Хоразм вилояти Хазорасп туманида масжид қавми ва саховатпеша инсонлар ҳамкорлигида хайрли ишга қўл урилди. Хазорасп туманидаги Шайх Қосим бобо масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад домла Болтаев ва масжид жамоаси ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ва уй-жойга муҳтож бўлган оилага янги хонадон қуриб берилди.

Янги уйни топшириш маросимида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Расул Собитов, Хазорасп тумани ҳокими Мақсуд Абдуллаев, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси, “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали раҳбари Алижон домла Матяқубов ҳамда маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар ислом динининг инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва хайр-саховат каби эзгу ғоялари амалда ўз ифодасини топаётганини таъкидладилар. Вилоят ва туман раҳбарияти томонидан ушбу эзгу ишнинг бошида турган Шермуҳаммад домла Болтаевга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
“Бу каби хайрли ишлар халқимизнинг нақадар жипслигини ва муҳтожларга ёрдам беришдек олижаноб қадриятларимиз ҳамон барҳаёт эканлигини кўрсатади" — дея таъкидланди тадбирда.
Мазкур тадбир Хоразм вилоятида имом-хатиблар томонидан амалга оширилган дастлабки ижтимоий лойиҳалардан бири бўлди. Шермуҳаммад домланинг саъйи ҳаракатлари ва ҳомийларни жалб қилишдаги фаоллиги натижасида қисқа муддат ичида бир оиланинг орзуси ушалди ва ошёнга эга бўлди.


Хонадон калитларини топшириш чоғида юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини сўраб, уйни қуриб битказишда хизмат қилган барча фаолларнинг ҳақига хайрли дуолар қилинди.
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати