Бир йигит нонвойнинг олдига келиб: -– Амаки, синглимнинг қорни жуда оч. Лекин пулимиз йўқ. Илтимос, унга бир дона нон беринг. Ҳеч бўлмаса бир бурда нон беринг. Пул топишим билан тўлаб кетаман,– дея ёлвора бошлади.
Нонвой унинг гапига қулоқ тутай демасди. Бола ҳам ёлворишдан тўхтамай “синглим оч, синглим оч” дерди.
Охири нонвой: – Бу ерга келчи? Қани синглинг? Бу ерга олиб кел, – деди. Бола югурганча кўчанинг нариги томонида турган синглисини чақирди.
Нонвой: – Исминг нима?, – деди қизчага.
Қизча: – Марям.
Сотувчи: – Очмисан?
Қизча уялибгина “Ҳа” деди.
Нонвой: – Мен сизларга икки дона нон бераман.
Йигитча: – Йўқ, амаки фақат бир дона сўрадим.
Сотувчи: – Олавер, олавер уялма – деди.
Йигитча: – Амаки раҳмат. Пул топганимда албатта бераман деб хурсанд бўлган ҳолда кетди.
Нонвой: – Қачон сен ва синглинг оч қолсангиз дарҳол менинг олдимга келинглар, – деб йигитнинг қўлига иккита нон берди.
Ака-ука, опа-синглингиз борми? Уларнинг доим қадрига етинг. Уларнинг ҳаққига дуо қилинг. Ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлса ҳам, ҳолларидан хабар олинг. Вақти соати келганда уларни тополмай қолишингиз мумкин.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ таржимаси
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари пойга мусобақаларини ташкиллаштирар эдилар. Отлар пойгаси бўларди, ғолибларга мукофотлар ҳам бериларди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғоятда тез югурадиган Азбо номли туялари бўлиб, у пойгаларда ҳеч кимга енгилмас, ундан ҳеч ким ўзиб кета олмас эди.
Кунлардан бирида бадавий (аъробий) ўзининг ёш туясида келиб, Азбодан ўзиб кетди. Бу воқеа мусулмонларга жуда оғир ботди ва улар хафа бўлишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига таскин бериб:
"Дунёда бирор нарсани кўтариб (юксалтириб) қўйса, уни пастлатиб (қуйига тушириб) қўйиш Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Бизни барча яхшиликларга йўллаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавотлар бўлсин. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликнинг барча эшикларини бизга очиб берганлар.
Даврон НУРМУҲАММАД