2024 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби раҳбарлигида вакиллик мутахассислари, Наманган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари ҳамда бош мутахассислари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда жорий йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Уламолар Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтгани, унда бир қатор тавсия ва кўрсатмалар берилгани юзасидан батафсил тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги имом-хатиблар меҳнат самарадорлиги, маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирлар ва маҳаллабай ишлаш тизими ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар билан ишлаш жараёнига оид умумий фаолиятни ўрганиш ва баҳолаш тизимини жорий қилиш бўйича «KPI – Имомларни баҳолаш мезони» лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2024-йил 14-декабрдаги 11/3113-сонли топшириғига асосан ҳар бир масжид ўзи жойлашган ҳудуддаги Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва Ҳудудгазтаъминот АЖ бўлимларига 2025-йил электр энергияси ва табиий газ учун янгиланган таъриф бўйича шартнома тузиш ва лимит олиш ишларини ташкил этиш вазифаси топширилди.
Бош имом-хатиблар бош мутаваллилар орқали масжидларга ишга қабул қилинган ва вазифасидан озод этилган ходимларни буйруқ чиққан санадан бошлан уч кун муддатда ЯММТ (Ягона миллий меҳнат тизими)га киритилишини таъминлаши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, масжидлар имом-хатиблари ва имом-ноиблари ўзларига бириктирилган МФЙларда ҳожилар билан амалга оширишлари лозим бўлган ишларни янада яхшилаш алоҳида урғу қаратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати