Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло мўминларга қарата бундай хитоб қилади: “Эй иймон келтирганлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган нопок ишдир. Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар! Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси, 90-91-оятлар).
Мазкур икки оятда хамр – маст қилувчи ичимликларнинг ҳамма тури ҳаром экани ва мўмин-мусулмон банда ундан ўзини эҳтиётлаб юрмоғи лозимлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Бу ерда, шунингдек, қимор (нарда, карта ва шу каби ўйинлар) ўйнаш, бут-санамларга ибодат қилиш, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилиб, ғайбий нарсаларни билишга уриниш ҳам лаънати шайтонга хос бўлган ишлардан экани, кимки бу ишларни қилса, вақтида шу ишидан қайтиб, тавба қилмаса, шайтон амалини қилиб, оқибати аянчли бўлиши таъкидланмоқда.
Мазкур оятларни яхшилаб тушиниб олиш учун уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.
Ушбу оятда ҳаром қилинган нарсалардан тўрттаси зикр қилинмоқда. Уларнинг биринчиси “хамр”дир.
“Қимор” ўйини оятнинг асл арабий матнида “майсир” сўзи билан ифодаланган. “Қимор” сўзи асли арабча бўлса ҳам, бу ерда унинг муродифи (синоними) ишлатилмоқда. “Майсир” сўзи “енгиллик, осонлик” маъноларини англатади. Чунки қиморда кимдир ҳеч бир қийинчиликсиз катта миқдордаги пулни ютиб олади ва шу йўл билан бойиб кетади.
“Тиклаб қўйилган бутлар” жоҳилият даврида мушриклар ибодат қилиб, ўз жонлиқларини сўядиган бут-санамлардан иборатдир. Аллоҳ таоло бу ерда иймон келтирганларни ўша ширк амалдан қайтармоқда.
“Чўплар (билан фолбинлик қилиш)”. Аллоҳ таоло Моида сурасининг аввалида “... чўплар билан қисматингизни билишга уринишингизни ҳаром қилди” (3-оят) деган.
Чўплар билан фол очиш жоҳилият даври арабларига хос одатлардан эди. Уларнинг бирига: “Қил”, иккинчисига: “Қилма”, учинчисига ҳеч нарса ёзилмасди. Агар улар турмуш қурмоқчи, сафарга чиқмоқчи ёки бирон муҳимроқ ишни бошламоқчи бўлсалар, шу йўл билан ўз “бахт”ларини синаб кўриб, фол очишарди. Агар уларга биринчи ёзув, яъни “қил” деган ёзув чиқса, улар ўша ишни кучли азму-қарор билан амалга оширар, агар иккинчиси чиқса, уни бутунлай тарк қилар, учинчиси чиқса, фол очишни қайтадан амалга оширар эдилар. Бу нарса ғайб илмини билишга бўлган уриниш ва коҳинлик ишларидан саналгани боис Аллоҳ таоло бундан амаллардан бандаларини қатъий қайтарган.
Аллоҳ таоло бу оятларда хамр, қимор, бут-санамларга ибодат қилиш ва фолбинлик билан шуғулланишни жамлаб зикр қилмоқда. Зеро, улар зарар жиҳатидан бир-бирига яқиндир. Яъни, хамр ва қимор, бут-санамларга топиниш ва фолбинлик, ҳам ҳаромлик жиҳатидан, ҳам гуноҳ жиҳатидан бир-бирига тенгдир. Буларнинг барчаси жоҳилият даври ишларидандир.
“Эй иймон келтирганлар...” Бу ердаги нидо барча мўминларга тегишлидир. Ояти каримада ҳаммага эмас, балки фақат иймон келтирганларга хитоб қилинаяпти, чунки Аллоҳга иймони бўлмаган одам У Зотнинг амр ва қайтариқларига ҳам қулоқ тутмайди.
Яъни: Аллоҳ таолога ҳақиқий ва йақийн иймон келтирган эй мўминлар, албатта ақлни тўсиб, кишини тўғри фикр юритишдан тўсувчи хамрни истеъмол қилиш ва у билан боғлиқ бошқа ҳолатлар, тасодифга асосланган қимор ўйини ва у орқали пул топиш, қурбонлик ва ибодат қилиш учун тиклаб қўйилган бутларга сиғиниш ҳамда киши келажагини билишга қаратилган фол чўплари билан фол кўриш “шайтон амалидан бўлган нопок ишдир”. Бу юқорида санаб ўтилган тўрт нарсанинг сифатидир.
Яъни: мана шу нарсалар, уларни истеъмол қилиш ва шуғулланиш нопок ва ҳаром ишлардандир. Уларни тўғри фикр ва соғлом алқ эгалари қабул қилмайди, балки инкор этади. Зеро, бу ишларни инсонга шайтон зийнатлаб, чиройли қилиб кўрсатади. Зеро, шайтоннинг ўзи нопокдир, нопок эса фақат нопокликка чақиради. Айни пайтда шайтон инсоннинг ашаддий душмани бўлиб, у одам боласига ёмонликдан бошқа нарсани раво кўрмайди.
Бу ишлар шайтонга нисбат берилишидан уларнинг ўта қабиҳ ва манфур ишлардан эканини билиб оламиз.
“Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар!”. Бу ердаги “ундан” олмоши “нопок иш”га, нопок ишлар сирасига кирувчи тўрт иллат – хамр, қимор, тиклаб қўйилган бутлар ва фолбинлик қилиш чўпларига тегишлирдир. Оятда “ундан” деб бирлик шаклда айтилишига сабаб шуки, хамр, қимор, бут-санамларга сиғиниш ва фолбинлик қилиш – буларнинг ҳаммаси “нопок иш” деб жамланмоқда ва сўнгра ўша нопок ишдан узоқ бўлишга чақирилмоқда.
Яъни: ваҳоланки, мана шу тўрт нарса соғлом ақл тасдиқламайдиган нопок ва нажас нарсалар сирасига кирар экан, бас, эй мўминлар, дунё ва Охиратда нажот топишингиз учун уларни тарк қилинг, яқинига ҳам йўламанг! Мен сизларни бу разил ишларни нафақат тарк этишга, балки ундан узоқ юришингизга амр қиламан!
Шундан сўнг Аллоҳ таоло хамр ва қиморнинг дунёвий ва ухровий зарарларини баён қилади:
“Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”.
Яъни: шайтон мана шу мункар ишларни сизларга зийнатлаб кўрсатиш билан ўрталарингизда бўлиб турган муносабатларга раҳна солиш, ораларингизга ҳасад, нафрат ва адоват уруғларини сочишни хоҳлайди.
Буларнинг барчаси хамр ва қимор сабабидан юзага келади. Агар ароқхўрлар маст бўлиб олсалар, ақл-хушни йўқотиб, ҳидоятдан маҳрум бўладилар, яхшини ёмондан, ёмонни яхшидан ажрата олмай қоладилар, душманни дўст тутиб, ҳатто ўзларининг яқин дўстларини ҳам душман санай бошлайдилар, бир-бирлари билан жанжаллашиб, жиққа-мушт бўладилар. Мана шу нарсалар одамлар орасида нафрат ва адоват оловини ёқади ва натижада кишилар ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади. Буни Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Қимор ҳам худди шундай. Қиморда фақат бир томон ютади, иккинчи томон бор бутидан, мол-мулкидан ажрайди. Ютқазган одам бунга бепарво қараб турмайди, энди у ютган одамга бор кучи билан адоват қила бошлайди. Чунки инсон табиатан мол-дунёга ҳарисманд бўлиб, кўз ўнгида бир зумда мол-мулкидан маҳрум бўлган одам уни қайтаришга, жуда бўлмаганда ўша рақибига бирон зулм қилишга, азият етказишга ҳаракат қилади. У, аввало, қалбида унга бўлган кучли адоват ва қасос олиш режасини тугиб қўяди, куни келиб уни амалга оширади. Натижада талон-тарожлик, қотиллик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилади.
Шундай қилиб, хамр ва қимор одамлар орасидаги муносабатларга раҳна солиб, ўзаро алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади. Бу хамр ва қиморнинг дунёвий зарарлари эди. Ояти карима давомида у иккисининг ухровий зарарлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилади:
“... ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”.
Яъни: шайтон сизлар хамр ичиш ва қимор ўйнаш билан шуғулланишингиз туфайли Аллоҳнинг зикридан, У Зотга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилиш ҳамда Диннинг энг асосий устунларидан бўлган намозни бекаму-кўст адо этишдан тўсади, машғул қилиб қўяди.
Ароқхўр маст бўлиши билан ақлини йўқотади. Ақл кетганидан кейин эса банда Аллоҳга итоат этиш, У Зот буюрган амалларни, хусусан намозни бажаришга қодир бўлмайди. Бу ҳақиқат ҳали хамр буткул ҳаром қилинмасидан аввал ўз тасдиғини топган. Абдураҳмон ибн Авф исмли саҳобийнинг уйига саҳобалар йиғилишиб, у ерда таом истеъмол қиладилар ва хамр ичадилар. Шом намози вақти кирганида, улардан бири имомликка ўтиб, қироатида хатоликка йўл қўяди. Мана шунинг ўзи хамр бандани намоздан тўсишига яққол мисолдир!
Тўғри, банда ҳам намоз ўқиб, ҳам ароқ истеъмол қилиши ва шу каби ҳолатлар кузатилади. Лекин бунда у намозни талаб этилган даражада – хушуъ-хузуъ билан тўлиқ адо этолмайди. Қолаверса, ҳадисларнинг бирида бир марта хамр истеъмол қилган одамнинг қирқ кунлик намози қабул бўлмаслиги айтилган. Балки оятдаги “намоздан тўсади” дегани “намознинг қабул қилинмаслиги”ни англатар. Валлоҳу Аълам!
Қимор ўйнайдиган одам шу йўл билан пул топиш ҳалол деб билади. Бундай кишида соф иймон ҳаловати ва соғлом ақл бўлмайди. Натижада у Аллоҳ буюрган ибодатларни бажариш у ёқда турсин, улар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Алусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шайтоннинг хамр туфайли бандани Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишига сабаб шуки, ароқхўрда мастлик ва “қувонч” пайдо бўлади, у жисмоний лаззатларга ғарқ бўлади. Бундай ҳолда у ўз-ўзидан ибодатдан четда бўлади. Қимор ўйнайдиган одам агар ютса, қалби қувончга тўлиб, ғалаба ва мол-дунёга бўлган муҳаббати уни ибодатдан тўсади. Агар мағлуб бўлса, умидсизликка учраб, ғам-ташвиш ичида қолади ва у энди фақат ва фақат ўз душмани устидан ютиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатда унинг хаёлига ибодат қилиш келармиди?!”.
“Энди тўхтарсизлар!” Бу хамр, қимор ва шу каби ҳаром ишларнинг дунёвий ва ухровий зарарлари баён қилингач ҳам уларни истеъмол қилишда давом этадиганлар учун қаттиқ маломат ва тергов маъносида айтилмоқда.
Яъни: бу ҳаром ишлардан тезда тўхтанглар! Зеро, Мен сизларга уларнинг зарарларини баён қилдим. Сизлар хамр ичишдан тўхтайсизларми, йўқми?!
Бақара сурасида хамр ҳақидаги оят нозил бўлгач, ундан сўнг Нисо сурасидаги намоз пайтида маст ҳолда намозга яқинлашмаслик тўғрисидаги амрлардан сўнг ҳам мусулмонлар тараддудда, иккиланишда эдилар. Улар хамрни бутунлай ташлаб юбормадилар. Баъзилар ташласалар, баъзилари намоздан бошқа пайтларда ичар эдилар. Бу оятда эса мусулмонларга қаттиқ оҳангда нидо қилиниб, уларни хамр ичишдан бутунлай, батамом тўхташга чақирилмоқда.
Тиббиёт соҳаси ривожлангани сари хамрнинг сиҳат-саломатликка ўта зарарли экани маълум бўлмоқда. Аввало, хамр мия ҳужайраларига катта зиён етказади, унинг иш фаолиятини сусайтириб, миянинг чарчашини тезлатади. Шунингдек, хамр ичиш натижасида мияга қон қуйилади ва бу эса катта миқдорда мия ҳужайраларининг ҳалок бўлишига олиб келади.
Хамр ичиш натижасида жигар ҳужайралари нобуд бўлади. Натижада жигарда чандиқлар пайдо бўлади. Жигарга тўхтовсиз равишда оқиб келаётган ва жигарда қайта ишланиб юракка борадиган вена қонлари бу чандиқлардан ўта олмай тўплана бошлайди. Бу тўпланиш бошида жигарнинг катталашуви ва унда оғриқлар пайдо бўлиши билан аниқланади. Сўнгра жигар кичрая боради. Жигардан қон ўта олмагани сабабли оёқ, қўл, қорин ва юзларда ишишлар пайдо бўла бошлайди. Охир-оқибат бу нарса беморнинг аянчли суратда ҳалок бўлишига сабаб бўлади.
Хамр насл ва зурриётга катта зарар етказиши ҳам олимлар томонидан исботланган. Ичкиликка ружуъ қўйган эркакларнинг жинсиз без ҳужайралари маст қилувчи ичимликлар таъсирида нимжон, кам ҳаракатли, яроқсиз бўлиб, улар орасида тўлиқ етилмаганлари ҳам кўп бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, бундай уруғлар оталантиришга қодир бўлмайди. Натижада бепуштлик касали вужудга келади. Хамр истеъмол қилувчи аёлларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Илмий текширувлар шуни кўрсатадики, хамр истеъмол қилувчи оналарнинг биронтасидан ҳам соғлом бола туғилмаган, аксинча улардан маънавий бузуқ, маишатга ўч ва шаҳватпараст, қотилликлар содир этувчи, зеҳни паст, руҳий хаста ва бепушт болалар дунёга келади. Бу ҳам хамрнинг зурриётга нақадар хавфли эканини англатади.
Шунингдек, хамр истеъмол қилиш бир қатор оғир руҳий хасталикларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Қиморнинг зарарлари ҳақида гапирадиган бўлсак, шуни айтиш мумкинки, қиморда бошқаларнинг молини ботил-ҳаром йўл билан ейиш бор. Бу нарса эса оқибатда қимор ўйнагувчиларни ўғрилик, талончилик, мол-дунёни зое қилиш, оилалардаги нотинчликка олиб борувчи ҳатти-ҳаракатлар, зимдан бировларга адоватда бўлиш ва яна кўплаб қабиҳ жиноятлар, разолат ишларга ундайди.
Ақлни кетказадиган хамрда ҳам, мол-дунёси гаровга қўйилиб, бир зумда камбағалликка учраб қолиш хавфи бўлган қиморда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ. Бу иккисининг озроқ манфаати улар келтирадиган беҳисоб зарарлар томонидан ювиб юборилади.
Ривоят қилинишича, Аъмаш исмли киши Исломни қабул қилиш учун Мадинага қараб кетаётганида, йўлда унга баъзи мушриклар йўлиқиб: “Қаерга кетаяпсан?” деб сўрашади. У эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кетаётганини айтади. Шунда улар: “Унинг олдига бориб нима қиласан? У сени намоз ўқишга буюради”, дейишди. “Парвардигорга хизмат қилиш вожибдир”, деди у. Шунда улар: “У сенга мол-дунёйингни камбағалларга беришга амр қилади”, дейишди. У: “Албатта яхшилик қилиш лозим”, деди. Шунда унга: “У сени зинодан қайтаради”, дейилди. Аъмаш бўлса: “Албатта зино фаҳш ишдир, устига-устак мен қариб қолган бўлсам, унга ҳожатим йўқ”, деди. Шундан сўнг унга: “У сени хамр ичишдан қатаради”, дейилди. У бўлса: “Бунисига чидолмайман”, деди ва ортига қайтди. Аъмаш ўзича: “Бир йил тўйиб хамр ичаман, Муҳаммаднинг олдига кейин бораман”, деди. Аммо у ният қилган манзилига етиб боролмади – туядан йиқилиб, елкаси синди ва тўсатдан вафот этди (“Баҳрул-ъулум”, 1-жузъ, 183-бет).
“Ҳар бир хамр ҳаромдир” дегани маст қилувчи ичимлик ёки таомларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади.
Аллоҳ маст қилувчи ичимликларни нима сабабдан ҳаром қилди? У Зот бизларнинг ичмай юришимизга муҳтожми? Йўқ, асло ундай эмас. Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган меҳрибонлиги шу қадар юксакки, У бандаларига зарари бўлган ҳар қандай нарсани ҳаром қилган, бу нарсалардан ва уларни истеъмол қилишдан қайтарган. Лекин бунинг асл ҳақиқатини яхши тушунмаганлар хамр ва шу каби нопок нарсаларнинг ҳаром қилинишини худди ўзларига қилинган зулм деб қабул қиладилар. Гўё уларнинг назарида хамрнинг ҳаром қилиниши бандаларни неъматдан чеклаб қўйиш саналармиш. Бироқ бу тор фикрлаш ва қисқа ўйлашдан бошқа нарса эмас.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Ҳар бир маст қилувчи нарса хамр саналиши.
2. Хамрнинг ҳар қандай тури ҳаром экани.
3. Мўмин-мусулмон одам ҳаром нарсалардан узоқ юриши лозимлиги.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розийаллоҳу анҳу айтади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Албатта Рoббим менга (ва менининг умматимга) хамрни, қиморни, “мизр”ни, “кувба”ни ва “қиннийн”ни ҳаром қилди”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
“Мизр” арпа, бўғдой ва жўхоридан тайёрланадиган хамр тури экани юқорида айтиб ўтилди.
“Кувба” сўзига турлича таъриф берилган. Ал-Хаттобий “Маолим”да: “Кувба дўмбира маъносини англатади”, деб айтган. Баъзилар уни нарда деб тушунтиришган. Умумий тарзда оладиган бўлсак, барча чолғу асбоблари, шу қаторда уд ва кишини ибодатдан чалғитувчи, бекорчи нарсалар “кувба” сирасига киради. Суфён айтади: “Мен Али ибн Базиймадан “кувба” ҳақида сўрадим. У: “Кувба дўмбирадир”, деб жавоб берди” (Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).
“Қиннийн” сўзига ҳам уламолар томонидан турли хил таърифлар берилган. Ибн Қутайба: “Қиннийн румликлар қимор ўйнайдиган восита”, деган. Баъзилар эса: “Қиннийн ҳабашларнинг тамбуридир”, дейишган (Ибн Манзур, “Лисанул ароб”, 5 жузъ, 3759-бет).
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларнинг энг аввалида хамр туриши.
2. Хамрдан ташқари қимор, ҳар хил лағв ва чалғитувчи нарсаларнинг ҳаром экани.
Муовия розийаллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳар бир мўмин (эркак ва аёл)га ҳаромдир” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Мазкур ҳадисда хамр мўмин киши учун ҳаром экани таъкидланмоқда. Чунки фақат мўмин кишигина бунга ишонади ва иймон келтиради. Хамрнинг ҳаром эканини билиш учун кишидан иймон ва Ислом талаб этилади. Кофир, мушрик ёки мунофиқлар эса, хамрнинг ҳаромлигига иймон келтирмайдилар ва бу ишдан қайтмайдилар.
Ҳар биримиз яхшилаб билиб олмоғимиз лозимки, хамр ва уни истеъмол қилиш, шак-шубҳасиз, ҳаромдир. Мўмин одам хамрнинг ҳаромлигига иймон келтириши ва уни истеъмол қилишдан узоқ юриши лозим. Агар кимки хамр (масалан, ароқ)ни ҳаром эмас ёки унинг ўзи ҳаром эмас, фақат кайфи ҳаром деса, иймондан чиқиб, кофир бўлади. Ким ўзини бу ҳаром ичимликлардан сақлаб юрса, маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилмаса, улуғ ажр-савобга эга бўлади.
Биз мўминлар хамр ва шу каби ҳаром нарсалардан нафсимиз хоҳламагани ёки соғлиғимиз учун зарарли бўлгани туфайли эмас, балки айнан Аллоҳ таоло ҳаром қилгани учун тийилсак, иншааллоҳ, улуғ савобларга дохил бўламиз. Агар бирон мўмин киши хамрнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади ва Охират куни қаттиқ азоб-уқубатга дучор бўлади.
Шуни билиб олишимиз лозимки, агар ўзини мусулмон санаб юрган киши хамрни “бисмиллаҳ” деб ичса, иймонидан айрилади. Чунки “бисмиллаҳ” калимаси фақат ҳалол таом ва ичимликлар истеъмол қилишдан олдин айтилади. Хамрни “бисмиллаҳ” билан ичган кимса ҳаром нарсани ҳалол санаган бўлади. Ақоид уламолари ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол деган кимсанинг иймондан чиқишини таъкидлаб ўтганлар.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(1-қисм)
МУТАХАССИСЛАР СТАТИСТИКАСИ МАЪЛУМОТЛАРИ:
Ø Дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланмоқда.
Ø Дунё бўйича ҳар куни 100 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олмоқда.
Ø Республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради.
Ø Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда.
Ø Юртимизда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 2282 киши вафот этган.
Ø Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлиллари бўйича 54,5 % ҳодисалар пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.
БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ (БМТ) маълумотларига кўра:
è Ҳар йили дунёда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,35 миллион киши ҳалок бўлади, яъни ҳар 24 сонияда бир киши ҳалок бўлади.
è Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам қўшилса, фалокат кўлами янада кенгаяди.
è Бундай бахтсиз ҳодисалар 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабидир.
è Жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этади.
è Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар сони бутун дунё бўйлаб, айниқса ривожланаётган мамлакатларда кўпайишда давом этаётганидан хавотир билдириб, 26.10.2005 йилда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/60/5 - Қарори билан ноябр ойининг учинчи якшанбасини “Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни” деб эълон қилиш таклифини қабул қилди.
è Ҳар йили 15 май – БМТ Бош Ассамблеясининг буйруғига биноан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги глобал ҳафталиги” ўтказилади.
è БМТ Бош Ассамблеяси “2021-2030 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳаракатлар 10-йиллиги”ни эълон қилиб,
– йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатларни олдини олиш;
– 10 йил мобайнида камида 50 % га камайтириш;
– 2030 йилга келиб йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим ва жароҳатларнинг камида 50 фоизини олдини олиш
га қаратилган улкан мақсадлар билан
2020 йил сентябр ойида «Бутун дунёда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш» номли A/RES/74/299 - Резолюциясини қабул қилди.
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен оёқларинг билан зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро сураси 17/37 оят);
Z «Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз – тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси 49/13 оят);
Z «Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: «даврани кенгайтирингиз!» – дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам керак пайтида кенг жой берур. Яна қачонки, «турингиз!» – дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган барча яхши ва ёмон амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси 58/11 оят);
Z «Кимки бир савобли иш қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси 6/160 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;
¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;
¯ «Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;
¯ «Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Баззор ривоятлари);
¯ «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;
¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;
¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);
¯ «Поклик – имондандир»;
¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;
¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);
¯ «Одамларга миннатдорчилик изҳор этаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;
¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;
¯ «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни улуғламаган – бизлардан эмас» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” – дейди»;
¯ «Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади»;
¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;
¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);
¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;
¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;
¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;
¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;
¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;
¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;
¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;
¯ «Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади»;
¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;
¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;
¯ «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;
¯ «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!..» (Имом Бухорий ривоятлари).
(1 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов