Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаммад Маҳдий
(халифалик даври: ҳижрий 158–169; милодий 775–785)
У Муҳаммад Маҳдий ибн Мансурдир. Муҳаммад Маҳдийга отасидан кейин, отасининг ақли асосида ҳижрий 158 йилда байъат қилинди. У жуда ҳам саҳий – карамли инсон бўлиб, муҳтожларга кўплаб эҳсонлар қилар, зулмга учраганлардан ёрдамини аямас эди. Муҳаммад Маҳдий ибн Мансур Масжидул Ҳаром ва Масжиди Набавийни кенгайтирган инсондир.
Ҳодисалар
Муҳаммад Маҳдийнинг даврида барқарорлик ва хотиржамлик ҳукм сургани учун ҳеч бир тилга олишга арзигулик ҳаракатлар ёки қўзғалонлар бўлмади.
Зиндиқлар
Монавийя, санавийя, яъни нур ва зулматга ибодат қилувчиларга эргашганларга «зиндиқ» деган лақаб берилган. Бунинг асли қадимги Форс динларидан бўлиб, Маздакка нисбат берилади. Кейинчалик диндан чиққан ёки бидъатга берилган ҳар бир одам ҳам зиндиқ деб аталадиган бўлган. Гоҳида шарм-ҳаёсиз, фисқу фужур билан яшайдиган адибларга, ўйин-кулгига қизиққан одамларга нисбатан ҳам мана шу лақаб ишлатилган.
Маҳдий зиндиқларга қарши энг кўп кураш олиб борган, доим уларнинг орқасидан кузатиб, жазо бериб келган аббосий халифалардан ҳисобланади. У ўғли Ҳодийни зиндиқларни таъқиб қилиш, уларга эркинлик бермаслик учун масъул қилиб қўйганди. Ҳодий отасининг насиҳатига амал қилиб, бу ишни жуда яхши тарзда олиб борар эди.
Хаворижлар
Ҳижрий 160 (милодий 777) йилда Жазоирнинг Тоҳарт деган жойида ҳаворижларнинг расмий давлати пайдо бўлди. Улар ибозийлар деб ҳам аталар эди.
Фатҳлар
Маҳдий ўз даврида Рум юртларида катта ғалабаларга эришди. Ўғли ар-Рашид ўша вақтларда лашкарбоши бўлиб хизмат қилар эди. У Мармара денгизининг соҳилларигача етиб бориб, аёл император Агуста билан сулҳнома тузди. Ҳижрий 166 (милодий 783) йилда уларга жизя солди.
Муҳаммад Маҳдийнинг вафоти
Халифа Муҳаммад Маҳдий ибн Мансур ҳижрий 169, милодий 785 йилда вафот этди. У ўн йилу бир неча ой халифалик қилди.
Мусо Ҳодий
(халифалик даври: ҳижрий 169–170; милодий 785–786)
У Мусо Ҳодий ибн Муҳаммад Маҳдийдир. Унга отасидан кейин байъат қилинди. У отасининг ишини давом эттириб, зиндиқларни қувди ва уларни йўқотишга ҳаракат қилди. Мусо Ҳодий валиаҳдликни акаси ар-Рашиддан ўғлига олиш мақсадида ҳаракат қилди, лекин эплай олмади.
Ҳодисалар
Ҳусайн ибн Алий ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Алийнинг қўзғалони
Бу қўзғалон Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида бўлиб ўтди. У кишининг мақсади халифа бўлиш эди, лекин Ҳодий уни йўқ қилди. Ҳижрий 169 (милодий 785) йилда эса Маккаи мукарраманинг ёнидаги Фаҳ деб аталмиш жойда унинг жамоатини енгди.
Ушбу жангда Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ибн Ҳасан қочиб қутулди. У Мағрибга борди ва ўша ерда идрисийлар давлатига асос солди. Шунингдек, унинг акаси Яҳё ибн Абдуллоҳ Дайлам юртларида қўзғалон кўтарди. Унинг тарафдорлари кўпайди, шавкати ошди. Халифа катта аскар юбориб, уни ҳам енгди.
Мусо Ҳодийнинг вафоти
Ҳижрий 170 (милодий 786) йилда халифа Ҳодий вафот этди. Баъзи тарихий манбаларда таъкидланишича, унинг ўлимига онаси Хузайрон сабабчи бўлган. Бу аёл одамларни ўз ўғлини ўлдиришга ундаган, чунки у онасини фойдаланиши керак бўлган турли имтиёзлардан маҳрум қилганди. Бу аёл эри Маҳдийнинг даврида кўпгина имтиёзларга эга эди.
Мусо Ҳодий бир йилу уч ой халифалик қилди.
Хорун ар-Рашид
(халифалик даври: ҳижрий 170–193; милодий 786–809)
Ҳорун ар-Рашид ибн Маҳдий. У аббосийлар тожининг дури саналади. Ҳақиқатдан ҳам, Ҳорун ар-Рашид тарихдаги энг улуғ подшоҳлардан бири бўлган. Унинг даврида Ислом давлати равнақ топди. Аввал мисли кўрилмаган тўкинчилик, фаровонлик, бойлик замони бўлди. Ислом давлати ўзининг энг юқори чўққисини забт этди, истиқлолга эришиб, улуғворлик касб этди. Бу даврда Ислом давлати қувватланди, турли соҳаларда илгарилаб, илм соҳасида буюк ютуқларга эришди. Унинг салоҳияти, қудрати, қадр-қиймати ошди.
Суютий айтади: «Ар-Рашиднинг даври яхшилик даври бўлган. У давр ҳусни жамолда тўйлар ва байрамлар каби эди».
Ҳорун ар-Рашид шижоатли инсон эди. Рум юртларига ўзи лашкарбоши бўлиб борар, отасининг даврида уларни бўйсундирган эди. У ўша вақтларда йигирма ёшда эди. Шу билан бирга, у ниҳоятда тақводор бўлиб, ҳар бир ишда Аллоҳдан қўрқарди. У тўққиз марта ҳаж қилган. У ҳақда «Бир йили ҳаж қилиб, бир йили ғазот қилади» деган гаплар тарқалган. У воизларнинг гапларига қулоқ солар, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлар эди. У халифаларнинг энг афзалларидан, уларнинг энг фасоҳатлиларидан, олимларидан, карамлиларидан бўлган.
Унинг фазилатлари ичида энг улуғи илмга риояси эди. У Байтул Ҳикматнинг ишини ривожлантирди. Ҳирақла ва Византа (Византия) иқлимлари фатҳ қилинганидан кейин, у ерлардан кўплаб китоблар келтирилди.
Ҳорун ар-Рашид таржима ишларини олиб боришни Юҳанно ибн Мисавайҳга топширди. Байтул Ҳикматда таржимонлар билан бирга нусҳа кўчирувчилар, хазиначилар, муқовачилар ва бошқа хизматчилар ҳам фаолият олиб борадиган бўлишди.
Шунингдек, маданият ва маърифат соҳасида кўплаб ишларни амалга оширди. Мисли кўрилмаган мазкур ишлардан бутун оламни ёритувчи зиё таралди. Зулматга чўмган Европа ўрта асрларда айни Ҳорун ар-Рашид бошлаб берган маърифатдан таъсирланиб уйқудан уйғонди.
Ҳорун ар-Рашид ҳақида ғаразгўйлик ниятида жуда кўп миш-мишлар тарқалган, ботил гаплар айтилган, туҳматлар қилинган. Бану Аббоснинг энг улуғи бўлган бу инсон ҳақида лаҳвга, ароқхўрликка берилган деган гаплар ҳам ёйилган.
Ҳодисалар
Ҳорун ар-Рашиднинг даври тинчлик ва барқарорлик даври бўлди. Тарихда қоладиган нохуш ҳодисалар деярли юз бермади. Фақат ҳижрий 176 (милодий 792) йилда Ҳасан ибн Алий зурриётидан бўлган Яҳё ибн Абдуллоҳ Дайлам юртида қўзғалон кўтариб, баъзи иқлимларни ўзига бўйсундирди. Ҳорун ар-Рашид ҳижрий 180 (милодий 796) йилда уни енгиб, қўзғалонни бостирди.
Хаворижлар
Ҳорун ар-Рашиднинг даврида хаворижларнинг ҳам шиддатли қўзғалони бўлиб ўтди. Валид ибн Торийф Шорий деган кучли бир одам бошчилигидаги бу қўзғалон ҳижрий 178 йилда Арабистон яриморолида уюштирилди. Халифаликнинг лашкарлари бориб, Валид ибн Торийф Шорийни қийинчилик билан енгди ва йўқ қилди.
Зиндиқлар
Улар Журжонга эга бўлиб олиб, у ерда фисқу фасодларини давом эттиришди. Ҳорун ар-Рашид ҳижрий 181 (милодий 797) йилда уларни ҳам тинчитди.
Бармакийлар балоси
Бармакийлар асли мажусий форслар бўлиб, катта нуфузга эга эдилар. Улардан чиққан амирлар ва вазирлар бор эди. Бармакийлар Ҳорун ар-Рашиднинг даврида жуда кўп нарсаларга эга чиқиб, давлатнинг барча соҳаларини ўзларига бўйсундириб олишган эди. Аста-секин Ҳорун ар-Рашид уларни ҳам йўқ қилди. Ҳижрий 187 (милодий 803) йилда улар бутунлай тугатилди.
Улар нима учун ва қандай қилиб йўқ қилинганини ҳеч ким билмайди. Тарихчилар томонидан ҳам бу борада ноаниқ ихтилофли гаплар айтилган бўлиб, аниқ, ишончли маълумотлар келтирилмаган.
Хуросон қўзғалони
Хуросонда Рофиъ ибн Лайс ибн Наср ибн Сайёр деган одам бошчилигида ниҳоятда шиддатли қўзғалон кўтарилди.
Бу қўзғалон Хуросон волийсининг қаттиққўллиги ва мустабидлиги натижасида чиққан эди. Ҳорун ар-Рашид волийни ишидан бўшатиб, хибсга олди. Лекин шунда ҳам қўзғалон давом этаверди. Кейинчалик Рофиъ Маъмунга қарам бўлди.
Фатҳлар
Ҳирақланинг фатҳ қилиниши
Рум юртларидаги фатҳ ишлари тўхтамаган, гоҳида Ҳорун ар-Рашид бу ишларни ўзи бошқарар эди. Ҳижрий 187 йилда румликлар аҳдларини бузиб, ўзларига Накфурни волий қилиб тайинладилар. У Ҳорун ар-Рашидга қуйидаги мактубни ёзди:
«Румнинг подшоҳи Накфурдан арабларнинг подшоҳи Ҳорун ар-Рашидга. Ушбу мактубимни ўқиганингда сенга олиб борилган молларни менга қайтаргин. Ўзингни ўзинг шу тариқа қутқариб олгин. Акс ҳолда, сен билан бизнинг орамизда қилич».
Ҳорун ар-Рашид мактубни ўқиб, аччиқланди, ғазаби қўзғади ва унга қуйидаги мактубни ёзди:
«Мўминларнинг амири Ҳорун ар-Рашиддан Румнинг ити Накфурга. Эй кофиранинг ўғли, мактубингни ўқидим. Жавобни кўрасан, эшитмайсан».
Ҳорун ар-Рашид катта лашкар билан юриш қилди. Пойтахт Ҳирақлага кирди ва румликлар устидан ғалаба қозонди. Подшоҳнинг қизини асир қилди ва кўпгина нарсаларни ўлжага олиб, уларга жизяни фарз қилди.
Қубрус аҳли аҳдномани бузган эди, Ҳорун ар-Рашид уларни ҳам бўйсундирди.
Ҳорун ар-Рашиднинг вафоти
Ҳорун ар-Рашид ўзидан кейин ўғиллари Амин ва Маъмунлар халифа бўлишига аҳднома қилди. Бу жуда катта бир фитнанинг эшигини очди. Шундан кейин ака-укалар орасида фитна чиқди. Минглаб мусулмонларнинг умрига завол бўлди. Ҳорун ар-Рашид ҳижрий 193 (милодий 809) йилда вафот этди. Унинг ҳукмдорлиги 23 йил давом этди.
Кейинги мавзулар:
Муҳаммад Амин;
Абдуллоҳ Маъмун.
1. Автомобилни бошқариш бўйича етарли малакага эга бўлгандагина ҳайдаш керак.
Чунки машина ҳайдашни мукаммал ўрганмай туриб, йўлга чиқиш одамларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишга олиб келади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқдур”, дедилар (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).
Ислом ҳар қандай кўринишдаги зулмни ҳаром қилган. Инсонларнинг туғилишидан то ўлимигача ва ҳатто вафотидан кейин ҳам зарар этказишдан қайтаради.
2. Мунтазам равишда машинага эътибор бериш, ҳайдашдан олдин текшириш лозим.
Аллоҳ таоло: “...ғофиллардан бўлма” (Аъроф сураси, 205-оят), “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такаасур сураси, 8-оят) деб марҳамат қилган.
Инсон завқланадиган: озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, турар жой, машина, соғлик каби неъматларнинг ҳар бири учун Қиёмат кунида жавоб беради.
3. Хавфсизлик камарини тақиш талаб этилади.
Албатта, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва У раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир. Бироқ, динимиз сабаб ўлароқ аввало хавфсизлик чораларини кўришни, кейин Аллоҳга таваккул қилишни буюради. Тажрибаларда хавфсизлик камари бахтсиз ҳодиса пайтида ҳалокатнинг даржасини енгиллаштириши ва ҳайдовчини даҳшатли тўқнашувдан ҳимоя қилиши кўп кузатилган.
4. Инсон қадр-қимматининг улуғлигини унутмаслик.
Бу эса ҳайдовчини ҳайдашда жуда эҳтиёт бўлишга чақиради, Аллоҳ таоло Ўз китобида таъкидлаганидек, “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида сураси, 32-оят).
5. Рухсат этилган даражадаги тезликка риоя қилиш.
Белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмаслик бахтсиз ҳодисалар ва офатларга, кўп ҳолатларда ўлимга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундан қайтаради: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир”, деганлар
6. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва уларни бузмаслик.
Ҳатто йўл бўш бўлса ҳам сабрсизлик қилмаслик, шошилмаслик лозим. Озгина сабр қилмаслик ўлим ёки оғир жароҳатни келтириб чиқариши мумкин. Инсон ўз табиатига кўра сабрсиз ва ҳамма нарсани тезда амалга оширишни хоҳлайди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир” (Анбиё сураси, 37-оят), “Инсон шошқалоқ бўлгандир” (Исро сураси, 11-оят).
7. Эътиборни чалғитадиган нарсалар билан машғул бўлмаслик. Масалан, мобил телефондан тез-тез фойдаланиш, баланд овозда мусиқа эшитиш ва ҳоказо.
Британиялик психолог ва профессор доктор Саймон Мурнинг ўтказган тадқиқотига кўра, тез ва баланд ритмли қўшиқлар ҳайдовчини қўшиқ ритмига мос келадиган тезликни оширишга сабаб бўлади.
8. Уйқусираб ёки узоқ вақт уйқусиз қолганда машина ҳайдамаслик.
9. Автомобилни қўйиш учун тўғри жой танлаш, чунки йўл ҳаммага тегишли. “Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас” (Бақара сураси, 190-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм қилиб олса, Аллоҳ унга қиёмат куни бўйнига етти қават ерни осиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим. Имом Аҳмад. Абу Яъло. Абу Авона. Имом Ҳоким. Байҳақий).
Аллоҳ таоло йўлларимизни равон ва бехатар қилсин. Биздан бошқаларга ва ўзгалардан бизга озор етишидан Ўзи асрасин.
Даврон НУРМУҲАММАД