Спорт билан мунтазам шуғулланиш, айниқса, футбол ўйнаш ва шахмат доналарини суриб туриш ақлни пешлайди, тафаккурни теран қилади, кишида тез қарор қабул кўникмасини шакллантиради.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги имом-хатиблари ва имом ноиблари ўртасида шахмат ва мини футбол спорт мусобақалари ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирок этиб, мусобақани кириш сўзи билан очиб бердилар.
Табиийки, ҳар бир мусобақада ғолиблар аниқланади. Бу беллашувларда ҳам ғалаба кучлиларга, тажрибалиларга кулиб боқди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосасига кўра шахмат бўйича:
I ўрин Дилшодбек домла Умиртоевга (Шайхонтоҳур тумани);
II ўрин Комилжон домла Нуралиевга (Яшнобод тумани);
III ўрин Сарвар домла Муҳаммадиевга (Сергели тумани) насиб этди.
Шунингдек, мини футбол бўйича ҳам ғолиблар аниқланди:
I ўринни Чилонзор тумани имом-хатиблари жамоаси;
II ўринни Юнусобод тумани жамоаси;
III ўринни Учтепа тумани вакиллари қўлга киритишди.
Мусобақа ғолиблари ташкилотчи ва ҳомийларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Бирлашган Араб Амирликларида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон имом-хатиблари учун давлатчилик, бағрикенглик ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусида навбатдаги илмий-амалий машғулот бўлиб ўтди.
Учрашувда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва "васатийя" (ўрталик) тамойилининг жамият тинчлигидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Мамлакатда 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилаётгани таъкидланиб, инсон қадри ва ўзаро ҳурмат муҳим омил эканига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, БАА вакиллари Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига ҳисса қўшган буюк алломаларимиз хизматини юксак эҳтиром билан ёдга олишди. Тингловчиларнинг таъкидлашича, машғулотларда масжидларда маърузаларни проектор ва интерактив тақдимотлар орқали кўргазмали етказиш тажрибаси, шунингдек, имом-хатибларнинг жамият ҳаётидаги фаол ўрни кўрсатиб берилди.
Шунингдек, тадбирда БАА раҳбариятининг дунё бўйлаб амалга ошираётган инсонпарварлик ва хайрия лойиҳалари ҳақида атрофлича сўз юритилиб, бу каби манфаатли илмий сафарларни ташкил этган давлатимиз Раҳбари ва соҳа мутасаддиларига миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати