Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эҳромдаги одам шаҳвоний иш, фисқ ва жанжал ҳамда қуруқлик ов ҳайвонларини ўлдиришдан, уларни овчига ишора ила кўрсатишдан ва йўллаб қўйишдан, хушбуй нарса истеъмол қилишдан, тирнок олишдан, юз ва бошни тўсишдан, боши ва соқолини хитмий ила ювишдан, соқолни қисқартиришдан, соч ва бадандаги тукларни олдиришдан, тикилган нарса, салла ва хушбўй нарса ила бўялган кийим кийишдан сақланиши шарт. Аммо мазкур хушбўй нарсани ювиб ташлаб, изор ёки ридо қилса бўлади.
Худди намозни ният қилиб такбири таҳрима айтган кишига намоздан бошқа нарса ҳаром бўлгани каби эҳром боғлаб, ҳаж ёки умрани ният қилган одам учун ҳам маълум нарсаларни қилиш ҳаром бўлиб қолади. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Шаҳвоний иш.
Аёлига яқинлик қилиш ва шу ишга олиб борувчи амаллар. Яъни ўпиш, қучоқлаш, шунга тааллуқли гапларни гапириш.
2. Фисқ.
Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиш, гуноҳ ишларни қилиш.
3. Жанжал.
Шериклар, ходимлар ва бошқалар билан талашиб-тортишиш, жанжаллашиш ва шунга оид ишлар...
“Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир”, деган оятига биноан ман этилгандир (Бақара сураси, 197-оят).
4. Қуруқлик ов ҳайвонларини ўлдириш, уларни овчига ишора ила кўрсатиш ва йўллаб қўйиш.
Аллоҳ таоло: “Денгиз ови ва унинг таоми сиз ва йўловчилар баҳраманд бўлишингиз учун сизга ҳалол қилинди. Модомики, эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг”, деган (Моида сураси, 96-оят).
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Улар юришлардан бирида эдилар. Баъзилари эҳром боғлаган, баъзилари эҳром боғламаган эдилар. Бир ёввойи эшакни (қулонни) кўрдим. Отимни миниб, найзамни қўлимга олдим. Улардан ёрдам сўраган эдим, ёрдам беришдан бош тортдилар. Улардан бирининг қамчисини суғуриб олдим-да, эшакнинг устига бостириб бориб уни овладим. Улар ундан едилар ва қилганларидан қўрқдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у ҳақда сўралди. Шунда у зот: “Сизлардан бирортангиз унга ҳамла қилишни буюрдими ёки ишора қилдими?” дедилар. “Йўқ”, дейишди. «Унда қолган гўштни ҳам тановул қилаверинглар», дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилишган).
5. Хушбўй нарса истеъмол қилиш.
Шунингдек, мой суртиш, ҳина қўйиш, хушбўй совунлардан фойдаланиш, райҳон ва меваларни ҳидлаш ҳам ман қилинган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳожи қандан одам?» деди. «Сочи тўзиган, хушбўй ишлатмаган», дедилар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган).
6. Тирноқ олиш.
Аллоҳ таоло: “Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар...” деган (Ҳаж сураси, 29-оят).
Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади.
«...ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу.
7. Юз ва бошни тўсиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Отлиқлар бизнинг олдимиздан ўтарди. Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳромда эдик. Қачон улар тўғримизга келганларида биримиз жилбобини бошидан юзига тушириб оларди. Улар биздан ўтиб кетганларида уни очардик” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эди. Бирдан туяси уни эҳромдалик ҳолида йиқитиб, бўйнини синдириб қўйди. У ўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни сув ва сидр билан ювинглар ва икки эн кийимга кафанланглар. Унга хушбўй суртманглар ва бошини ёпманглар. Чунки у қиёмат куни талбия айтган ҳолида тирилтирилади”, дедилар (Икки шайх ривоят қилишган).
8. Боши ва соқолини хитмий билан ювиш.
“Хитмий” наботот бўлиб, у бош ва соқолни ювишда ишлатилган. У билан соч ёки соқол ювилса, улардаги жонзотларни ўлдирган. Шунинг учун эҳромдаги одам хитмий ила бошини ювиши ман қилинган. Лекин эҳромдаги одам хушбўй бўлмаган совун ва шунга ўхшаш жонзотларни ўлдирмайдиган нарсалар билан бошини ёки соқолини ювиши жоиз.
9. Соқолни қисқартириш ва соч олдириш.
Аллоҳ таоло: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлган ҳадий (вожиб). Ҳадий ўз жойига етмагунча, сочингизни олдирманг”, деган (Бақара сураси, 196-оят).
Соқолни қисқартириш ёки сочни қисқартириш ҳам шу ҳукмга киради.
10. Тикилган нарса, салла ва хушбўй нарса ила бўялган кийим кийиш.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули! Эҳромдаги киши қайси кийимларни кияди?” деди.
“Куйлаклар, саллалар, шалворлар, кулоҳлар, маҳсиларни киймайди. Илло, биров кийгани шиппак топмаса, маҳси кийиб, ошиғидан пастидан кесиб олсин. Заъфарон ва варс теккан кийимларни кийманглар”, дедилар (Бешовлари ривоят қилишган).
Умуман олганда, эркак киши эҳромга кирганда тикилган нарса кийиши мутлақо мумкин эмас.
Заъфарон – сариқ рангли ўсимлик бўлиб, у кўпроқ хушбўй нарса сифатида кийимларга суртилган. “Варс” ҳам Яманда ўсадиган сарғиш қизил ўсимлик бўлиб, хушбўй нарса сифатида ишлатилган. Ҳаж ва умра қилувчи шахс эҳром кийимига бу икки нарсани суртиши мумкин эмас.
Эҳромдаги эркак кишининг оёқларининг ошиғи ва уст қисми очиқ бўлиши лозим. Шунинг учун шиппаги йўқ одам маҳси кийишга мажбур бўлса, унинг ошиғидан устини кесиб ташлаши тайинланмоқда.
Зоҳирийларнииг ушбу мисолларда келтирилганга ўхшаш ғаройиб гаплари ва ҳукмлари жуда кўпайиб кетганидан кейин, уламолар ва барча мусулмонлар орасида улар ҳақида турли фикрлар тарқалган. Кейин бундай гап-сўзларга барҳам бериш ниятида зоҳирийлар ҳақида хулоса чиқариб, кўпчиликка етказиш зарурати туғилган. Қуйида ана шу хулосалардан баъзиларини келтирамиз:
Имом Заҳабий уламоларнинг зоҳирийларга муносабати ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Довуд ва унга эргашганларнинг гапини ҳисобга олиш ҳақида уламоларнинг икки хил қавли бор:
1. Уларнинг хилофини эътиборга оладиганларнинг қавли:
«Уларнинг хилофини эътиборга олишимиз уларнинг ҳилофлари ҳужжат бўлгани учун эмас, ҳикоя қилиш учундир. Ҳилофларининг баъзиси дуруст, баъзиси кучли ва баъзиси арзимасдир. Уларнинг ўзларига хос ҳилофлари зонний ижмоъга хилоф қилиш туридандир».
2. Уларнинг хилофини эътиборга олмайдиганларнинг қавли: “Улар авом жумласидандир ёки фиқҳнинг фуруъсида шийъалар кабидир. Уларнинг гапларига эътибор бермаймиз. Уларга хилоф қилиб ҳам ўтирмаймиз. Китобларига аҳамият бермаймиз. Фатво сўраб юрган одамларга уларга мурожаат қилишни маслаҳат бермаймиз. Икки оёққа масҳ тортиш каби ботиллиги аниқ масалаларни ошкор қилсалар, таъзирини ва адабини берамиз ҳамда оёқларини ювишга мажбур қиламиз”.
Абу Исҳоқ Исфароийний айтади: “Жумҳурнинг гапига биноан, улар, яъни қиёсни инкор қилувчилар ижтиҳод даражасига етмайдилар ва уларни қозиликка тайин қилиш жоиз эмас”.
Абу Мансур Бағдодий Абу Али ибн Абу Ҳурайрадан ва бир гуруҳ шофеъийлардан нақл қилади: “Довуд ва бошқа у каби қиёсни инкор қилувчиларнинг хилофининг эътибори йўқ”.
Имомул Ҳарамайни Абул Маъолий айтади: «Аҳли таҳқиқнинг қарори бўйича, албатта, қиёсни инкор қилувчилар умматнинг уламоларидан ҳам, шариатнинг ҳомилларидан ҳам ҳисобланмайдилар...».
Бунга ўхшаш гапларни жуда кўп келтириш мумкин. Лекин асосий мақсад зоҳирийларнииг айбини ахтариш эмас, балки Қуръони Карим, Суннати Набавия ва диний матнларни англашда ҳамда улардан ҳукм чиқаришда нотўғри йўл тутиш ва матнларнинг фақат сиртига эътибор беришга маҳкам ёпишиб олиш қандай ноқулай оқибатларга олиб келишини англаб олишдир. Шунинг учун ҳам зоҳирий мазҳаби мўмин-мусулмон умматининг эътирофини қозона олмади. Бу мазҳаб Аҳли сунна вал жамоа ақийдасидаги тўрт мўътараф фиқҳий мазҳаб каби мусулмонлар оммасининг эъзозига мушарраф бўлмади. Балки бир муддатдан кейин инқирозга учради. Аммо зоҳирий мазҳабининг ўзи йўқ бўлиб кетган бўлса ҳам, турли сабабларга кўра, унинг фикрларидаи баъзилари ҳар замонда бош кўтариб туради.
Кейинги мавзулар:
Янги Зоҳирийлар;
Намоздан кейин жамоат билан дуо қилиш.
Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.
Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.
Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.
Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.
Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).
Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.
Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.
Илёсхон АҲМЕДОВ