Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида касал бўламиз. Билсак касаллик ҳам гуноҳларимизга каффорот ҳам синовдир. Бемор дори-дармонларни истеъмол қилиш билан бирга Қуръони карим ва ҳадисларда ворид бўлган дуоларни ўқиши ҳам лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор инсон саломатлигини асраши учун қилган баъзи тавсияларини келтириб ўтамиз.
Аввало инсон саломатлиги учун меъёрида овқатланиши лозим. Чунки ортиқча овқатланиш инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан заифлашига сабаб бўлади. Тўғри овқатланиш инсон саломатлигининг асосий омилларидандир. Шу сабабли, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига овқатланиш одобини ўргатиб бундай деганлар: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емак кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, ичимлиги учун учдан бир ва нафаси учун учдир бир” (Имом Аҳмад, Термизий ривояти).
Бир қатор мутахассислар олиб борган тадқиқотларга кўра, қора седана инсон қувватини оширишда, кўплаб касалликларга қарши курашда самарали ҳисобланади.
Учинчидан, Яратгандан сиҳат-саломатлик сўраб дуо қилинг. Барча дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Аллоҳ истъемол қиладиган дори-дармонимизни сабаб қилиб Ўзи шифо беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки бирор ерлари оғриса муборак қўлларини оғриётган жойга қўйиб уч маротаба “Бисмиллаҳ” деб, етти маротаба бундай дер эдилар: “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳозиру” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти).
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кимки касал бўладими, ё соғ бўладими ҳамиша Аллоҳнинг розилигига интилиш лозим. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага Қодир, неъматларини беминнат берувчи ва ҳар нарсадан хабардор Зотдир.
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ