Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар", дедилар (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Имом Насоий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда: “Агар (одамлар) ўлчов ва тарозидан уриб қолсалар, қурғоқчилик ва озуқа танқислигига учрайдилар”, дейилган.
Бу ҳадисда тарозидан уриб қолиш, бировга ўлчаб ёки тортиб бераётганда кам қилиб бериш каби ҳолатлар ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши таъкидланмоқда. Бундан маълум бўладики, бировнинг ҳаққини ейиш, ҳаром йўллар билан бошқалар молини ўзлаштириш ризқнинг камайиши, бараканинг кўтарилиши ва турли хил оғир ҳолатларнинг келиб юзага келишига омил бўлар экан.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).