Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Буюк имом, зоҳид, илмда денгиз - Ҳусомиддин Ахсикатий

14.12.2024   77917   4 min.
Буюк имом, зоҳид, илмда денгиз - Ҳусомиддин Ахсикатий

Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Умар Ахсикатий Ҳанафийнинг тахаллуси Ҳисомиддин, куняси эса Абу Абдуллоҳдир. У зот Ҳанафий фақиҳи бўлиб, фаръий ва усул илмларининг имомларидан бўлганлар. Туғилган йиллари маълум эмас.

Ахсикат деб Фарғона водийсига қарашли шаҳарлардан бирига нисбатан ишлатилган. Исмлари борасида ҳам ихтилоф бор. Баъзилар Ахсийкасий деб уч нуқтали “са” ҳарфи билан номлашади. Хусусан “Мифтаҳус саъадат” ва “Ал-фавоид” соҳиблари шу ном билан асарларида зикр қилишган. Аллома Абий Муҳаммад Абдул Ҳақ Ҳаққоний роҳимаҳуллоҳ ҳам шарҳлаган китобларида шу номда зикр қилган. Яқут Ҳамавий Ахсикат деб айтиш тўғрироқ дейди. Чунки ажамий ҳарфларда араб тилидаги уч нуқтали са ҳарфи мавжуда эмас. Бу шаҳар Мовароуннаҳрда бўлиб, Шош дарёси қирғоғидаги текисликда жойлашган. Кейинги йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар Ахсикат шаҳри ҳозирги Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида, Сирдарёнинг ўнг қирғоғи бўйлаб жойлашган Ахсикент ёдгорлиги ўрнида бўлган.

Тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлиги, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Бобур туғилган Ахси эканлиги исботланган. Ҳозирда қадимги шаҳар харобаларида қазишма ишлари олиб борилмоқда. Бу қазилмалар натижасида юзлаб топилмалар, хусусан пўлат қилич ва Оятул Курсий ёзилган мис пиёла, Дамашқ қиличи топилган.

Ахсикат шаҳрида илм-фанда катта мавқега эга бўлган уламолар билан бир қаторда моҳир ҳунармандлар ҳам бўлган. Улар қаттиқ ва юмшоқ пўлатлар ишлаб чиқариш сирларини билишган. Улар тайёрлаган қиличлар Шарқда Хитой ва Жануби-ғарбда халифалик маркази бўлган Дамашқ бозорларида сотилган.

Аллома Ҳусомиддин Ахсикатий тасниф қилган асарлар қуйидагилар: “Ал-мунтаҳаб”, “Ал-Ҳусамий”, “Мифтоҳул усул”, “Ғоятут таҳқиқ”, Дақоиқул усул ва таб’йин”. “Ал-мунтаҳаб” китоби анча машҳурдир. Унга кўплаб шарҳлар ёзилган. “Кашфуз зунун” асари муаллифи китоб ҳақида шундай дейди: “Бу китоб ортиқчаликдан холи, фасллар тўлиқ баён қилинган, зиддият ва қарашлар чуқур ўрганилган. Унга ўн олтита шарҳ ёзилган”. Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий: “Бу мухтасар китоб бошқа барча китоблардан тартиби мустаҳкамлиги ва услуби тартиблиги билан устун туради”, деган.

Ҳусайн ибн Алий ибн Хажжож Сиғноқий Ҳусомиддин Ахсикатий ҳақида: “Ўз замонасининг буюк имоми, зоҳид, илмда денгиз, қунт-матонатли, масалаларнинг нозик жиҳатларини билувчи, башар муфтийси, шаръиатни намоён қилувчи ва суннатни ҳимоя қилувчи зот эди”, деган. Имом Лакнавий: “Шайх, фозил, усул ва фуруъда имом эди”, деб у зотни таърифлаган.

Мовароуннахрда илм-фан юксак тараққиётга кўтарилган бир даврда яшаган Хусомиддин ал-Аҳсикатий ҳанафий фиқҳи машҳур уламоси бўлиб, ўзининг бир қанча асарлари билан усул уламолари орасида машҳурдир.

Аллома мужтаҳидларнинг учинчи табақаси, яъни мазҳабдаги таржиҳ соҳиблари тоифасига кирадиган уламолардан ҳисобланади. Унинг ушбу табақадан деб танлаб олиниши эса олимнинг улкан ақлий қувват, юксак иқтидор, илмий салоҳият ва маърифатпарвар фикрга эга эканлигини кўрсатади.

Алломанинг "ал-Мунтахаб фи усул ал-Ҳанафия" асари ҳам муҳим ўринга эга. У “Мунтахаб ал-Ҳусомий” деб ҳам юритилади. Аҳсикатий илмларни эгаллаган маърифатли инсон, усул олими, фақиҳ ва мутакаллим бўлган.

Бугунги кунда аллома қаламига мансуб асарлардан иккитаси, жумладан, “Таҳқиқ ал-Ҳусомий” ва “Мухтасар ал-Ҳусомий” Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалари хазинасида асарнинг қўлёзма нусхалари №2674, №4944/10, №9839611, №9885712, 10718Л тартиб рақамлари остида сақланади.

Бундан ташқари, асарнинг қўлёзмалари “Мухтасар ал-Ҳусомий” турли Ғарб ва Шарқ мамлакатларидаги фондларда ҳам мавжуд. Алломанинг бизгача етиб келган асарлари ичида Ислом ҳуқуқшунослигининг манбалари ҳақидаги фан бўлмиш усул ал-фиқҳга оид “Мунтахаб ал-Ҳусомий” айрим ҳолатларда “Мухтасар ал-Ҳусомий” деб ҳам айтилган. Шу номли асари жуда машҳур ҳисобланади.

Имом Абу Абдуллоҳ Ахсикатий ҳижрий 644 йилнинг Зулқаъда ойи 22 санасида, душанба куни, милодий 1247 йилнинг 1 апрель куни вафот этган. Қабри Бухорода бўлиб, Етти Қози қабристонидаги Қозихон Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абдий яқинига дафн қилинган.


Фойдаланган манбалар ва aдабиётлар:

١. كتاب الوافي في أصول الفقه. الجزء الأول.   م ١٩٩٧.ص ١٩-٢٠

2. Нишонова Д. Хусомиддин ал-Ахсикатий илмий мероси. Узбекистон халкаро ислом академияси. Ислом тафаккури. 2020 йил. Махсус сон.
3. https://yuz.uz/uz/news/axsikent-qilichbozligi-tarixi-uzoq-tarixga-borib-taqaladi.

Ҳасанбой Воҳидов,
Тошкент ислом институти талабаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   27535   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари