари ривоят қилганлар).
Бошқа бир ривоятда: Анас: «Бир аёл ўзини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди.
Анаснинг қизи кулиб: «Мунча ҳам ҳаёси оз экан!», деди. Шунда Анас: «У сендан яхшироқ. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини тақдим қилди», деди.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَأَيَّمَتْ حَفْصَةُ مِنْ خُنَيْسِ بْنِ حُذَافَةَ السَّهْمِيِّ، وَكَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم تُوُفِّيَ بِالْمَدِينَةِ، فَقَالَ عُمَرُ: عَرَضْتُ حَفْصَةَ عَلَى عُثْمَانَ، فَقَالَ: سَأَنْظُرُ فِي أَمْرِي، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ ثُمَّ لَقِيَنِي، فَقَالَ: قَدْ بَدَا لِي أَلَّا أَتَزَوَّجَ يَوْمِي هَذَا. فَلَقِيتُ أَبَا بَكْرٍ الصِّدِّيقَ فَقُلْتُ: إِنْ شِئْتَ زَوَّجْتُكَ حَفْصَةََ، فَصَمَتَ أَبُو بَكْرٍ، وَكُنْتُ أَوْجَدَ عَلَيهِ مِنِّي عَلَى عُثْمَانَ، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ، ثُمَّ خَطَبَهَا رَسُولُ اللهِ، فَأَنْكَحْتُهَا إِيَّاهُ، فَلَقِيَنِي أَبُو بَكْرٍ فَقَالَ: لَعَلَّكَ وَجَدْتَ عَلَيَّ حِينَ عَرَضْتَ عَلَيَّ حَفْصَةَ فَلَمْ أَرْجِعْ إِلَيْكَ شَيْئًا، قَالَ عُمَرُ: قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ أَبُو بَكْرٍ: إِنَّهُ لَمْ يَمْنَعْنِي أَنْ أَرْجِعَ إِلَيْكَ فِيمَا عَرَضْتَ عَلَيَّ إِلَّا أَنِّي كُنْتُ عَلِمْتُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَدْ ذَكَرَهَا، فَلَمْ أَكُنْ لِأُفْشِيَ سِرَّ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَلَوْ تَرَكَهَا قَبِلْتُهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтди: «Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У «Ўйлаб кўрай-чи», деди. Бир неча кун кутдим. Сўнг у менга учраб, «Ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди», деди.
Абу Бакр Сиддиққа учраб, «Хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман», дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда ундан Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди. Бир неча кун турганимдан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:
«Ҳафсани менга тақдим қилганингда, мен эса сенга жавоб бермаганимда, аччиғинг чиққан бўлса керак?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Мени сенга жавоб беришдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилишим мумкин эмас эди. У зот тарк қилганларида, уни қабул қилар эдим», деди Абу Бакр».
Бухорий ривоят қилган.
Бизнинг шароитимизда, одатда, совчилик йигитнинг ота-онаси ёки улар тайинлаган кишилар томонидан келинликка номзоднинг ота-онасига ёки оила аъзоларига қилинади.
Айтайлик, мазкур иш содир бўлди. Эркак томондан аёл-қиз томонга совчилик қилинди. Энди аёл-қиз тараф муносиб куёв танлаш мажбуриятида қолади. Албатта, улар ҳам бу танлашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатма ва тавсияларига амал қилсалар, жуда ҳам яхши бўлади ва бундай ўта нозик, умр савдоси бўлган ишда энг тўғри йўл тутган бўладилар.
"Бахтиёр оила" китобидан
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган Имом Мотуридий инновацион музейи экспозициясини такомиллаштириш масалаларига бағишланган илмий-ижодий гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, илмий-ижодий гуруҳ раҳбари Давронбек Махсудов, Марказ директори Комилжон Шермухамедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков,Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ҳамда гуруҳ аъзолари бевосита ва масафавий тарзда иштирок этди.
Йиғилишда музейни ташкил этиш ишларининг бугунги ҳолати, экспозиция материалларининг мазмун-моҳияти ва илмий асослари атрофлича муҳокама қилинди. Унда Туркиянинг «Outdoor Factory» компанияси вакиллари томонидан экспозициянинг жорий ҳолати ҳамда музейга жойлаштирилиши режалаштирилган материаллар тақдимоти ўтказилди.
Тадбир давомида Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди. Хусусан, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ва инновацион музейи каби йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани миллий ва диний-маънавий меросимизни дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жаҳондаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани — мамлакатимизнинг тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда намоён этиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг юксак эътирофи экани қайд этилди.
Нотиқ ўз сўзида Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий инновацион музейининг ташкил этилиши ҳам ушбу эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми эканини, бу эса буюк мутафаккирнинг илмий меросини замонавий усуллар орқали кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилишини алоҳида айтиб ўтди.
Мулоқот жараёнида экспозиция материалларини ташриф буюрувчиларга замонавий ва интерактив шаклларда тақдим этиш, музейдаги изоҳ ва ёзувларнинг илмий аниқлиги, тили ҳамда услубини такомиллаштириш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, музей экспозициясининг илмий-маърифий мазмунини янада бойитиш бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати