27 октябрь куни юртимизда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутатлик сайлови ўтказилди. Сайлов жараёнларини кузатиш учун бир қатор хорижий давлатлардан эскпертлар ташриф буюрди. Мазкур жараёнда Иордания мамлакати делегациясини Муфтий ҳаратлари бошчигидаги Диний идора ходимлари кутиб олиб, меҳмонларга сайлов жараёнларини кузатиш учун барча шароитларни ҳозирлаб, уларга ҳамроҳлик қилди. Шу муносабат билан Иордания делегацияси Муфтий ҳазратлари номига ташаккурнома йўллади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, фазилатли Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига
ТАШАККУРНОМА
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу
Ўзбекистон Республикасидаги парламент сайловларини кузатиш учун таклиф этилган Иордания делегацияси сифатида сизларнинг мамлакатингизга ташриф буюриш ва кўплаб давлатлардан келган делегациялар билан бирга сайловларни кузатишда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдик.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикасида барча соҳаларда ютуқларга эришилаётганининг гувоҳи бўлдик.
Бизни меҳр-муҳаббат, ҳамкорлик ва тинчликда бирлаштирган диний ва тарихий меросга асосланган, қалбларимизга азиз бўлган ҳамда юртимиз Иорданияга дўст саналган ушбу давлат билан танишиш имкониятини берганингиз учун самимий ташаккуримизни изҳор этамиз.
Шунингдек, ташриф давомида бизга кўрсатилган барча қулайликлар ҳамда делегациямизга кўрсатган самимий саховатингиз, меҳмондўстлигингиз ва алоҳида эътиборингиз учун чин қалбдан самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги жоме масжид имом-хатиби ғайратли Нурали Мавлоновга ташрифимизни енгиллаштириш ва араб тилига таржима қилишдаги ёрдамини алоҳида эътироф этмоқчимизки, унинг саъй-ҳаракатлари туфайли юртингиз ва халқингиз ҳақида яхшироқ тушунчага эга бўлдик.
Фурсатдан фойдаланиб, Тошкент халқаро аэропортига етиб келганимиздан бошлаб, эҳтиром кўрсатилган ҳолда мамлакатингиздан чиқиб кетгунга қадар бизга ҳамроҳлик қилган барча ташкилотчиларга самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Барчангизга ташаккур. Аллоҳ таоло сизларга динга хизмат қилиш йўлида муваффақиятлар ато этсин.
Барча соҳаларда ҳамкорлигимизни ривожлантиришни умид қилиб қоламиз.
Мустақил сайлов комиссияси вакили,
Иордания делегацияси раҳбари
Жиҳод ал-Мумний
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати