Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2026   |   3 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:45
Шом
17:31
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2026, 3 Шаъбон, 1447
Мақолалар

Совчилик

13.12.2024   4234   5 min.
Совчилик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

«Совчилик» дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига ёки унинг оила тарафига совчилик қилиниши ҳам мумкин.

Бу билдириш уйланмоқчи кишининг ўзи ёки унинг вакили томонидан бўлиши мумкин. Шунингдек, совчиликни никоҳи исталган шахсга ёки унинг ишбошиларидан бирига билдириш ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланганларида у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳуга совчилик қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланганларида у кишининг ўзларига совчилик қилганлар.

Фазийлатли кишиларга аёлнинг ўзи, ота-онаси ёки ишбошиларидан бири совчилик қилиши жоиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига баъзи аёллар келиб, ўзини никоҳлаб олишларини сўраганлар.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَجَاءَتْهُ امْرَأَةٌ تَعْرِضُ نَفْسَهَا عَلَيْهِ فَخَفَّضَ فِيهَا النَّظَرَ وَرَفَعَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: قَالَ أَنَسٌ: إِنَّ امْرَأَةً عَرَضَتْ نَفْسَهَا عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَضَحِكَتِ ابْنَةُ أَنَسٍ، فَقَالَتْ: مَا كَانَ أَقَلَّ حَيَاءَهَا فَقَالَ أَنَسٌ: هِيَ خَيْرٌ مِنْكِ عَرَضَتْ نَفْسَهَا عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир аёл келиб, у кишига ўзини тақдим қилди. У зот унга бошдан-оёқ назар солиб қарадилар" (Бешовлари ривоят қилганлар).

Бошқа бир ривоятда: Анас: «Бир аёл ўзини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди.

Анаснинг қизи кулиб: «Мунча ҳам ҳаёси оз экан!», деди. Шунда Анас: «У сендан яхшироқ. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини тақдим қилди», деди.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَأَيَّمَتْ حَفْصَةُ مِنْ خُنَيْسِ بْنِ حُذَافَةَ السَّهْمِيِّ، وَكَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم تُوُفِّيَ بِالْمَدِينَةِ، فَقَالَ عُمَرُ: عَرَضْتُ حَفْصَةَ عَلَى عُثْمَانَ، فَقَالَ: سَأَنْظُرُ فِي أَمْرِي، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ ثُمَّ لَقِيَنِي، فَقَالَ: قَدْ بَدَا لِي أَلَّا أَتَزَوَّجَ يَوْمِي هَذَا. فَلَقِيتُ أَبَا بَكْرٍ الصِّدِّيقَ فَقُلْتُ: إِنْ شِئْتَ زَوَّجْتُكَ حَفْصَةََ، فَصَمَتَ أَبُو بَكْرٍ، وَكُنْتُ أَوْجَدَ عَلَيهِ مِنِّي عَلَى عُثْمَانَ، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ، ثُمَّ خَطَبَهَا رَسُولُ اللهِ، فَأَنْكَحْتُهَا إِيَّاهُ، فَلَقِيَنِي أَبُو بَكْرٍ فَقَالَ: لَعَلَّكَ وَجَدْتَ عَلَيَّ حِينَ عَرَضْتَ عَلَيَّ حَفْصَةَ فَلَمْ أَرْجِعْ إِلَيْكَ شَيْئًا، قَالَ عُمَرُ: قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ أَبُو بَكْرٍ: إِنَّهُ لَمْ يَمْنَعْنِي أَنْ أَرْجِعَ إِلَيْكَ فِيمَا عَرَضْتَ عَلَيَّ إِلَّا أَنِّي كُنْتُ عَلِمْتُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَدْ ذَكَرَهَا، فَلَمْ أَكُنْ لِأُفْشِيَ سِرَّ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَلَوْ تَرَكَهَا قَبِلْتُهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтди: «Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У «Ўйлаб кўрай-чи», деди. Бир неча кун кутдим. Сўнг у менга учраб, «Ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди», деди.

Абу Бакр Сиддиққа учраб, «Хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман», дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда ундан Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди. Бир неча кун турганимдан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:

«Ҳафсани менга тақдим қилганингда, мен эса сенга жавоб бермаганимда, аччиғинг чиққан бўлса керак?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Мени сенга жавоб беришдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилишим мумкин эмас эди. У зот тарк қилганларида, уни қабул қилар эдим», деди Абу Бакр».

Бухорий ривоят қилган.

Бизнинг шароитимизда, одатда, совчилик йигитнинг ота-онаси ёки улар тайинлаган кишилар томонидан келинликка номзоднинг ота-онасига ёки оила аъзоларига қилинади.

Айтайлик, мазкур иш содир бўлди. Эркак томондан аёл-қиз томонга совчилик қилинди. Энди аёл-қиз тараф муносиб куёв танлаш мажбуриятида қолади. Албатта, улар ҳам бу танлашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатма ва тавсияларига амал қилсалар, жуда ҳам яхши бўлади ва бундай ўта нозик, умр савдоси бўлган ишда энг тўғри йўл тутган бўладилар.

"Бахтиёр оила" китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

21.01.2026   4201   1 min.
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

16 январь куни "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида таниқли диний уламо Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир бошида билим юрти талабалари томонидан тайёрланган Шайх Юсуфхон тўра Шокиров ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган "Илм ва маърифат йўлида кечган умр" мавзусидаги видео ролик намойиш этилди. Мазкур лавҳа тадбир иштирокчиларида чуқур таассурот қолдирди.

Мазкур тадбирга алломанинг ўғли, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида узоқ йиллар самарали хизмат қилган Муҳаммад Акмалхон Шокиров фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди.

Тадбирни билим юрти маънавий ва маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари А. Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг илм-маърифат ривожидаги ўрни ва диний соҳадаги фидокорона хизматларини алоҳида таъкидлади ҳамда сўзни меҳмон — Муҳаммад Акмалхон Шокировга тақдим этди.

Муҳаммад Акмалхон Шокиров ўз нутқида оталари — Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг ҳаёт йўллари, илмга бўлган муҳаббатлари ва ибратли фаолиятлари ҳақида қимматли хотиралар билан ўртоқлашди. Шунингдек, толиби илмлар учун илм олишнинг фазилати, одоб-ахлоқ ва масъулият масалаларида муҳим маслаҳатлар бердилар.

Муҳаммад Акмалхон Шокировнинг нутқидан сўнг билим юрти катта ўқитувчиси Ж. Холмўминов сўзга чиқиб, Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг илм йўлидаги машаққатли фаолияти, шунингдек, у зотнинг шогирдлари томонидан билдирилган эътирофлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Тадбир якунида Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимизда илм йўлида умрларини бағишлаб ўтган алломалар ҳаққига, шунингдек, Ватанимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишини сўраб дуо-хайрлар қилинди.

Билим юрти Матбуот хизмати

Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари