Тошкент ислом институтида “Январь – Араб тили ва балоғат” фанлари ойлиги ҳамда "18 декабрь – Халқаро араб тили куни" муносабати билан талабалар ўртасида “Тиллар” кафедраси томонидан мусобақа ташкил этилди.
Мусобақа ҳар йилгидек қизғин ва юқори савияда ўтди. Айниқса, саҳна кўринишлари талабаларнинг ижодкорлигини ва араб тилига бўлган қизиқишини ёрқин намоён этди ҳамда томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Араб тилини билиш Қуръони карим маъноларини англашга, илм-фан, тарих ва халқлар маданиятларини ўрганишга олиб борувчи йўлдир.
Мусобақада қуйидаги натижалар қайд этилди:
1-ўрин: Саккокий жамоаси (3-курс талабалари);
2-ўрин: Замахшарий жамоаси (1-курс талабалари);
3-ўрин: Мулла Жомий жамоаси (2-курс талабалари).
Мусобақа талабаларнинг билимларини янада ривожлантиришга хизмат қилди. Ғолибларга эсдалик совғалари ва мақтов ёрлиқлари топширилди.
Араб тили нафақат диний илмларни ўрганиш, шу билан бирга дунё маданиятлари, илм-фан ва тарихга йўл очувчи тиллардан биридир. Бу каби тадбирлар талабаларга билимларини амалда қўллаш имкониятини бериб, уларнинг ижодий қобилиятларини оширади.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.
Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати