Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Молик Саъид ибн Мусаййибдан ривоят қилади:
«Бир мусулмон ва бир яҳудий хусуматлашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Яҳудий ҳақ бўлиб чиқди. Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди. Шунда яҳудий унга:
«Аллоҳга қасамки, ҳақ ила ҳукм чиқардинг», деди.
«Сен қаердан билдинг?» деди Умар, уни дарра ила уриб.
«Биз Тавротда: «Қайси қози ҳақ ила ҳукм чиқарса, албатта, ўнг томонида битта, чап томонида битта фаришта уни қувватлаб туради. Модомики, у ҳақда экан, ишини тўғрилаб ҳам турадилар. Қачон ҳақни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб, кўтариладилар», дейилганлигини топамиз», деди».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илоҳий адолат уммонидан сув ичган адолатларини кўргандан кейин, ундан баҳраманд бўлгандан кейин яҳудий ҳам эриб кетиб, мусулмонлар халифасини алқашга ўтган. У яҳудийларнинг бошқалардан беркитиб юрадиган китоблари, яъни Тавротдаги ҳақиқатни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳукмида кўрганлигини эътироф этган.
Ҳа, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Ислом жамияти раҳбари сифатида олиб борган ишларига бутун дунё қойил қолган ва ҳалигача қойил қолиб келмоқда.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш адолатли ишларни ташвиқот учун қилмас эдилар. Балки буни вазифа, Аллоҳ таоло олдидаги бурч, деб ҳис этганларидан қилар эдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир одам у киши учун Аллоҳ таоло нозил қилган шариат ҳукми олдида баробар эди. Мусулмонми, зиммийми ёки бошқами, ҳазрати Умар учун барибир эди. Ҳақ ким тарафда бўлса, ҳукм ўшанинг фойдасига чиқарилар эди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳашр сурасининг илк оятлари Аллоҳга тасбеҳ билан бошланиб: “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Ҳашр сураси, 1-оят), сўнгги оятлари ҳам тасбеҳ билан якунланади: “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 24-оят).
“Ҳашр” – “Жамлаб сургун қилиш” деган маънони англатади. Йигирма тўрт оятдан иборат ушбу сура Мадинаи мунавварада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Баййина” сураси нозил қилинган сўнг нозил бўлган.
Ҳашр – Қиёмат кунининг номларидан бири саналади. Охиратда инсонларнинг барчаси маҳшаргоҳда тўпланади. Ҳаётлик вақтларида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амаллари учун Аллоҳ таолонинг олдида жавоб беришади.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирганда уч марта “Аъузу биллаҳис-самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деб туриб, “Ҳашр” сурасининг охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД