Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Ноябр, 2026   |   24 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:37
Қуёш
06:58
Пешин
12:12
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:33
Bismillah
04 Ноябр, 2026, 24 Жумадул аввал, 1448

Уҳуд тоғи

16.12.2024   7634   2 min.
Уҳуд тоғи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Зиёратчи Уҳуд тоғи ва Уҳуд шаҳидлари қабристонини зиёрат қилиши мустаҳаб ҳисобланади. Уҳуд шаҳидлари қабристони кичик қабристон бўлиб, у ерда Ҳамза розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларнинг қабрлари бор.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъ ва Уҳуд шаҳидлари ётган қабристонни тез-тез зиёрат қилиб турардилар.
Бу қабристонда қилинадиган амаллар тартиби Бақиъ қабристонидаги кабидир. Уҳуд тоғи фазилатига келсак, бу борада бир қанча ҳадислар мавжуд.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғига қараб: “Дарҳақиқат, Уҳуд бизни, биз уни яхши кўрадиган тоғдир”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғини яхши кўрардилар. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғида юрганларида унинг шавқи келиб қимирлади. Шунда ул зот оёқлари билан тоғни тепиб: “Сокин бўл, эй Уҳуд!” дедилар», дейилган.

Суҳайлийнинг ривоятида айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли фаъл (яхшиликка йўйиб қўйиш) ва чиройли исмларни яхши кўрар эдилар. “Аҳадийя” калимасидан ясалган исм (Уҳуд)дан чиройли исм йўқ. “Уҳуд” сўзидаги ҳаракатлар (ҳарфнинг ости ва устига қўйиладиган белгилар) рафъдир. Рафъ (биздаги “у” ҳарфига тўғри келади) сўзи кўтариш, юксалтириш маъноларини англатади. Шу лафздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳаднинг дини қадри баланд кўтарилиши, олийликка юксалишини ҳис қилардилар. Шунинг учун унга бўлган муҳаббатлари ҳам сўзда, ҳам маънода боғланган эди.


Демак, биз ҳам юқорида айтилганлардан ўзимизга керакли хулосалар чиқариб, қўлдан келганча ҳаётимизга татбиқ этиб боришимиз лозим. Биз ҳам ҳар доим азиз инсонлар ва қадрли нарсаларни яхши кўришимиз даркор. Бу борада суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга ўрнак – намунадирлар.

“Умра – улуғ амал” китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Ўмон Султонлигига амалий ташрифини бошлади

04.11.2026   598   4 min.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Ўмон Султонлигига амалий ташрифини бошлади

Маскат, 2026 йил 3 ноябрь. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Ўмон Султонлигига амалий ташрифини бошлади. Ташрифда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, Марказ Илмий кенгаши аъзолари — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Шорустам Шомансуров иштирок этмоқда.

Ташриф доирасида делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди, хабар бермоқда iccu.uz..

Учрашувда Ўмон томони бошқарманинг асосий фаолият йўналишлари, тарихий ҳужжатларни реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштиришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳамда илғор тажрибалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, муассасанинг илмий нашрлари ва китоб тўпламлари тақдим этилди. Делегация аъзоларига бошқарма фаолияти ва унинг муҳим лойиҳаларига бағишланган видеоматериал ҳам намойиш қилинди.

Музокаралар давомида илмий ва маданий-тарихий ҳамкорликни ривожлантириш, архившунослик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳужжатли меросни асраб-авайлаш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.

Мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларга бағишланган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси бўлди.

Доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний икки халқнинг тарихий муштарак жиҳатлари, турмуш тарзи, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ҳамда тарихий нумизматика соҳасидаги алоқаларини чуқур тадқиқ этиш таклифини илгари сурди.

Ҳамкорлик истиқболларига тўхталар экан, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний қуйидагиларни таъкидлади:

«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақанинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш учун катта имкониятлар яратмоқда. Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тараққиёти, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг кўламли маърифий ташаббусларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз. Давлат раҳбарининг эзгу мақсад ва режалари рўёбга чиқишини тилаймиз. Ишонамизки, Ислом цивилизацияси маркази билан Ўмон муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янги илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарихий манбалар алмашиш ва қўшма кўргазма лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади».

Ўз навбатида, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муассаса фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг уч йиллик дастурини ишлаб чиқишга киришдик. Ушбу дастурнинг асосий йўналишларидан бири халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий муассасалар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Ишончим комилки, Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг, айниқса, тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмалар билан ишлаш борасидаги тажрибаси ушбу дастур доирасида муҳим аҳамият касб этади ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади», — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Ташриф дастури Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан танишиш орқали давом этди. Делегация аъзолари тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва сақлашга ихтисослашган бўлимларда бўлиб, архив материалларини муҳофаза этишнинг замонавий усуллари, махсус ускуналар ва технологик жараёнлар билан танишдилар.

Айниқса, тарихий ҳужжатларга зарар етказиши мумкин бўлган замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши ишлов беришга ихтисослашган бўлим фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар архив материалларини биологик омиллар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича қўлланилаётган амалий усуллар ва махсус жиҳозларни намойиш этдилар.

Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг етакчи мутахассиси Фаҳд бин Муборак ал-Дамдамий тажриба алмашиш ва соҳавий кадрларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади:

«Ушбу соҳадаги 16 йиллик фаолиятим давомида архив меросини сақлашда замонавий лаборатория технологиялари ва мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги нақадар муҳим эканига амин бўлдим. Бизда зарур ускуналар ва тажрибали мутахассислар жамоаси мавжуд. Шу боис ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишга ва уларни иш жараёнида қўлланилаётган усуллар билан таништиришга тайёрмиз».

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Ўмон Султонлигига амалий ташрифи давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари