Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 18 декабрь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, диний таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 27 июнь куни Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказида “Тамаддун” лойиҳаси қўшма дастури асосида республика илмий-назарий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда Тошкент ислом институти, Имом Мотурудий Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мир Араб Олий мадрасаси, Жӯйбори калон аёл-қизлар ӯрта махсус ислом билим юрти ва Мир Араб ӯрта махсус ислом билим юрти ходимлари ва мутахасислар иштирок этдилар.
Конференцияда радикализм, такфирий гуруҳлар ва ёт фикрий талқинларга қарши курашда соф Нақшбандийлик тариқати, Мотуридийлик ақидаси ва Ҳанафийлик мазҳабининг ўрни беқиёс эканлиги алоҳида қайд этилди.
Иштирокчилар тасаввуф асло боқимондалик эмаслигини, аксинча, совет даврида инсонларни материалистик ҳаётга мослаштириш учун атайлаб сохта тариқатчилик ғоялари ёйилганини тарихий далиллар билан кўрсатдилар.
Диний қадриятларни тиклаш ва бағрикенгликни мустаҳкамлашни мақсад қилган ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон уламолари билан бир қаторда хорижлик олимлар, жумладан, Бухоро давлат университети профессори Айман Усмон Аш-Шурайъий ва Туркиянинг Dicle университети ходими Mustafa Alagözoğlu ҳам ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Конференция якунида бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Жумладан, соф Нақшбандийлик манбаларини акс эттирувчи махсус рақамли платформаларни ишлаб чиқиш ва диний таълим муассасалари дастурларига тасаввуф фанларини чуқурлаштирилган ҳолда киритиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида меҳнатсеварликни тарғиб қилиш мақсадида “Даст ба кору дил ба ёр” (Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин) шиори остида яшаб ўтган Нақшбандия уламоларининг ҳаёт йўлини тизимли равишда ўргатишга катта эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.