Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар", дедилар (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Имом Насоий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда: “Агар (одамлар) ўлчов ва тарозидан уриб қолсалар, қурғоқчилик ва озуқа танқислигига учрайдилар”, дейилган.
Бу ҳадисда тарозидан уриб қолиш, бировга ўлчаб ёки тортиб бераётганда кам қилиб бериш каби ҳолатлар ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши таъкидланмоқда. Бундан маълум бўладики, бировнинг ҳаққини ейиш, ҳаром йўллар билан бошқалар молини ўзлаштириш ризқнинг камайиши, бараканинг кўтарилиши ва турли хил оғир ҳолатларнинг келиб юзага келишига омил бўлар экан.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Уламолар динда ихтилоф чиқараётганлардан сақланиш учун мазҳаб аҳкомларида маҳкам туриш, мутаассиб ғояларга берилмаслик зарурлигини таъкидлайди ва ихтилофчиларнинг жамиятга бузғунчи таъсиридан сақланишда қуйидагиларни тавсия қилади:
– Аҳли сунна вал жамоа йўлидан юриш;
– Динни ўрганишда солиҳ аждодлар изидан бориш;
– Тизимли ва ишончли манбалар асосида илм ўрганиш;
– Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш;
– Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш;
– Турли тоифа, фирқа ва гуруҳларнинг чақириқларига учмаслик;
– Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш;
– Дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш;
– Ихтилофлардан четда бўлиш.
Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, у ерларда катта фитналар урчиб, ўлкалар заифлашган, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва махфий фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.
Шу нуқтаи назардан, мусулмонларимиз ақида, шариат ва диний амалларни бажариш масалаларида уламоларимизга эргашишлари, жамоадан ажралмаслиги, ўзларини бузғунчи тоифалар таъсирига тушиб, диний мавзуларда низо ва тортишув чиқаришдан тийишлари, ихтилофли масалаларнинг ечимини жумҳур уламоларнинг Қуръон ва суннат, мотуридия ақидаси, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар асосида ёзилган асарлардаги ҳужжат-далиллардан топишлари тўғри ечим ҳисобланади.
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме масжиди
имом-хатиби Мирзоҳид Умирзоқов
Манба: @Softalimotlar