Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Ноябр, 2026   |   24 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:37
Қуёш
06:58
Пешин
12:12
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:33
Bismillah
04 Ноябр, 2026, 24 Жумадул аввал, 1448
Янгиликлар

18.12.2024   7517   1 min.
Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бараканинг (инсонга билдирилган) 177 та сири

03.11.2026   3066   129 min.
Бараканинг (инсонга билдирилган) 177 та сири

БАРАКАНИНГ (инсонга билдирилган) 177 та СИРИ

(бараканинг [умри, ризқи, оиласи, ишлари, даромадидаги] сабаблари)

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

☪︎  «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси 65/2-3 оятлар);

 

☪︎  «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Эй, инсон! Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва дуода айт: “Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси 17/23-24 оятлар);

 

☪︎  «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик» (Аҳқоф сураси 46/15 оят);

 

☪︎  «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир» (Бақара сураси 2/215 оят);

 

☪︎  «Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва Ўзи хоҳлаганига ризқни танг қилур. Бирор нарсани муҳтожларга холис эҳсон қилсангиз, бас, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдирур.

У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси 34/39 оят);

 

☪︎  «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У бандаларига нисбатан ўта кечиримли зотдир. Шунда, яъни истиғфор айтсангиз, устингизга осмондан баракали ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар барпо қилур ва сизларга анҳорларни ато қилур» (Нуҳ сураси 71/10-12 оятлар);

 

☪︎  «Агарда мазкур юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар эшикларини очиб юборган бўлур эдик. Лекин улар пайғамбарларни ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни азобга тутдик» (Аъроф сураси 7/96 оят);

 

☪︎  «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз!

Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!

Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю

бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл

остингиздаги қарамларга ҳам яхшилик қилинг!

Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо сураси 4/36 оят);

 

☪︎  «Биз инсонга ота-онасини рози қилишни буюрдик.

Онаси уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юрди.

Уни кўкракдан ажратиш муддати икки йилда битар.

Биз инсонга буюрдикки “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон сураси 31/14 оят);

 

☪︎  «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси 14/7 оят).

 

 

ҲАДИСИ ҚУДСИЙЛАРИДА

АЛЛОҲ ТАОЛО АЙТАДИ:

 

☼︎   Эй, одам фарзанди!

Сабрли бўл ва ўзингни паст тут – ўзим сени олий даражага кўтараман!

Истиғфор айтгин – мағфират килай!

Ҳар не сўрагин – мен берай!

Менга тавба қил – қабул қилай!

Молингдан садақа қил – токи молингга барака берай!

Қариндошларингга яхшилик қилиб, қўшилиб юр – умрингни узун қилай!

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

✵  Абу Хурайра разияллоҳу анҳу айтадилар:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

–  Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин! – деб ўн мартаба такрор қилдилар.

Шунда саҳобалар:

–  Ё, Расулаллоҳ, кимни айтаяпсиз? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ота-онасининг иккаласи ёхуд битталари кексайиб қолган вақтида уларни рози қилмай, ўзини дўзахга тушишга мубтало қилган кишини, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:

–  менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;

–  Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;

–  ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган»;

 

✵  «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;

 

✵  «Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши хурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин!» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Болажоним, уйингизга кирганингизда салом беринг! Шунда ўзингиз учун ҳам, аҳли оилангиз учун ҳам барака бўлади», – дедилар (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Тонгги уйқу ризқ келишини тўсади» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Тежамкор киши асло фақир бўлмайди»;

 

✵  «Ҳар кимки таомдан олдин қўлини ювса, камбағалликдан эмин бўлғай»;

 

✵  «Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва бу – ўтган пайғамбарларнинг суннатларидандир» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  «Ризқига рози бўлган кишининг баракаси ортади, рози бўлмаган кишиники эса баракасиз бўлади» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Қуръон ўқиладиган уйнинг баракаси ортади. Қуръон ўқилмайдиган уй бебарака бўлади» (Имом Доримий ривоятлари);

 

✵  «Бир жамоада бири сўзлаётганда бошқалари жим турмаса, у жой баракасиз бўлади» (Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Ким ўзига тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга қашшоқликнинг 70 та эшигини очиб қўяди»;

 

✵  «Албатта банда қилган гуноҳлари сабабли ризқдан маҳрум бўлади»;

 

✵  «Қиз фарзанд баракалидир» (Имом Дайламий ривоятлари);

 

✵  «Ким яхшилигини Аллоҳ зиёда қилишини истаса, таом тайёр бўлганида ва охирида қўлини ювсин!» (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Бирортангизнинг луқмаси ерга тушиб кетса, уни олиб, ёпишган зарарли нарсаларни кетказиб, есин. Уни шайтон учун тарк қилмасин. Бармоқларини яламагунча, қўлини сочиққа артмасин. Чунки у барака таомнинг қаерида эканини билмайди» (Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Таомнинг баракаси – ундан олдин ва ундан кейин қўлларини ювишдир» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Саҳарлик қилинглар! Албатта, саҳарликда барака бордир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Саҳарда ва саҳарлик таомида барака бор» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  «Саҳарликнинг ҳаммаси баракадир. Уни тарк қилманглар. Гарчи сизлардан бирингиз бир қултум сув бўлса ҳам ютиб қўйсин. Чунки Аллоҳ Таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтишади» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Овқатни оила аъзолари билан бирга ўтириб ейишда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Жам бўлиб овқат енглар! Тарқоқ бўлиб еманглар! Чунки барака тўпланиб еганлар билан биргадир» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Савдо-сотиқда кўп қасам ичиш молнинг баракасини йўқотади» (Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Яхшилик катталарингиз билан биргадир» (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари);

 

✵  «Сизларга яхшиларингиз ким эканини билдирайми?» деганларида, “Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули!” – дедилар. «Сизларнинг яхшиларингиз – ёши улуғларингиз ва амаллари гўзалроғингиздир», – дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари);

 

✵  «Барака катталарингиз билан биргадир» (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари);

 

✵  «Киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ Таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Сочига оқ тушган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

  «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб, уч марта: “Омин!”– дедилар. Сўнг:

  – Биласизларми, нега “Омин!” дедим? – деб сўрадилар.

  Саҳобалар:

  – Аллоҳ ва Расули билувчироқ... – дейишди.

  Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

  – Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Албатта, Сиз кимнинг ҳузурида эслансангиз-у, у Сизга салавот айтмаса – дўзахга киради. Аллоҳ уни ўз раҳматидан ўчириб, бахтсиз қилсин!» – дедилар, мен: “Омин!”– дедим.

  Жаброил алайҳиссалом: «Кимки ота-онасини иккисини ёки бирини топса-ю, уларга яхшилик қилмаса – дўзахга киради. Аллоҳ уни ўз раҳматидан узоқ қилиб, бахтсиз қилсин!» – дедилар, мен: “Омин!”– дедим.

  Жаброил алайҳиссалом: «Кимки Рамазон ойини топса-ю, унга мағфират этилмаса – дўзахга киради. Аллоҳ уни ўз раҳматидан узоқ қилиб, бахтсиз қилсин!» – дедилар, мен: “Омин!”– дедим” – дедилар»;

 

✵  «Сизларнинг олдингизга бир қавмнинг каттаси келса, уни икром қилинглар» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда уч хислат бўлса, Аллоҳ уни Ўз паноҳига олади, раҳмати билан ўрайди ва муҳаббатига дохил қилади», – дедилар.

 Шунда: “Ё, Расулуллоҳ, ўша хислатлар қайсилар?” – дейилди.

 У Зот: «Кимга берилганида – шукр қилса;

    интиқом олишга қодир бўла туриб – кечириб юборса ва

    ғазабланганида ҳам – мулойим бўлса,

 ана ўша фазилатга эришади», – дедилар (Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Асалда барака ва шифо бор»;

 

✵  «Сиркада, хурмода, сутда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Насияга сотишда, қарз беришда ва арпа аралашган нонда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Барака таомнинг ўртасига ёғади. Шунинг учун бир чеккасидан енглар, ўртасидан еманглар!» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Қайноқ овқатда барака бўлмайди» (Имом Дайламий ривоятлари);

 

✵  «Ризқига рози бўлганнинг баракаси ортади, рози бўлмаганнинг баракаси камаяди» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Овқатдан олдин ва кейин қўлини ювган кишининг уйида барака ортади» (Имом Ибн Абу Шейба ривоятлари);

 

✵  «Бисмиллоҳ билан ейилган таомда барака бўлади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Тижоратда барака бор. Тижоратга ёлғон, хиёнат аралашганида ундан барака қочади» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Илк фарзандининг қиз бўлиши аёлнинг баракасидир» (Имом Ибн Асокир ривоятлари);

 

✵  «Ким бандаларга қашшоқлигидан шикоят қилса, камбағаллик ундан аримайди. Ким қашшоқлигидан Аллоҳ Таолога арз этса, Аллоҳ уни тезда ёки бир муддат сўнг албатта ризқлантиради» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Таом сузилган лаганнинг атрофидан енглар, ўртасидан еманглар! Зеро ўртасига барака ёғилиб туради» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Дуо умрнинг баракасини орттиради» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Барака улуғларингиздадир» (Имом Рофий ривоятлари);

 

✵  «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;

 

✵  «Омонатдорлик ризқ келтиради» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Зино фақирликни олиб келади» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;

 

✵  «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;

 

✵  «Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади»;

 

✵  «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;

 

✵  «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  «Ҳақ бўла туриб, тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг бир томонида бир қаср бино қилинишига;

  ҳазил бўлса ҳам, ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига;

  хулқи гўзал, одоби чиройли бўлган киши учун эса жаннатнинг энг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

✵  «Сизларга дўзах ҳаром кишини ёки дўзах унга ҳаром бўлган кишининг хабарини берайми? У – биродарларига ҳожат вақтида яқин турадиган, тавозели ва мулойим кишидир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Қариндошликни узувчи жаннатга кирмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Ота-она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди»;

 

✵  «Сизлардан аввал ўтган бир кишини Аллоҳ Таоло мағфират қилди:

 – у бирор нарса сотганда мулойим эди,

 – сотиб олаётганда ҳам мулойим эди,

 – бировга ҳукм чиқараётганда ҳам мулойим эди» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳақларини билмаганлар биздан эмас» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимимизнинг ҳаққини билмаган кимса умматимдан эмасдир» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Бекорчилик инсонни тошбағир қилади»;

 

✵  «Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганда, уни яхшилаб, пухта қилишингизни севади» (Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Кимки умматимдан бир кишини ҳожатини чиқарса, у билан мени рози, хурсанд қилган бўлади. Мени хурсанд қилган бўлса, албатта, Аллоҳ хурсанд, рози бўлади. Кимки Аллоҳни рози, хурсанд қилса, У Зот уни жаннатга киритади» (Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Қиёмат кунининг машаққатларидан Аллоҳ Таоло уни халос қилмоғи кимни хурсанд қилса, қўли калта кишига муҳлат берсин ёки уни қарзини кечсин!» (Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Мен сизларга одамларнинг энг ёмони ким эканини айтайми? – дедилар.

– Айтинг, ё, Расулуллоҳ... – дейишди.

– Ёлғиз ўзи овқат ейдиган, ёрдамини ман қилиб, бировдан аяйдиган ва ўз қўл остидаги қулини қамчилаб урадиган киши.

Ундан ҳам ёмонроғи ким эканини айтайми?

– Айтинг, ё, Расулуллоҳ...

– Яхшилик қилишдан умид қилмайдиган ва ёмонлик қилишдан қўрқмайдиган, унинг ёмонлигидан хотиржам бўлинмайдиган кимса.

Ундан ҳам ёмони ким эканини айтайми?

– Айтинг, ё, Расулуллоҳ...

– Одамларни ёмон кўрадиган ва одамлар ҳам уни ёмон кўрадиган киши»;

 

✵  «Ҳар доим бандалар тонг орттирадиган бўлсалар, икки фаришта Ер юзига тушиб, бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчи кишига ўрнини тўлдиргин”, деса, бошқаси: “Аллоҳим, бахил кишига талофат етказгин”, дейди» (Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Аллоҳ Таоло раҳмат (меҳрибонлик, кечиримлилик)ни 100 та бўлакдан иборат қилиб яратди. 99 тасини ўзининг ҳузурида қолдириб, бирини ерга туширди. Ана шу бир бўлаги ила инсонлар бир-бирларига меҳрибонлик, раҳмдиллик кўрсатишади»;

 

✵  «Ким бир чумчуқни сўяётганда ҳам унга раҳм қилса, Аллоҳ Таоло унга раҳм қилади»;

 

✵  «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ унга раҳм қилмайди»;

 

✵  «Силаи раҳм, гўзал хулқ ва яхши қўшничилик юртларни обод этиб, умрларни узун қилади»;

 

✵  «Раҳмлиларга Раҳмон раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг, сизга осмондаги Зот раҳм қилади!»;

 

✵  «Аллоҳ Таолога энг ёқимсиз сўзлардан бири – бир киши бошқасига “Аллоҳдан қўрқ” деганида, унинг "Ўзингни бил!” дейишидир» (Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Қиёмат куни мўминнинг мезонида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўзловчиларни ёмон кўради» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди»;

 

✵  «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;

 

✵  «Ёлғон суҳбат офатидир»;

 

✵  «Ўзига катта баҳо бериб, манмансираш гўзаллик офатидир»;

 

✵  «Фахрланиш насл-насабнинг офатидир»;

 

✵  «Мақтаниш оқиллик офатидир»;

 

✵  «Исрофгарчилик саховатлилик офатидир»;

 

✵  «Ҳавойи нафс диннинг офатидир»;

 

✵  «Бахтиёр ўзидан бошқадан ибрат олган кимсадир»;

 

✵  «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;

 

✵  «Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Йўлга чиқаётганида дўстлари билан хайрлашган киши уларнинг дуолари билан баракага қовушади» (Имом Дайламий ривоятлари);

 

✵  «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;

 

✵  «Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Баззор ривоятлари);

 

✵  «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;

 

✵  «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

✵  «Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;

 

✵  «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;

 

✵  «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Гуноҳни ювувчи нарса пушаймонликдир»;

 

✵  «Ҳар бир эзгулик садақадир»;

 

✵  «Одамлар билан муросаи мадора қилиш садақадир»;

 

✵  «Ширин сўз садақадир»;

 

✵  «Қариндошга қилинган садақа садақа ва силаи раҳмдир»;

 

✵  «Садақа ёмон ҳолатда ўлиб қолишга монелик қилади»;

 

✵  «Силаи раҳм умрни узайтиради»;

 

✵  «Сир тутиб қилинган садақа Парвардигорнинг ғазабини сўндиради»;

 

✵  «Эзгу ишлар ҳалокатлардан асрайди»;

 

✵  «Садақа қилувчи Қиёматда одамлар орасида ҳукм қилингунга қадар садақасининг соясида»;

 

✵  «Садақа сув оловни ўчирганидек хато-гуноҳни ўчириб юборади»;

 

✵  «Садақада ҳаддидан ошган унга монелик қилувчи кабидир»;

 

✵  «Ҳар бир жонзотга (хоҳ у инсон бўлсин ва хоҳ ҳайвон) яхшилик қилишда савоб бордир»;

 

✵  «Одамларга миннатдорчилик изҳор этаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;

 

✵  «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;

 

✵  «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни улуғламаган – бизлардан эмас» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

✵  «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” – дейди»;

 

✵  «Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади»;

 

✵  «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;

 

✵  «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);

 

✵  «Мўмин мўмин одамнинг акаси ёки укасидир»;

 

✵  «Мўмин камхаржли одамдир»;

 

✵  «Мўмин ишбилармон, зийрак ва эҳтиёткор кишидир»;

 

✵  «Мўмин чиқишиб кетувчи ва одамлар чиқишишлари учун осон шахсдир»;

 

✵  «Мўмин одамлар жону моллари учун ундан хавотир олмайдиган инсондир»;

 

✵  «Мўмин содда ва саховатли кимсадир»;

 

✵  «Фожир (бузуқ) алдамчи, пасткаш кишидир»;

 

✵  «Мўмин мўмин одамга нисбатан гўёки бир-бирини суяб турувчи иморат кабидир»;

 

✵  «Мўмин бошқа аҳли имонларга нисбатан гўёки тананинг бош қисмидир»;

 

✵  «Мўминлар мулойим ва хокисор инсонлардир»;

 

✵  «Дуо мўмин одамнинг қуролидир»;

 

✵  «Намоз мўмин одамнинг нуридир»;

 

✵  «Ҳикмат (донолик) мўмин одамнинг йўқотиб қўйиб, сўнг топадиган нарсасидир»;

 

✵  «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;

 

✵  «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ Таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;

 

✵  «Диннинг таянчи парҳезкорликдир»;

 

✵  «Насл-насаб – бойлик»;

 

✵  «Саховатпешалик тақводир»;

 

✵  «Олижаноблик қилиш фойдадир»;

 

✵  «Бемаъни гаплар жафодандир»;

 

✵  «Дуо ибодатдир»;

 

✵  «Қарздор бўлиб юраверишлик киши ақидасининг гўзал эмаслигидандир»;

 

✵  «Тадбир қила билиш яхши яшаш кафолатининг ярмидир»;

 

✵  «Уйнинг яхшилиги ва баракоти кўпайиши учун уйга кирганингизда уй одамларига салом беринг» (Имом Ҳаравий ривоятлари);

 

✵  «Меҳр-оқибат кўрсатиш ақлнинг ярмидир»;

 

✵  «Ғам-ташвиш қариликнинг ярмидир»;

 

✵  «Таомни биргаликда ейишда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Аллоҳдан қўрқиш ҳар бир ҳикматнинг бошидир»;

 

✵  «Парҳезкорлик амалнинг энг улуғидир»;

 

✵  «Неъматларни гапириш шукроналикдир»;

 

✵  «Хурсандчиликни сабр билан кутиш ибодатдир»;

 

✵  «Боласиз уй – баракасиздир» (Имом Асбаҳоний ривоятлари);

 

✵  «Мулойимлик ҳикматнинг бошидир»;

 

✵  «Эзгулик гўзал хулқдир»;

 

✵  «Ичкилик барча гуноҳларнинг жамловчисидир»;

 

✵  «Ичкилик бемаза ишларнинг онасидир»;

 

✵  «Хиёнат жаҳаннам чўғидандир»;

 

✵  «Хиёнат фақирликка етаклайди» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Шарм-ҳаёнинг барча кўриниши эзгуликдир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Ҳаё яхшиликдан ўзга нарсани келтирмайди» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Уламолар Аллоҳнинг халқи устида турган ишончли бандаларидир»;

 

✵  «Ҳикмат-донишмандликнинг боши Аллоҳ Таолодан қўрқишдир»;

 

✵  «Жаннат сахийларнинг уйидир»;

 

✵  «Азон билан иқомат орасида қилинган дуо рад этилмайди»;

 

✵  «Баракалилик жиҳатидан аёлларнинг энг улуғи камроқ маҳр оладиганидир»;

 

✵  «Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш уйдаги баракани орттиради» (Имом Шуъба ривоятлари);

 

✵  «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;

 

✵  «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;

 

✵  «Дуо умрнинг баракасини кўпайтиради» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Қариндошлар билан алоқани боғлаш, чиройли хулқ ва чиройли қўшничилик қилиш билан диёрлар обод, умрлар зиёда бўлади» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Қаноат туганмас бойликдир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Деҳқончилик қилинглар, чунки у баракали касбдир»;

 

✵  «Барака – буюкларингиздадир» (Имом Рофиъий ривоятлари);

 

✵  «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;

 

✵  «Барака катталарингиз билан биргадир» (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари);

 

✵  «Кимни қийинчилик ва ғам-ғусса пайтидаги дуосини Аллоҳ Таоло қабул қилиши хурсанд қилса, фароғат пайти дуони кўпайтирсин!» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Кимки тежамкорлик қилса, камбағал бўлиб қолмайди» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;

 

✵  «Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамласин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Барака мўйсафидларингиз билан биргадир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ бир мамлакатни обод этади ва одамларини бой қилади. Уларни яратганидан бошлаб, уларга ғазаб билан боқмайди» – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули, бунинг сабаби нима?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шу мамлакатда яшовчилар қариндошликни узмаганидан» – дедилар” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоятлари);

 

✵  «Тонгда ухлаб ётиш ризқни қирқади» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Қўй боқинглар! Чунки унда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Қўй боқинглар, чунки у баракадир» (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Қўй жаннат жониворларидандир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Қўй боқинг, чунки унда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

✵  «Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро эрталабдан ҳаракат қилиш барака, муваффақият келтиради» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  Каъаб ибн Ужра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

   «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб: “Омин!”– дедилар.

Сўнгра яна бир поғона кўтарилиб: “Омин!”– дедилар.

Сўнгра яна бир поғона кўтарилиб: “Омин!”– дедилар.

   Муоз разияллоҳу анҳу У Зотдан бунинг сабабини сўради.

   У Зот айтдилар:

   – Жаброил алайҳиссалом келиб:

   «Эй, Муҳаммад алайҳиссалом! Ҳузурида номингиз тилга олинганда Сизга салавот айтмай ўлган ва дўзахга тушган кимсани Аллоҳ Ўз раҳматидан узоқ қилсин! “Омин!”деб айтинг!» – дедилар. Мен: “Омин!”– дедим.

   «Рамазонга етиб, ундан рўзаси ва бедорлиги қабул қилинмай ўлган ва дўзахга тушган кимсани Аллоҳ Ўз раҳматидан узоқ қилсин! “Омин!”деб айтинг!» – дедилар. Мен: “Омин!”– дедим.

   «Ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт бўлса ва уларга яхшилик қилмай ўлган ва дўзахга тушган кимсани Аллоҳ Ўз раҳматидан узоқ қилсин! “Омин!”деб айтинг!» – дедилар. Мен: “Омин!”– дедим”»;

 

✵  «Кимки истиғфорни кўпайтирса, Аллоҳ у банда учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўлини пайдо қилиб, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Эй, мусулмонлар, зинодан сақланинглар, чунки унинг 6 та ёмонлиги бор. 3 таси дунёда ва 3 таси охиратда:

3 та дунёдагиси –

чиройлиги кетади,

камбағаллиги бардавом бўлади ва

умри қисқа бўлади.

3 та охиратдагиси –

Аллоҳнинг ғазаби,

ёмон ҳисоб ва

дўзахдир»;

 

✵  Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида шамолни лаънатлади. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шамолни лаънатламанг! Чунки у маъмурдир – Парвардигор амрига бўйсунган ҳолда эсади. Кимики бирор нарсани лаънатласа, сўнгра ўша нарса лаънатга лойиқ бўлмаса, айтувчисининг ўзига келиб ёпишади», деб марҳамат қилдилар”;

 

✵  “Бир киши келиб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга фақирлигидан шикоят қилди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз шамолни сўкасизми?!» – дедилар;

 

✵  «Ёш болаларингизни тун қоронғулиги кетгунга қадар уйда олиб туринг, чунки бу шайтонларга берилган соатдир. Тонгга яқин пайтдаги тун зулматидан сақланинг, зеро ҳеч бирингиз Аллоҳ махлуқотларини қандай тарқатиб ташлаганини билмайсиз. Эшикларингизни беркитинг, сувдонларингизнинг оғзини маҳкамланг, идишларингизни ёпинг ва чироқларингизни ўчиринг»;

 

✵  «Вақтики бирортангиз бир уйга кирмоқчи бўлса, салом бериб кирсин, шунда у билан эргашиб келган шайтону жинлар қайтиб кетади. Вақтики хонага кирмоқчи бўлсангиз, салом беринг, у хона ичидаги шайтонлар чиқиб кетади. Вақтики уловга минаётган пайтда Аллоҳ Таолонинг исмини зикр қилсин, унинг маркабига шайтонлар шерик бўлмайди. Вақтики тановул қилсангиз, Аллоҳ Таолонинг исмини зикр қилинглар, тоинки шайтонваччалар таомларингизга шерик бўлмасин. Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир. Дастурхонни ёйиб бепарво қолдирманглар, шайтону жинлар атрофида ётиб олишади. Улов устидаги тўқим остидаги наматларни ёйиб қўйманглар, қулфсиз уйларда турманглар, чамбарагисиз болохоналарда ётманглар. Агар ит увуллаганини ёки эшак ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан паноҳ тиланг, чунки улар сизлар кўролмайдиган нарсаларни кўради»;

 

✵  «Овқатдан олдин ва кейин қўлни ювишлик камбағалликни даф қилади ва бу амал пайғамбарлар суннатларидандир»;

 

✵  «Овқатдан олдин қўлни ювишлик камбағалликни даф этади ва ундан кейин ювишлик жинниликни даф қилади ва кўз нурини яхшилайди»;

 

✵  «Нонни эъзозланг, чунки Аллоҳ Таолонинг ўзи нонни эъзозлаган. Кимики нонни эъзозласа, Аллоҳ Таоло уни эъзозлайди»;

 

✵  «Кимики дастурхон остидаги ушоқларни еса фақирликдан омонда қолади»;

 

✵  Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сулаймон алайҳиссалом оналари (Довуд алайҳиссаломнинг аёллари) Сулаймон алайҳиссаломга дер эдилар: “Ўғлим, кечалари кўп ухламанг, чунки кечаларда кўп ухлашлик кишини қиёматда фақир қилиб қўяди”» – дедилар;

 

✵  Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: “Ё, Расулаллоҳ, жаннат аҳли ҳам ухлайдими?”. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйқу ўлимнинг биродаридир. Жаннат аҳли ҳеч қачон ўлмайди» – дедилар.

 

✵  «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам»;

 

✵  «Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Кимки бировдан нарса сўрашдан иффатини сақлаш, қўшнисига яхшилик ва аҳли аёлига нафақа бериш мақсадида ҳаракат қилиб ҳалол мол-дунё учун ҳаракат қилса, Қиёмат кунида (маҳшаргоҳга) юзи тўлин ойдек бўлган ҳолда келгай» (Имом Байҳақий ва Имом Абу Нуайм ривоятлари);

 

✵  «Оила аъзоларингизга салом беринг, уйингизнинг баракаси кўпаяди»;

 

✵  «Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  «Банда гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади» (Имом Аҳмад ривоятлари).

 

 

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

➔  Ота-она рози – Худо рози!

 

➔  Сендан – ҳаракат,

Мендан – баракат.

 

➔  Яхши ўғил ота молини бийлар,

Ёмон ўғил ота молини сочар.

 

➔  Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака қочади.

 

➔  Бирликда барака бор.

 

➔  Шукр бор жойда – барака,

Миннатдорлик бор жойда меҳр бўлади.

 

➔  Худодан қўрқмайдигандан қўрқ!

 

➔  Яхшига қилсанг яхшилик –

Ҳам айтади, ҳам қайтади.

Ёмонга қилсанг яхшилик –

На айтади, на қайтади.

 

➔  Абжир бўлса фарзандинг – чўлдан нон терар.

Ялқов бўлса фарзандинг – ердан дон термас.

 

➔  Эрта турган иш битирар,

Кеч турган кўп туртинар.

 

➔  Нима сочсанг, шуни ўрасан.

 

➔  Нон емоқчи бўлсанг, ўтин ташишдан эринма.

 

➔  Сахийнинг қўли очиқ,

Қўли очиқнинг йўли очиқ.

 

➔  Кенг бўлсанг – кам бўлмайсан.

 

➔  Қўли ҳунарсиз – нон гадойи.

 

➔  Бекор ўтиргандан,

Бекор ишла!

 

➔  Ишни қилсанг, тамом қил!

 

➔  Сабр бор жойда – барака бўлади.

 

➔  Барвақт қилинган ҳаракат

Ҳосилга берар баракат.

 

➔  Сўзинг кумуш бўлсин,

Ишинг – олтин.

 

➔  Ҳар ишнинг вақти бор,

Вақт билганнинг бахти бор.

 

➔  Кўп билан кенгаш,

Маъқулига ёндаш.

 

➔  Эрта турган ҳоримас.

 

➔  Меҳнат,

Меҳнатнинг таги – роҳат.

 

➔  Эрталабки вақт – нақдгина бахт.

 

➔  Тома-тома кўл бўлур.

Ҳеч томмаса – чўл бўлур.

 

➔  Бекорчидан Худо безор.

 

➔  Қўлда бергандан қуш ҳам тўймайди...

 

➔  Ишлаб топганинг – ош,

Ишламай топганинг – тош.

 

➔  Худодан қўрқмагандан қўрқ!

 

➔  Шукр қилсанг – барака келади.

 

➔  Меҳнатдан келса бойлик,

Турмуш бўлар чиройлик.

 

➔  Эрта турган йигитнинг ризқи ортиқ,

Эрта турган аёлнинг бир иши ортиқ.

 

➔  Беташвиш бош қайда,

Меҳнатсиз ош қайда.

 

➔  Бир калла – калла,

Икки калла – тилла.

 

➔  Бирлашган дарё бўлар,

Тарқалган ирмоқ бўлар.

 

➔  Ҳурмат қилсанг – ҳурмат кўрасан,

Меҳнат қилсанг – даврон сурасан.

 

➔  Ҳамма нарсанинг отаси – меҳнат.

 

➔  Ҳалол иш – лаззатли емиш.

 

➔  Ишлаган ош тишлар,

Ишламаган тош тишлар.

 

➔  Дўст зиёнкор бўлмас,

Зиёнкор дўст бўлмас.

 

➔  Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,

Беқаноат отини сўяр.

 

➔  Қарасанг – боғман,

Қарамасанг – доғман.

 

➔  Ота ҳунари – болага мерос.

 

➔  Ўзаро ҳурмат бор жойда албатта барака бўлади.

 

➔  Ҳалол меҳнат – мўл даромад.

 

➔  Бирни биров беради,

Кўпни – меҳнат.

 

➔  Бирликда барака бор.

 

➔  Барака – кўпчиликда.

 

 

УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:

 

❖  Сарвари коинот муҳтарам ҳабибимиз Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳиссалом ўз умматларига хайр ва барака сўраб: «Ё, Аллоҳ! Умматимнинг барвақт қилган ишларига барака бергин!» – деб дуо қилганлар.

 

❖  Бир киши Ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, ризқининг тор эканлигидан шикоят қилди...

 Ҳазрати Али ундан:

 – Эҳтимол сиз тўмтоқ қалам билан ёзарсиз? – деб сўрадилар.

 У одам:

 – Йўқ, – деб жавоб қайтарди.

 – Балки эҳтимол синиқ тароқ билан соч тарарсиз?

 – Йўқ, – деди яна у киши.

 Ҳазрати Али:

 – Унда эҳтимол ўзингиздан ёши катта одамнинг олдига тушиб юрсангиз керак? – деб сўрасалар,

 – Йўқ, – деб жавоб берди яна у.

 Ҳазрати Али у кишига:

 – Ундай бўлса бомдод намозидан кейин кун чиқмасдан ухларсиз эҳтимол? – десалар,

 – Йўқ, – деди яна у одам.

 Ҳазрати Али:

 – Эҳтимол ота-онангизни ҳақларига дуо қилмай қўйгандирсиз? – деб сўраган эдилар, у одам:

 – Ҳа... – деди.

 Шунда Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу:

 – Уларни асло унутманг! Доимо уларни эслаб туринг! Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман: «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади» – деганлар," – дедилар.

 ***

 Ҳар куни ҳеч бўлмаса беш маҳалда икки дақиқани ота-онасига дуо қилишдан қизғанмаган одам – узоқни кўзлаган энг ақлли инсон ҳисобланади!!!

 

❖  «Ота-онага ҳурмат бўлмаган хонадонда барака бўлмайди».

 

❖  «Тонгда ухлаш ризқни қайтаради».

 

❖  «Дастурхон ёзганда, овқат қилганда "Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим" деса, уйига илоҳий файз, хайр-барака келади ва оила, рўзғорига қашшоқлик йўлламайди».

 

❖  «Кимки дастурхондан тўкилган нон ушоғини териб еса, ҳаёти фаровон бўлади ва фарзанд, набиралари ҳеч ҳам танглик кўрмайди».

 

❖  «Тежамкорлик билан оз нарса кўпаяди, исроф эса кўпни ҳам озайтиради».

 

❖  «Қариси бор уйнинг файзу баракаси бўлади».

 

❖  “Ғийбат бор жойдан барака қочади”.

 

❖  “Мусофир мингта барака ва мингта раҳмат билан келади”.

 

❖  “Ҳожатхона эшикларини ёпиқ тутиш ва синган идишлардан воз кечиш уйдаги энергияни янгилайди”.

 

❖  «Садақа бериш балоларни қайтаради».

 

❖  «Уйидан вақтли чиққаннинг ишида барака бўлади».

 

❖  «Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса ва олувчи ҳам ғирромлик қилса, ундай савдода барака бўлмас! Агар сотувчи ва олувчи бир-бирига рост гапирса, бир-бирини алдамаса, бундай савдода барака бўлур!».

 

❖  Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларидан сўрадилар:

– Нимага қўйлар доимий истеъмол ва қурбонлик мақсадида сўйилишига қарамай, насли қирилиб кетмайди? Аксинча кўпайгани кўпайган. Ваҳоланки, қўйлар йилига бир ёки икки марта биттадан, баъзан иккитадан туғади. Лекин итлар сўйилмаса ҳам, бирдан ўнта болаласа ҳам, кўпаймайди. Қўйлар каби сурув бўлиб кетмайди?

Мавлоно ҳазратлари жавоб бердилар:

– Тонгга яқин вақт – энг баракотли вақтдир. Бу вақтда қўйлар ҳеч ухламайди. Доим уйғоқ бўлади. Итлар эса кечаси билан санғиб, айни шу вақтда ухлаб қолиб, ғафлатда бўлади. Қўйлар тонг баракотидан баҳраманд бўлишади. Итлар эса бу баракотдан бебаҳра қолишади. Шунинг учун қўйлар кўпайгани кўпайган. Агар ризқингиз кенг бўлишини хоҳласангиз, саҳарлари бедор бўлинг...

 

❖  “Ота-онасини хизматларини қилиб, уларнинг дуоларини олган одамнинг умрига, ризқига, ҳаётига Аллоҳ Таоло улуғ барака беради”.

 

❖  Асарларда келтирилишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Ҳасан ибн Али таҳорат олиш мақсадида бир манзилга кирган пайтларида нопок жойда ётган нон бўлагига кўзлари тушди. Дарҳол уни олдилар-да, тозалаб ювдилар. Сўнгра ёнидаги хизматчиларига узатиб, “таҳорат қилиб бўлганимдан сўнг берасиз”, – дедилар. Таҳоратни тугатганларидан кейин хизматкорларидан нон бўлагини сўрадилар. У эса: “Мен уни еб қўйдим...” – деди. “Ундай бўлса, сизни озод қилдим”, – дедилар Ҳасан ибн Али. Хизматкор ажабланиб, озод қилиниши сабабини сўради. Жавобига Ҳасан ибн Али: “Фотима онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким нопок ерда ётган бир бўлак нонни олиб, тозалаб еса, нон ҳазм бўлиб улгурмасдан олдин гуноҳлари кечирилади», деган эдилар, деб айтгандилар. Шундай экан, мен гуноҳлари кечирилган, жаннат аҳли бўлган кишини хизмат қилдира олмайман...” – дедилар (Имом Абу Яъло ривоятлари).

 

❖  Ривоят қилишларича, Мусо пайғамбар даврларида икки киши қайси ишга қўл урмасинлар, ишлари орқага кетар экан. Охири на ейишга овқатлари, на кийишга кийимлари қолмади...

Кунларнинг бирида Мусо алайҳиссалом Аллоҳ Таоло билан роз айтиш учун Тур тоғига чиқиб кетаётганларида, ҳалиги кишилар у кишидан: “Бизлар қачонгача шундай юрар эканмиз, Аллоҳ бизларга ҳам бирор нарса берармикин, йўқмикин, сўраб беринг...” – дейишибди.

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ Таоло билан гаплашиб, уларнинг айтган гаплари эсларидан чиқибди.

Шунда Аллоҳ Таоло: «Эй, Мусо, йўлдаги икки бандам сизга нима деган эди?» – деб сўрабди.

Мусо алайҳиссалом: «Ўша бандалар сендан бирор нарса сўрашяпти...» – дедилар.

«Шу юришларига ҳам шукр қилишсин!» – деди Аллоҳ.

Бу гапдан уларнинг жаҳли чиқиб: “Нимамизга шукр қилар эканмиз? Ейишга овқатимиз, кийишга кийимимиз бўлмаса?..” – дейишибди.

Шундан сўнг бир-бирларига суяниб ўтиришганда, бир-бирига ёпишиб қолишибди...

Бориб айтсалар, Худои Таоло: «Шу юришларига ҳам шукр қилишсин!» – дебди.

Қайтаётиб бояги кишиларга бу гапни айтганларида, улар жаҳл билан “Э... Шукр-э...”, дейишган экан, бир-бирларидан ажралишибди...

 

❖  Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ!” – деганлар.

 

❖  Ота-онасидан чиройли тарбия кўрган инсонлар нон қўлдан ерга тушиб кетса, дарҳол уни олиб, уч марта ўпиб, пешоналарига сурадилар. Нон ушоғи дастурхонга тушганда, улуғ устозлар бармоқни ҳўллаб, ушоқ устига босиб олиб, оғизга солишни ўргатишган.

 

❖  Улуғ мутафаккир, фалакиёт олими, одил маърифатпарвар, султон Мирзо Улуғбек мулозимлари билан кетаётганида, йўл ёқасида ётган бир бурда нонни кўриб қолади-да, дарров отдан тушиб, уни қўйнига солади. Мулозимлардан бири: “Ҳазратим, нега бизга буюрмай, отдан тушдингиз?” деб сўраганида: “Нонни биринчи бўлиб мен кўрдим, шундай экан, уни ердан олишни бошқа бировга буюриш нонга нисбатан ҳурматсизлигим бўлар эди. Ноннинг улуғлиги олдида менинг подшоҳлигим нима бўлибди?!” деб жавоб қайтарган экан.

 

❖  «Наводирул усул» китобида келтирилган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нонни ҳурмат қилинглар! Чунки Аллоҳ Таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотидан чиқарди», – деб марҳамат қилганлар. Ҳадиси шарифнинг шарҳларида: “Нонни босмаслик, ташламаслик унинг икромидан ҳисобланади. Агар уни улоқтирса, нопок жойларга ташласа, неъматларни инкор қилиб, ўзига жафо қилганлардан бўлади. Ризқнинг кенглиги – дин учун катта қувватдир. Агар неъматга жафо қилса, катта неъматлар нафратга айланади. Неъмат кетгандан сўнг қайтмайди. Зеро улар жафо билан муҳрлангандир”, – дейилган.

 

❖  «Мўмин кишидан ортиб қолган таом – иккинчи бир мўмин учун аниқ шифодир. Чунки ундан ортиб колган таомда хайр, барака ва дардларга шифо ва даво бордир».

 

❖  Айтишларича, бир ҳукамо ноннинг бўйидан роҳат олиб, уни қўли билан бошидан юқорига кўтарар, атрофдагилар унга савол назари билан қарашганда: “Мен дунёдаги энг лаззатли неъмат билан суҳбат қурмоқдаман. Неъматларнинг сараси, озуқаларнинг тўйимлиги, хонадоннинг баракоти бўлган ноннинг қадр-қиммати чексиздир”, – дер экан.

 

❖  “Илм – ҳар доим ҳоким, мол-дунё – унга тобедир. Мол-дунё билимдонлик билан сарфланса, инсонга шараф келтиради”.

 

❖  “Агар оиланинг моддий жамғармаси яхши бўлса, уни кибру ҳавога берилмасдан, исроф қилмасдан сарфлаш аёлга ҳам боғлиқ”.

 

❖  “Эркак меҳнати эвазига келган маблағни оилага оқилона сарф қилиш – уй бекалари зиммасидаги ишдир”.

 

❖  Ўтган замонда бир киши минг машаққат билан тоғдан териб келган ўтинини хотини қўни-қўшниларга тарқатиб юбораркан. Бири икки бўлмаган эрнинг тоқати тоқ бўлибди. Бир сафар ўтин теришга хотинини ҳам олиб борибди, бир амаллаб икки боғлам ўтин тўплашибди. Кўтариб, қишлоққа келишибди. Аёл машаққатдан қора терга ботибди. Роса чарчабди. Ўтин териб келиш қанчалар машаққат эканини шундагина англабди. Эртаси куни қўшнилар яна ўтин сўраб келишганда, аёл: “Эй, қўшнилар, ўзим олиб келган ўтиндан битта ҳам бермайман. Эрим терганига эса қўл ҳам теккизмайман! Агар ўтин керак бўлса, ўзларинг териб келинглар!” – дебди.

 

❖  “Халқ мақолида «Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр», деб бежиз айтилмаган. Киши меҳнат билан топган мол-дунёси баракали бўлишини истайди, шунинг учун уни ҳисоб-китоб билан ўрни-ўрнига ишлатишга ҳаракат қилади. Шу маънода яхши уй бекаси сабзавот-меваларнинг айниб, чиришига йўл қўймайди, озиқ-овқатлар истеъмолга яроқсиз бўлиб қолишининг олдини олади, таомларни мазали тайёрлайди, қотган нонларни ташлаб юбормасдан, истеъмол қилиш йўлларини топади”.

 

❖  Оқила, зукко, доно, узоқни кўзлаган оналар ўз қизларига: “Қаноатли бўл! Чунки қаноат қалбга ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Уйингдаги мол-мулк ва жиҳозларни эҳтиёт қил!” – дейдилар. Онаи меҳрибон бу билан қизига очкўзлик, манманлик, кибру ҳаво, ҳой-ҳавасга берилмасликни, қаноатни ўргатади. Сабр инсоннинг керакли нарсалардан етарли миқдорига рози бўлишини, очкўзлик қилмаслигини англатади. Қаноат барчага тегишли гўзал аҳлоқ экани ҳамма замонда эътироф этилган.

 

❖  Бу хусусда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Гўзал тадбир ва гўзал идора – ярим фойдадир. Ўз ўрнига ишлатилган озгина пул – исроф қилиб ишлатилган кўп пулга қараганда фойдалидир”, – деганлар.

 

❖  “Пулни тадбир билан, исроф қилмай харжлаш – ақллиликнинг бошидир”.

 

❖  “Ҳаётда кишининг ҳалокатга бораётгани қайси нарсаларда кўринади?” – деб ҳукамо Жолинусдан сўрашибди. У киши: “Жоҳил бўлиб, ўзига нима фойда-ю, нима зарар эканини ажратмай қолганида”, – деб жавоб қилибди.

 

❖  Улуғ аллома, муҳаддис ва муфассирлар Имом Ибн Асокир ва Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишларича, Ҳадийя ибн Холид ўз бошидан кечирган воқеани ҳикоя қилади: «Бир куни мен Амирул мўминин Маъмуннинг мажлисларидан бирида ҳозир бўлган эдим. У жойда меҳмонларга дастурхон ёзилди. Зиёфат тугаганидан сўнг дастурхон йиғиб олинди. Айни шу пайтда менинг кўзим ерда ётган нон ушоқларига тушди ва уни тера бошладим. Шунда Маъмун менга қарата: «Тўймадингизми?» – деб савол қилди. Мен: «Тўйдим, лекин дастурхондан тўкилган нон бурдасини кўриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шариф кўнглимдан ўтди. Ҳаммод ибн Салама Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким дастурхон остидаги тушган нонларни еса, фақирликдан омонда бўлади», деган эканлар», – дедим. Шунда менинг ҳадиси шарифга бўлган эътиборим ёки одоб-ахлоққа амал қилганимдан хурсанд бўлиб, Маъмун менга минг динор совға қилди».

 

❖  “Барака кам нарсада бўлса, уни кўпайтиради; агар кўп нарсада бўлса, фойда келтиради. Аллоҳ таолога ибодат қилишда барака бўлиши – ризқдаги баракани зиёда бўлиши учун энг муҳим нарсадир”.

 

❖  “Ота-онанинг ҳузурларида ўз фарзандини эркалатиш, чиройли муносабат ва ширин муомала қилиш ўта катта беодоблик, ота-онага нисбатан жуда ҳам катта беҳурматлик ва уларни менсимаслик белгисидур. Ақлли инсон ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ҳам бунга асло йўл қўймайди. Шу инсон ҳаётида албатта барака топади”.

 

❖  Бир киши бой қўлида беш дирҳам пул эвазига ижарачи бўлиб ишлаши, топган пули ҳеч нимага етмаётганидан Имом Шофеъийга шикоят қилди.

Имом ҳазратлари:

– Бойнинг олдига бориб, иш ҳақини беш дирҳамдан тўрт дирҳамга туширишни сўранг, – деб тавсия бердилар.

Бояги киши ҳайрон бўлса ҳам, буйруққа итоат этди.

Бироқ озгина вақт ўтганидан кейин яна қайтиб келди, ҳолати яхши томонга ўзгармаганини айтди.

Имом Шофеъий бу сафар: "Тўрт дирҳамни уч дирҳамга камайтириш зарур", – дедилар.

Бечора камбағал, қанчалик ғалати туюлмасин, маслаҳатга амал қилди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай ҳалиги киши хурсанд ҳолда Имом Шофеъийнинг олдиларига келди.

Тавсиялари учун Имомга миннатдорчилик билдириб, уч дирҳам ҳамма эҳтиёжларига етаётганини айтди ва бу ишнинг сирини сўради.

Ҳазрат аввалда беш дирҳам эвазига қилаётган иши аслида уч дирҳамлик эканини, қолган икки дирҳам унинг ҳақи эмаслигини айтдилар. Бировнинг ҳақи бўлган ўша икки дирҳам ҳалол меҳнат билан топилган уч дирҳамга аралашиб, унинг ҳам баракасини йўқотаётгани ни тушунтирдилар.

 

И Б Р А Т:

➔  Ҳаром ҳеч қачон барака келтирмас экан.

➔  Ҳаромдан ўсган эт дўзах ўтида ёнар экан.

➔  Шунинг учун топаётган даромадга ҳаром, шубҳа аралашишидан эҳтиёт бўлиш лозим экан.

 

❖  Ҳикоя қилинишича, яхши турмушни орзу қилган йигит уйланибди. Йигит уйига оғзи боғланган қоғоз халтада нарсалар олиб келибди. Хотини қоғоз халтани авайлаб очиб, бўшатибди. Қоғозни тахлаб, токчага олиб қўйибди. Ипини ҳам ташлаб юбормабди. Буни кўрган йигит сўрабди:

– Хоним! Шу бир қарич ип билан қоғоз халтани асраб қўйишнинг нима кераги бор?

– Рўзғорда ҳар хил ҳолат бўлади, шу ип бирор ҳожатимизга ярар, қоғоз ҳам керак бўлиши мумкин... Ахир керакли тошнинг оғири йўқ-ку, – деб жавоб қилибди хотини.

Эрининг дилидан: “Излаганим худди шу!” деган ўй ўтибди. Шундай қилиб, эр-хотин бахтли-тахтли ҳаёт кечиришибди...

 

❖  Исроф – бараканинг душманидир.

 

❖  Имом Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Хабарларга кўра, Қиёмат куни бандага: "Тур, фалончидан ҳақингни ол!", дейилади. У: "Менинг унда ҳақим йўқ", дейди. Шунда: “Ҳақинг бор! Фалон куни сени у "бундай-бундай” деб гапирган", дейилади».

 

❖  Инсон ўртача 60 йил умр кўради. Шу умри давомида ҳар куни икки кишини ғийбат қилса, Қиёматда унга 32400 хусуматчи даъво қилади.

 

❖  Оилада хотиржамлик бўлиши учун энг муҳим 3 та хислат:

1)  сабр;

2)  кечиримлилик;

3)  ўзаро ҳурмат.

 

❖  Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу: “Уйларингизни ўргимчак уясидан тозаланглар, чунки уйда ўргимчак уясини қолдиришлик камбағаллик келтиради” дедилар.

  Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ўргимчак шайтондир, уни ўлдиринглар!» деб буюрганлар.

  Ибн Аббос ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қалдирғочни ўлдиришликдан қайтардилар ва лекин ўргимчакни ўлдиришликка буюрдилар» дейилган.

 

❖  Бир Шайхдан сўрашибди:

– Оилада эр билан хотин жанжаллашиб, аразлашса, қай бири биринчи бўлиб узр сўраши керак? Эркакми ёки аёлми?

Шайх шундай жавоб берди:

– Қай бири Аллоҳ Таолодан кўпроқ қўрқса, ўша биринчи бўлиб узр сўраши керак.

 

❖  Ризқ сабабларидан –

 

  Тўрт нарса ризқни жалб қилади:

1)  тунги ибодатда қоим бўлиш;

2)  саҳар чоғларида кўп истиғфор айтиш;

3)  садақа беришга аҳд қилиб, давомли бериш;

4)  куннинг аввали ва охирида зикрларни айтиш.

 

Тўрт нарса ризқни тўсади:

1)  тонгдаги уйқу;

2)  намозга бепарволик;

3)  дангасалик, танбаллик;

4)  хиёнат, омонатга риоя қилмаслик, алдов.

 

❖  Мусо алайҳиссалом замоналарида бир камбағал эр-хотин яшар, йиллар давомида қашшоқликда кун кечирарди.

Бир куни хотини эрига:

– Мусо Аллоҳнинг пайғамбари эмасми? – деди.

– Ха, шундай, – деди эри.

– Унинг ҳузурига бориб, аҳволимизни айтайлик. Бизнинг ҳақимизда дуо қилса, балки Аллоҳ Таоло бизга ҳам бойлик ато этар... Шунда қолган умримизни фаровонликда ўтказармидик?..

Эри рози бўлди.

Эртаси куни улар Мусо алайҳиссалом ҳузурларига бориб, аҳволларини баён қилди. Мусо алайҳиссалом муножот қилиб, уларнинг ҳақига дуо қилдилар. Шунда Аллоҳ Таоло ваҳий юборди:

– Эй, Мусо, уларга айтинг, Мен уларни бой қиламан, аммо фақат бир йилга. Бир йилдан сўнг яна аввалги ҳолларига қайтишади.

Мусо алайҳиссаломдан бу хабарни эшитган эр-хотин ўзларида йўқ хурсанд бўлишди.

...Орадан кўп ўтмай, уларнинг ризқлари кутилмаган томонлардан келиб, қавмининг бой кишисига айланди.

Бир куни хотин эрига бундай деди:

– Эсингизда бўлса, бу бойлик бир йилгагина...

Эри бош ирғаб:

– Унда, кел, шу неъматлардан муҳтожларга улашайлик. Улар қилган яхшилигимизни эслаб, бизни дуо қилишар... – деди.

Шу мақсадда улар карвонлар кўп ўтадиган йўл юзида катта уй қуриб, ундан еттита эшик очди. Сўнгра кечаю кундуз йўловчиларни кутиб олиб, уларни меҳмон қилишарди.

Шу тарзда бир йил ўтди. Улар эҳсон қилишдан тўхтамади. Лекин уларнинг бойлиги камаймас эди...

Мусо алайҳиссалом ажабланиб, Аллоҳга муножот қилдилар:

– Эй, Парвардигори олам, Сен уларга «фақат бир йил» деган эдинг. Муддат ўтса-да, ҳануз бойлиги камаймаслигидан ажабланяпман?..

Аллоҳ Таоло марҳамат қилди:

– Эй, Мусо, Мен уларга ризқ эшикларидан биттасини очдим. Улар эса бандаларимни ризқлантириш учун еттита эшик очдилар. Мен улардан ҳаё килдим... Менинг бандам Мендан ҳам сахий буладими?!.

 

❖  “Одоби йўқнинг – илми, сабри йўқнинг – динга боғлиқлиги, тақвоси йўқнинг – Аллоҳга яқинлиги йўқдир” (Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи).

 

❖  “Яхшилик қилувчи кишининг моли баракали бўлади”.

 

❖  “Тонгги вақтда ризқ ва барака улашилади”.

 

❖  “Меҳмон минг барака ва минг раҳмат билан келади”.

 

❖  Бир Шайхнинг ҳузурига шогирдларидан бири келиб:

– Устоз, дуоларим қабул бўлмаяпти. Нега шундай бўляпти? – деб сўради… Шайх:

– Ота-онанг борми? – деб сўради.

Шогирд:

– Ҳа бор, Аллоҳга шукр, ота-онам ҳаёт…

Шайх кулиб:

– Мен сендан ота-онанг тирикми, деб сўрамадим. Ота-онанг борми? Қилаётган дуоларингда ота-онанг ҳам борми? – деб сўрадим.

Шогирд бошини эгиб:

– Йўқ, ота-онамни дуоларимда эсламас эканман – деб, нима учун дуолари ижобат бўлмаётганини англаб, шайхнинг ҳузуридан чиқиб кетибди.

 

 

УЛАМОЛАРИМИЗ АЙТАДИЛАР...

 

➢  Барвақт туришга одат – мўмин-мусулмоннинг одати ва зийнати.

 

➢  Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё, Аллоҳ! Умматимнинг барвақт қилган ишларига барака бергин!» деб дуо қилганлар. Бу дуонинг мағзини чаққан ота-боболаримиз вақтли туришга одатланишган, тонгдан ишга киришишган. Натижада кўп ютуқларга эришишган. Улар фарзандларини ҳам шунга ўргатиб боришган.

 

➢  Уйқудан эрта тонгда туриш ва ишни ибодатдан бошлаш ҳам вақтнинг баракали бўлишига сабаб бўлади.

 

➢  Инсон эрта тонгда туриб, юз-қўлини ювиб, Яратганга шукроналар айтиб, ибодатдан сўнг ишга киришса, иши баракали бўлади. Бу ҳамма соҳага тегишли. Илм олишни мисол қилиб келтирадиган бўлсак, тонг саҳарда китоб ўқилса, маълумотлар хотирада яхши сақланади. Чунки уйқу вақтида дам олган мия маълумотларни яхши қабул қилади.

 

➢  Динимиз таълимотларига кўра, инсон барвақт уйқудан туриб, ишларини бажариб, хуфтондан сўнг эртароқ уйқуга ётиши энг фазилати улуғ амаллардан ҳисобланади.

 Иложи бўлса, шомдан кейин кўчага чиқмаган маъқул.

 

➢  Ҳадиси шарифларда айтилишича, «хуфтондан кейин ўзаро гаплашиб ўтириш, беҳуда ишлар билан машғул бўлиш маъқул эмас». Айрим одамлар тун ярмигача телевизор кўриб, алламаҳалда уйқуга кетади. Натижада эрталаб жуда кеч уйғонади. Бундай кишилар рўзғорида барака, ишида унум бўлмайди. Бунақа ҳаёт тарзи киши соғлиғига ҳам зарар келтиради.

 

➢  Баъзи одамлар ризқи торлигидан шикоят қилади, «Қанча ҳаракат қилсам ҳам бирим икки бўлмайди!» деб зорланади. Уларнинг ҳолатига қуйидаги ҳадиси шариф изоҳ беради: «Тонгги уйқу ризқ келишини тўсади» (Имом Аҳмад ривоятлари).

 

➢  Ким кунини хайрли суратда бошласа, қолган қисми ҳам хайрли бўлади, ишлари бароридан келади, Аллоҳ тарафидан ўша банда ризқига барака берилади.

 

➢  Ривоятларда келишича, қуёш чиққунча бўлган вақт оралиғида ризқлар тақсимланади. Ризқ тақсимотида иштирок этмаган банда ундан маҳрум бўлган билан баравар.

 

➢  Тонг отгач ҳам уйқудан уйғонмаган банда ўрнидан ланж, дили хира бўлиб туради. Натижада унда ғайрат-шижоат бўлмайди, бирон ишни ҳафсала билан қилмайди. Шунинг учун ризқидан барака кетади.

 

➢  Ота-онасини хизматларини қилиб, уларнинг дуоларини олган одамнинг умрига, ризқига, ҳаётига Аллоҳ Таоло улуғ барака беради.

 

➢  "Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим" билан ейилган таомда барака бўлади.

 

➢  Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш уйдаги баракани орттиради.

 

➢  Уйда Қуръони карим бўлиши – баракадир.

 

➢  "Муҳаммад" исмли уй ва жойда барака бўлади.

 

➢  Бомдод намозининг суннатини уйда ўқиш ризқнинг баракасига сабаб бўлади.

 

➢  Намоз ўқийдиган кишининг ризқи баракали бўлади.

 

➢  Фосиқ ва судхўрларнинг даромадида барака бўлмайди.

 

➢  Жунуб ҳолда овқатланишлик камбағалликка олиб келади. Ҳожатхонада гапиришлик эса карликка олиб келади. Ҳаммомда бавл қилишлик васвасага олиб келади.

 

➢  Уламоларимиз: “Оқувчи сувга бавл қилган киши эсипаст бўлиб қолади, худди сичқон теккан таомни еган каби. Шунингдек лимонни куйдуришлик, кийими билан уйни супуришлик, қабрдаги ёзувларни ўқишлик, бутларга ва хочларга қарашлик, икки боғланган туяларнинг орасида юришлик, битларни йўлга ташлаб юришлик, денгизга доимий қараб туришлик” деб айтадилар.

 

➢  Татархония китобида: “Булбул ва шунга ўхшаш қушлар (тўти, қумри)ни қафасда сақлашлик жоиз эмас. Инсонларга фойда келтирадиганларни сақлаш жоиз, масалан товуқ, ўрдак, куркага ўхшашларни. Лекин шундай қушларики озод қушлар, инсонларга фойдаси йўқ, улар фақат ҳавас учун қафасда сақланадиган бўлса, ўша кишининг хонадонидан барака учиб, фақирлик келтиради” дейилган.

 

➢  Фақирлик ва эсипастлик олиб келадиган сабаблардан бу саллани ўтириб ўраш ва шимни тик кийишдир.

 

➢  Уламоларимиз: “Фарзандингизни ўлим билан дуоибад қилманг, чунки у камбағалликни келтиради” деб айтадилар.

 

➢  Уйда чиқиндиларнинг бўлишлиги баракасизликка сабаб бўлади.

 

➢  Муборак ояти карималарда ва муборак ҳадиси шарифларда ота-онанинг ҳатто қадрдонларини ҳам эъзозлашга буюрилган.

   Ота-онамиз ёши улуғлар ичида юқорида келтирилган икром ва одобларга энг лойиқ ва энг-энг ҳақлироғидирлар. Зеро уларнинг мартабаси ва ҳурматини Аллоҳ Таолонинг Ўзи белгилаб берган. Ҳатто ота-онамиз севган ва қадрдон тутган инсонларни севиш ва икром қилиш – ота-онамизни икром қилишдандир.

Бу ҳақида шундай дейилади: Ибн Умар разияллоҳу анҳудан нақл қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дарҳақиқат, яхши ишларнинг энг яхшиси – киши отасининг қадрдонлари билан алоқаларни боғлашидир» (Имом Муслим ривоятлари).

Аллоҳ ҳаммамизга ота-оналаримиз, уларнинг қадрдонлари, ёши катта ва улуғларимизни мартабасини билиш, уларни икром қилиш каби яхши амалларда кўмакчи бўлсин! Улар сабаб устимизда турган баракани Парвардигори олам кўтармасин!

 

➢  Ёши улуғлар билан кўпроқ суҳбатда бўлганларда виқор ва босиқлик ҳамда ҳамма нарсага ақл билан ёндошиш каби хислатлар шаклланади.

 

➢  Қуръони каримнинг ¼ қисми (1504-та ояти карима)да ахлоқ ҳақида зикр қилинган.

 

➢  Ҳар бир хатти-ҳаракатларимизни Худо кўриб турганини доим эсда тутишлик даркор!

 

➢  Ҳалол ризқда гап кўп экан... Агар инсон ризқида, соғлигида ва фарзандларида баракани кўришни истаса, ҳалол касб қилишга ва ҳалол луқма ейишга астойдил уринсин, ҳаром ва шубҳали нарсалардан узоқ юрсин!

 

➢  Меҳнат қилаётган жойида, хоҳ савдогар бўлсин, хоҳ қурувчи бўлсин, хоҳ ўқитувчи бўлсин, хоҳ шифокор бўлсин, ҳалол, омонатдор ва иффатли бўлиши шарт.

 

➢  Ҳаё бор жойда иффат, поклик ва барака бўлади.

 

➢  Барча касб эгалари ўзлари меҳнат қилаётган жойларида ўғрилик, порахўрлик, текинхўрлик, судхўрлик, алдашлик, бировнинг мулкини ўзлаштириш каби ҳаром ишлардан сақлансинлар! Зеро бунинг оқибати бу дунёнинг ўзидаёқ яхшилик билан тугамайди.

 

➢  Уйнинг яхшилиги ва баракоти кўпайиши учун уйга кирганингизда, уй одамларига салом беринг.

 

➢  Полизни таҳоратсиз ҳайдаш баракасизликка сабаб бўлади.

 

➢  Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Бир киши келиб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга фақирлигидан шикоят қилди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз шамолни сўкасизми?!» – дедилар.

“Бундан шу нарса тушуниладики, – дейдилар Имом Шофеъий – кимики шамолни сўкса, фақирлик келтиради”.

 

➢  Зайнул Обидин раҳматуллоҳи алайҳи ёши улуғларнинг ҳақлари ҳақида шундай дейдилар: “Дарҳақиқат, ёшлари катталарни ёшлари сабабли улуғлаш, Исломни биздан олдин билган ва таниганлари учун ҳурмат қилиш, тортишмаслик, тик қарамаслик, олдинда юрмаслик, жоҳил, яъни илмсиз деб ҳисобламаслик, баъзи ҳолларда мабодо бепарволик қилсалар ҳам, уни кўтариш ва Ислом ҳаққи-ҳурмати уларни икром қилиш – уларнинг ҳақларидандир”.

 

➢  Кекса ва ёши улуғларни икром қилиш – Аллоҳни улуғлашдир!

 

➢  Муборак ҳадиси шарифларда келтирилишича, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан нақл қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Яхшилик (бошқа ривоятларида: барака) катталарингиз билан биргадир” (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари). Шунинг учун ҳам ёшлари катта одамлар бор хонадон баракали, нурли ва файзли бўлади.

 

➢  Токи ота-она ҳаёт эканлар, ҳеч бўлмаса бир йилда бир маротаба ота-онанинг маслаҳатлари билан уларнинг ўзларига маъқул бўлган жойга бориб, ҳам дам олиб, ҳам даволаниб, ҳам саёҳат қилиб келишларини ўз зиммасига олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган олижаноб иш. Бунинг мукофотини Аллоҳ Таоло нафақат у дунёда, балки шу дунёнинг ўзидаёқ ўзининг фарзандларидан афзали зиёдаси билан ортиқроқ қилиб қайтаради.

 

➢  Муборак Ҳаж-Умра сафарларига ўз ота-онасини юбораётган фарзандларни қайси ниятда бажараётган бўлсалар ҳам, ниятларига етказиб, уларга ҳам Худоим Таоло нафақат у дунёда, балки шу дунёнинг ўзидаёқ ўзининг фарзандларидан афзали зиёдаси билан ортиқроқ қилиб қайтаради.

 

➢  Ота-онасини хизматларини қилиб, уларнинг дуоларини олган одамнинг умрига, ризқига, ҳаётига Аллоҳ Таоло улуғ барака беради.

 

➢  Ота-онанинг ҳузурларида ўз фарзандини эркалатиш, чиройли муносабат ва ширин муомала қилиш ўта катта беодоблик, ота-онага нисбатан жуда ҳам катта беҳурматлик ва уларни менсимаслик белгисидур. Ақлли инсон ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ҳам бунга асло йўл қўймайди. Шу инсон ҳаётида албатта барака топади.

 

➢  Ҳазрати Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан: "Ота-онага оқ бўлиш қандай бўлади?" – деб сўрадилар. У зот деб жавоб бердилар: “Агар фарзанд кийимини қоқсаю, унинг чанги отаси ё онасига тегса, бу фарзанд Аллоҳ ҳузурида оқ бўлган, дея ёзилади”.

 

➢  Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан: “ота-онага оқ бўлиш нима?” деб сўрашганда: “Фарзанднинг ота-онасига яхшилик ва эҳсонни тўхтатиб қўйиши, уларни ташлаб қўйиши ва юзларига тик боқишидир”, деб жавоб бердилар.

 

➢  Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳидан сўрадилар:
"Киши ўз ота-онаси билан хусуматлашиши мумкинми?"
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: "Йўқ, ҳатто уларнинг кавуши билан ҳам хусуматлашиши мумкин эмас!", – деб жавоб бердилар. "Чунки ота-онага қарши далил ҳужжатни исботлашнинг ўзи, гарчи ҳақ бўлса-да, уларга оқ бўлиш саналади".

 

➢  Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса, билиб қўйки, ота-онага оқ бўляпсан!”.

 

➢  УЙИНГИЗДА БАРАКА БЎЛИШИНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ?
Азиз аёллар, уйдаги файз ва хотиржамлик кўп жиҳатдан сизнинг қўлингизда!

Мана бу оддий, аммо жуда муҳим амалларни одатга айлантиринг:

 

1)  Эрта уйғониш – тонгги вақтда ризқ ва барака улашилади.

2)  Салом билан кириш – уйингизга фаришталар ҳамроҳ бўлади.

3)  Тартиб ва покизалик – ҳожатхона эшикларини ёпиқ тутиш ва синган идишлардан воз кечиш уйдаги энергияни янгилайди.

4)  Сиркали сувда тозалаш – хонадонни турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилади.

5)  Тилингизни асранг – ғийбат бор жойдан барака қочади.

6)  Саховатли бўлинг – озгина бўлса ҳам садақа бериш балоларни қайтаради.

7)  Зикр ва дуо – Қуръони каримни тинглаш уйдаги барча ғам-ташвишларни аритади.

 

Қилинг, азиз аёллар, албатта қилинг! Бу кичик ҳаракатлар хонадонингизга кутилмаган бахт ва мўл-кўлчилик олиб келади.

 

➢  БАРАКАСИЗЛИК ВА ФАҚИРЛИККА САБАБ БЎЛАДИГАН АМАЛЛАР:

1)  Қуръони каримни бетаҳорат ушлашлик.

2)  Ота-она учун дуо қилмаслик.

3)  Ота-онани беҳурмат қилишлик.

4)  Ота-онани кўнгилларини оғритишлик.

5)  Ота-онанинг хизматларини қилмаслик.

6)  Ота-онанинг дуоларини олмаслик.

7)  Ота-онага оқ бўлишлик.

8)  Ота-онанинг исмларини билан чақириш.

9)  Ота-онага итоатсизлик.

10)  Ота-онани беписанд қилишлик.

11)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) ни ҳурматларини жойига қўймаслик.

12)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) га нисбатан беодоблик қилишлик.

13)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) олдиларидан кесиб ўтишлик.

14)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) нинг олдиларига тушиб юришлик.

15)  Ака-ука, опа-сингиллар билан бемеҳр бўлишлик.

16)  Қавм-қариндошлар билан яхши муносабатда бўлмаслик.

17)  Қўни-қўшнилар билан чиройли муомала қилмаслик.

18)  Ўтганларнинг ҳақларига дуо қилмаслик.

19)  Устознинг дуоларини олмаслик.

20)  Олим-уламоларни беҳурмат қилиш.

21)  Тонг вақтида ухлашлик.

22)  Бебисмиллоҳ таом ейишлик.

23)  Меҳмонга ҳақорат ила қарашлик.

24)  Нон ушоқларини оёқ остига ташлашлик.

25)  Турар жой (яшайдиган уй, ишхона) ларни озода тутмаслик.

26)  Кийим кечак (либос, бош кийим, оёқ кийим) ларни покиза тутмаслик.

27)  Фақирни камситишлик.

28)  Ўзгаларни менсимаслик.

29)  Уйни супурмай қўйишлик.

30)  Бемор, ночор, қийналган инсонларнинг устидан кулишлик.

31)  Динимиз шиорлари ва муқаддас қадриятлар (Қуръони карим, ҳадиси-шарифлар, Қибла, масжид, уламолар, жойнамоз, тасбеҳ, Рамазон ойи, фазилатлари бисёр улуғ аём кунлари, азон, намоз, таҳорат, Ҳаж, Умра ва бошқалар)га нисбатан ҳақоратомуз муносабат қилишлик.

32)  Идиш товоқни тоза тутмаслик.

33)  Қўлни ювмасдан таом ейишлик.

34)  Тик туриб таом ейишлик.

35)  Худо берган неъматларни увол-исроф қилишлик.

36)  Ҳар қандай қабристон ва қабристондагиларга нисбатан беҳурматсизлик қилишлик.

37)  Намозни қазо қилишлик.

38)  Остонада ўтиришликни одат қилишлик.

39)  Кун чиққунча ухлашлик.

40)  Бомдод намозидан кейин кун чиқмасдан ухлашлик.

41)  Ялангбош ҳожатхонага киришлик.

42)  Ҳожатхонада гаплашишлик.

43)  Ношукрлик.

44)  Масжидда дунёвий гапларни гаплашишлик.

45)  Шомдан кейин ухлашлик.

46)  Ҳовуз, ҳаммом ёки ғуслхонага пешоб қилиш.

47)  Бесабрлик.

48)  Идиш-товоқни ювмай қолдириш.

49)  Бошқаларни айблашлик.

50)  Тўмтоқ қалам билан ёзишлик.

51)  Синиқ тароқ билан соч тарашлик.

52)  Ҳаёсизликдан узоқ бўлмаслик.

53)  Юзни этак билан артиш.

54)  Шамолни, об-ҳавони, замонни сўкишлик.

55)  Озига шукр қилмаслик.

56)  Таомдан кейин қўл ювмаслик.

57)  Бир инсонни хафа қилишлик.

58)  Ахлоқсизлик.

59)  Илмсизлик.

60)  Номаҳрам аёлларга шаҳват назари ила қарашлик.

61)  Оила аъзолари билан жанжаллашишлик.

62)  Ёлғон гапиришлик.

63)  Ҳайвон, парранда, ҳашарот ва наботот оламига зулм қилишлик.

64)  Дангасалик.

65)  Гуноҳ амаллар.

66)  Зинога аралашишлик.

67)  Ҳаёсиз сўзларни ишлатишлик.

68)  Тиш билан тирноқ олишлик.

69)  Лоқайдлик.

70)  Тиланчилик.

71)  Кишидан қарздор бўлишлик.

72)  Хиёнат.

73)  Рибо (судхўрлик).

74)  Мазлум, етим, ногирон, бемор, ночор, қийналган инсонларнинг дилларини оғритишлик.

75)  Уйда ўргимчак тўри қолиши.

76)  Синиқ идишлардан фойдаланиш.

77)  Шом ва хуфтон орасида ухлаш.

78)  Дарахт остига пешоб қилиш.

79)  Тик турган ҳолда пешоб қилиш.

80)  Тунда уй супуриш.

81)  Суяниб овқат ейиш.

82)  Тик турган ҳолда ичиш.

83)  Жунуб ҳолатида еб-ичиш.

84)  Нонни тиш билан узиш.

85)  Қоронғи жойда овқат ейиш.

86)  Аёлларнинг тик турган ҳолда соч тараши.

 

➢  «Киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ Таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади» (Имом Термизий ривоятлари). Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳларида “кексаларни ҳурмат қилган кишининг ҳам умри узайиб, у ҳам кексалик ёшига етиш шарафига муяссар бўлади”, дейишади.

 

➢  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига Аллоҳ Таолодан барака сўраб дуо қилишни ўргатганлар. У кишига пишган янги мева олиб келинса, “Эй, Аллоҳ, бизга шаҳримизда, меваларимизда, муддимизда, соъимизда кўплаб барака бергин!” деб дуо қилардилар (Имом Муслим ривоятлари).

 

➢  Уйнинг баракаси қаердан бошланади?
Бир донишманддан сўрашибди: "Ризқнинг кенг, оиланинг хотиржам бўлиши учун нима қилмоқ керак?"

Донишманд жавоб берибди: "Эркак киши кўчадан уйга қайтаётганда аёлини хурсанд қилиш пайида бўлсин; аёл киши эса эрини кутиб олаётганда унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилсин".
Зеро ҳадиси шарифларда ҳам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз – аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганларингиздир» – дейилган.

 

➢  Бугун кўпчилик рўзғордаги камчиликлардан, барака қочганидан шикоят қилади.
Лекин асл барака – бир-бирини тушунишда, оиладаги ширин сўзда ва аёл кишининг кўнглини оғритмасликда эканини унутиб қўямиз.

 

➢  Кўнгил оғриган жойдан меҳр қочади, меҳр қочган уйдан эса барака кўтарилади.
Оилада хотиржамлик бўлиши учун энг муҳим 3 та хислат:

⇨  сабр;

⇨  кечиримлилик;

⇨  ўзаро ҳурмат.

 

➢  Кибр ҳалокатга етакловчи ва умрнинг баракасини кетказувчи омилдир.

 

➢  Ҳар куни миннатдорчилик сифатида камида 5 маротаба шукр қилишлик инсоннинг ҳаёти (умри, ризқи, оиласи, ишлари, даромади)га барака келтиради.

 

➢  Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кўп дуоларида Аллоҳ Таолодан барака сўрардилар. Шунингдек, янги фарзанд кўрган, янги уйланган кишиларга ҳам барака тилардилар. Таом пайтида ҳам “Эй, Аллоҳ, бизга ризқ қилиб берган нарсангда барака бергин, бизни мағфират этиб, ҳолимизга раҳм қилгин!”, дердилар. Шунинг учун Аллоҳ Таолодан ризқда, мол-у дунёда, фарзандларда, илмда, амалда, кунларда барака беришини сўраб дуо қилишимиз керак экан...

 

➢  «Қўй боқинглар! Чунки унда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

«Қўй боқинглар, чунки у баракадир» (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари);

«Қўй жаннат жониворларидандир» (Имом Термизий ривоятлари);

«Қўй боқинг, чунки унда барака бор» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир пайғамбарни юборган бўлса, албатта у қўй боққандир».

Саҳобалар: «Сиз ҳамми, эй, Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашганда,

У Зот: «Ҳа, мен ҳам бир неча қирот эвазига Макка аҳлининг қўйларини боқар эдим», деб жавоб берганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
​Мазкур ҳадиси-шарифларга асосан уламолар шарҳлаб: “Уйда қўй бўлиши ўша хонадон аҳли учун ризқ эшиклари очилишига ва турли балолардан ҳимоя бўлишига сабаб бўлади”, дейишади.

 

➢  Саҳар вақти уйқудан туриш – баракадир.

 

➢  Исроф – бараканинг душманидир.

 

➢  Эрта туриб, ҳовли-саҳнларни супуриш, кўчаларга сув сепиш, тилсиз жонивор ҳайвон-паррандаларни озуқалантириш, экин-текинларни парвариш қилиш, кундалик рўзғор юмушлари билан шуғулланган хонадонга албатта Аллоҳнинг раҳмати, файзу илоҳийси ва ўзгача баракаси ёғилади. Чунки бу ишларнинг ҳаммаси кони савобдан иборат амаллардир. Бу масала кўплаб мўътабар китобларимизда зикр этилган.

 

➢  Ота-онаси ва устозига ҳурмат кўрсатмаган кишининг топишида барака бўлмайди.

 

➢  Ҳурмат-эҳтиром ила ота-онаси ва устозининг хизматларини қилмаган кишининг топишида барака бўлмайди.

 

➢  Ота-онасига хизмат қилган фарзанднинг умри – баракали, уларга қарши чиққаннинг эса баракасиз бўлади.

 

➢  Эрта турилган хонадонга барака ёғилади.

 

➢  БАРАКАЛИ УЙ:

Ҳар бир инсон уйида тинчлик, муҳаббат ва барака бўлишини хоҳлайди. Бу ўз-ўзидан келмайди.

Муҳим қоидалари:

✓  Ризқ ҳалол бўлсин.

✓  Уйга келаётган пул ҳалол йўл билан топилса, уйда барака бўлади.

✓  Оилада эҳтиром устувор бўлсин.

✓  Катталарни ҳурмат қилинг, кичикларга меҳр кўрсатинг.

✓  Фарзандларга дуо қилинг.

✓  Уларни фақат сўз билан эмас, дуо билан тарбияланг.

✓  Ота-онанинг дуоси уйга барака келтиради.

✓  Уйда Қуръон садоси бўлсин.

✓  Қуръон тиловати, зикр ва дуолар уйни маънавий нурга тўлдиради.

✓  Меҳмонни ҳурмат қилинг.

✓  Меҳмон – ризқ ва бараканинг сабабчисидир. Унга кўнгилдан чиройли хизмат қилинг.

✓  Ўзаро кечиримли бўлинг.

✓  Уйда адоват эмас, кечирим, сабр, тушуниш ва ўзаро ҳурмат бўлсин. Бу тинчликнинг калитидир.

✓  Садақа ва яхшиликни одат қилинг.

✓  Садақа фақат моддий эмас, ширин сўз, яхши муомала ҳам бир яхшиликдир.

✓  Албатта, ушбу амаллар доимий бўлса, Аллоҳ таоло ҳар қандай хонадонга барака, муҳаббат ва тинчлик ато этади.

 

 

БАРАКАНИНГ (инсонга билдирилган) 177 та СИРИ

(бараканинг [умри, ризқи, оиласи, ишлари, даромадидаги] сабаблари)

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

1)  Қуръони карим ўқилганда жим туриш.

2)  Қуръони каримни бетаҳорат ушламаслик.

3)  Ота-онанинг ҳақларига ҳар доим дуо қилиш.

4)  Ота-онани асло беҳурмат қилмаслик.

5)  Ота-онанинг кўнгилларини ҳеч қачон оғритмаслик.

6)  Ота-онага кечаю кундуз, оғринмасдан хизмат қилиш.

7)  Ота-онага кечаю кундуз сидқидилдан ва меҳр билан хизмат қилиш.

8)  Ота-онанинг дуоларини доимо олиб юриш.

9)  Устозларининг дуоларини олиш.

10)  Ота-онанинг қадрдонларини ҳам эъзозлаш.

11)  Ота-онага ҳаргиз-ҳаргиз оқ бўлмаслик.

12)  Ота-онани исмлари билан чақирмаслик.

13)  Ота-онага мутлақо итоатсизлик қилмаслик.

14)  Ота-онага асло беписанд бўлмаслик.

15)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг ҳурматларини жойига қўйиш.

16)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га нисбатан беодоблик қилмаслик.

17)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) олдиларидан кесиб ўтмаслик.

18)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га тик қарамаслик.

19)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг олдиларига тушиб юрмаслик.

20)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан, ҳатто телефон орқали гаплашганда ҳам, ўрнидан туриб гаплашиш.

21)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га доимо хизмат қилиб, уларнинг дуоларини олиб юриш.

22)  Ака-укалар, опа-сингиллар билан бемеҳр бўлмаслик.

23)  Қавм-қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш.

24)  Қўни-қўшнилар билан чиройли муомала қилиш.

25)  Аёлларига доим ширинсўзлик билан муомала қилиш.

26)  Аёлларнинг эрларига доимо итоатли бўлишлари.

27)  Ота-онани доимо эъзозлаш.

28)  Фарзандларга меҳрибонлик қилиш.

29)  Фарзандларга дуо қилиш.

30)  Уйда асло жанжал қилмаслик.

31)  Уйда кечиримлилик, сабр-тоқат, ўзаро тушуниш ва ҳурмат-эҳтиромни сақлаш.

32)  Ўтганларнинг ҳақларига ҳар доим, ҳар куни камида беш маҳал намозда дуо қилиш.

33)  Ота-онанинг ҳақларига ҳар доим, ҳар куни камида беш маҳал намозда дуо қилиш.

34)  Борга қаноат қилиб, ҳамиша шукр қилиш.

35)  Барча ишларда доимо Худодан қўрқиб иш тутиш.

36)  Тез-тез садақа бериб туриш.

37)  Бирор инсонни хафа қилмаслик.

38)  Олимлар ва уламоларни ҳурмат қилиш.

39)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан ҳеч қачон ва умуман тортишмаслик.

40)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га ёлғон гапирмаслик.

41)  Худо берган неъматларни асло увол қилмаслик ва исрофга йўл қўймаслик.

42)  Истиғфор айтишни канда қилмаслик.

43)  Ахлоқсизлик қилмаслик.

44)  Илм ўрганишга интилиш.

45)  Турар жой (уй, ишхона)ларни тоза-озода тутиш.

46)  Кийим-кечак (либос, бош кийим, оёқ кийим)ларни покиза тутиш.

47)  Жунуб ҳолатида еб-ичмаслик.

48)  Оила аъзолари билан жанжаллашмаслик.

49)  Иложи борича қарздор бўлмаслик.

50)  Меҳмонга ҳақоратомуз назар билан қарамаслик.

51)  Меҳмонни ҳурмат қилиш.

52)  Меҳмонга чин дилдан, чиройли хизмат қилиш.

53)  Беҳаёлик қилмаслик.

54)  Бесабрлик қилмаслик.

55)  Ўзидан ёши катта одамнинг олдига тушиб юрмаслик.

56)  Уй-рўзғорда, ишда ва кундалик ҳаётда тартиб-интизомга риоя қилиш.

57)  Уй-рўзғорда ва ишхонада покизаликка риоя қилиш.

58)  Уй-рўзғорда ва ишхонада озодалик ва покизаликни сақлаш.

59)  Дангасалик қилмаслик.

60)  Атрофдагиларга нисбатан беозор бўлиш.

61)  Одамларга асло азият етказмаслик.

62)  Ҳайвон, парранда, ҳашарот ва наботот оламига асло зулм қилмаслик.

63)  Ёлғон гапирмаслик.

64)  Ҳар бир ишни «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» билан бошлаш.

65)  Эрта ётиш.

66)  Эрта туриш.

67)  Уйга кирганда салом бериб кириш.

68)  Қўй боқиш.

69)  Намозларни қазо қилмаслик.

70)  Оилада ширинсўз ва хушмуомала бўлиш.

71)  Қуръони карим ўқишни тарк этмаслик.

72)  Танишларга ҳам, нотанишларга ҳам салом бериш.

73)  Одамларга биринчи бўлиб салом бериш.

74)  Ўзидан ёшларга биринчи бўлиб салом бериш.

75)  Салом берганларга зиёдаси билан янада чиройлироқ жавоб қайтариш.

76)  Тонг пайтида ухламаслик.

77)  Ризқнинг ҳалол бўлишига эътибор бериш.

78)  Уйга келадиган пулни ҳалол йўл билан топиш.

79)  Уйга келадиган нарсаларнинг ҳалол бўлишига эътибор бериш.

80)  Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш.

81)  Оила аъзолари билан бирга дастурхон атрофида ўтириш.

82)  Дастурхон атрофида бош кийим билан ўтириш.

83)  Дастурхонда таомни улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)дан олдин бошламаслик.

84)  Бебисмиллоҳ таом емаслик.

85)  Дастурхон атрофида ҳам улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га чиройли хизмат қилиш.

86)  Дастурхондан дуо қилмасдан турмаслик.

87)  Нон ушоқларини оёқости қилмаслик.

88)  Идиш-товоқларни тоза тутиш.

89)  Таомланишда ман этилган нарсалардан сақланиш.

90)  Таомдан олдин ва кейин қўлни ювиш.

91)  Таомни биргаликда ейиш.

92)  Таомни "Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим" деб бошлаш.

93)  Таомнинг ўртасидан эмас, четидан олиш.

94)  Муборак Рамазон ойларида саҳарлик қилиш.

95)  Овқатни қайноқ ҳолда истеъмол қилмаслик.

96)  Саҳарда бедор бўлиш.

97)  Хурмо, сут, асал, сирка, арпа қўшиб тайёрланган нонни истеъмол қилиб туриш.

98)  Берилган ризққа ҳамиша рози бўлиш.

99)  Бор ризқидан асло норози бўлмаслик.

100)  Қўл ювмасдан таом емаслик.

101)  Тик туриб таом емаслик.

102)  Тик турган ҳолда ичмаслик.

103)  Суяниб овқат емаслик.

104)  Нонни тиш билан узмаслик.

105)  Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) гапирганларида сукут сақлаб, жим туриб, уларни диққат билан тинглаш.

106)  Ўзидан ёшлари катталарни доимо ҳурмат қилиш.

107)  Ўзидан ёши кичикларни доимо иззат қилиш.

108)  Уйда Қуръон тиловати, зикр ва дуоларни кўпайтириш.

109)  Оилада ҳурмат-эҳтиромни устувор қилиш.

110)  Ножўя (беҳаё, хунук, совуқ, ёқимсиз ва кўнгилга тегадиган) сўзларни ишлатмаслик.

111)  Одамлар билан асло тортишмаслик.

112)  Ғийбат қилмаслик.

113)  Қабристон, масжидларга бош кийимсиз кирмаслик.

114)  Ишларни эрталабдан вақтли бажариш.

115)  Кўп салавот айтиш.

116)  Идиш-товоқларни ювмасдан эрталабгача қолдирмаслик.

117)  Шамолни, об-ҳавони, замонни сўкмаслик.

118)  Динимизнинг шиорлари ва муқаддас қадриятлари (Қуръони карим, ҳадиси-шарифлар, Қибла, масжид, уламолар, жойнамоз, тасбеҳ, Рамазон ойи, фазилатлари бисёр улуғ аём кунлари, азон, намоз, таҳорат, Ҳаж, Умра ва бошқалар)ни самимий ҳурмат-эҳтиром қилиш ва эъзозлаш.

119)  Кўп ва ортиқча гапирмаслик.

120)  Уйда чиқинди тўпланишига йўл қўймаслик.

121)  Уйда ўргимчак тўри қолдирмаслик.

122)  Тунда уй супурмаслик.

123)  Тўмтоқ қалам билан ёзмаслик.

124)  Синиқ тароқ билан соч тарамаслик.

125)  Тирноқни тиш билан кесмаслик.

126)  Имкон қадар доим батаҳорат юриш.

127)  Ҳожатхонага ялангбош кирмаслик.

128)  Ҳожатхонада гаплашмаслик.

129)  Ҳожатхона (эшиги, қопқоғи)ни ёпиб юриш.

130)  Ҳовуз, ҳаммом ёки ғуслхонага пешоб қилмаслик.

131)  Дарахт остига пешоб қилмаслик.

132)  Тик турган ҳолда пешоб қилмаслик.

133)  Фақирларни камситмаслик.

134)  Бемор, ночор, қийналган инсонларнинг устидан кулмаслик.

135)  Беморлар ҳолидан хабар олиб, дуоларини олиш.

136)  Ҳар қандай қабристон ва қабристондагиларга нисбатан ҳурматсизлик қилмаслик.

137)  Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча ухламаслик.

138)  Ҳаргиз ношукрлик қилмаслик.

139)  Масжидда дунёвий гапларни гапирмаслик.

140)  Шомдан кейин ухламаслик.

141)  Шом ва хуфтон намозлари орасида ухламаслик.

142)  Қоронғи жойда овқат емаслик.

143)  Мазлум, етим, ногирон, бемор, ночор, ғариб, қийналган инсонларга имкон қадар ғамхўрлик қилиш.

144)  Номаҳрам аёлларга шаҳват назари ила қарамаслик.

145)  Зинога яқинлашмаслик.

146)  Аёлларнинг эркаклар йўлини кесиб ўтмаслиги.

147)  Рибо (судхўрлик)дан эҳтиёт бўлиш.

148)  Хиёнат қилмаслик.

149)  Аёлларнинг тик турган ҳолда соч тарамаслиги.

150)  Бошқаларни ҳаргиз айбламаслик.

151)  Ўзаро кечиримли бўлиш.

152)  Тиланчилик қилмаслик.

153)  Остонада ўтиришни одат қилмаслик.

154)  Олди-сотдида қасам ичмаслик.

155)  Тижоратда ёлғон ва хиёнатга йўл қўймаслик.

156)  Худо берган қиз фарзанд учун асло хафа бўлмаслик.

157)  Болаларни яхши кўриш.

158)  Халқнинг дуосини олишга муносиб ишлар қилиш.

159)  Мусофирларга доим ёрдам бериш.

160)  Сафарга чиққанда ён-атрофдагиларга озор етказмаслик.

161)  Аёллар, ёш болалар, жисмоний ёки ақлий имкониятларида чекловлари борлар билан тортишмаслик.

162)  Азадор хонадонларга таъзия изҳор этиш.

163)  Олди-сотдида, қарзни қайтаришда ва берилган ваъдаларни бажаришда вафоли бўлиш.

164)  Суҳбатдошнинг гапларини сукут сақлаб, диққат билан тинглаш ва унинг сўзини бўлмаслик.

165)  Уйда синиқ, яроқсиз нарса (идиш-товоқ, турли рўзғор буюм)лардан фойдаланмаслик.

166)  Қибла томонга беҳурматлик иш (оёқ узатиш, тупуриш, ҳожат каби)ларни қилмаслик.

167)  Ҳаммага фақат яхшиликни раво кўриш.

168)  Фосиқ ва судхўрлардан узоқроқ юриш.

169)  Гуноҳ ишлардан ўзини тийиш.

170)  Садақа бериш ва яхшилик қилишни одатга айлантириш.

171)  Ота-онага бўлган меҳрни намоён этиш мақсадида ҳар куни, ҳар ҳафта, ҳар ой, байрамларда ва ота-онанинг қувончли кунларида уларнинг кўнгилларини кўтариш. Бунинг учун телефон орқали тилаклар, расмлар, видеолар, хабарлар, овозли хабарлар ва SMS-хабарлар юбориш; имконият бўлганда юзма-юз кўришиш; турли совға-саломлар билан уларнинг кўнгилларини кўтариб, бебаҳо ва бетакрор табаррук дуоларини мунтазам олиб туриш.

172)  Ота-онанинг соғликларидан, кундалик оби-таомларидан, даркор бўлса дори-дармонларидан Худо берган ҳар бир кунда доимо хабардор бўлиб туриш. Уларнинг ҳолидан ҳар куни жиддий диққат билан ҳақиқатан бохабар бўлиб, меҳрли эътибор билан ширин муомала қилиш. Барча кам-кўстларини доимий равишда, ўз вақтида, тезкор ва тўлиқ таъминлаб, меҳрибонлик ила етказиб туриш.

173)  Ота-она, барча мўмин-мусулмонлар, ўз халқи, юрти, яқинлари, қавм-қариндошлари, қўни-қўшнилари, оила аъзолари учун ва ўзи учун ҳам барака сўраб дуо қилиш.

174)  Барча ишларда Худога таваккал қилиш.

175)  Вақтни тўғри, унумли ва манфаатли тақсимлаш.

176)  Бор-йўғига, иссиқ-совуғига, кўп-озига қарамай, ҳар доим шукр қилиш.

177)  Ҳар бир ҳаракатини Худо кўриб турганини доимо эсда тутиб иш тутиш.

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган,

Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган,

ўтмишда ЎТГАНЛАРИМИЗНИНГ руҳлари шод бўладиган,

ХАЛҚИМИЗ хурсанд бўладиган,

ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов

Мақолалар