Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июл, 2025   |   7 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
02 Июл, 2025, 7 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Қуръонга хизмат қилган машҳур қори

24.12.2024   4501   4 min.
Қуръонга хизмат қилган машҳур қори

Шу йил 10 декабрь Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотига бағишланган кун бўлиб, у Қуръон карим қироатига ҳаётини бағишлаган энг буюк қори бўлган.

“IQNA” ахборот агентлиги “Sada El Balad”га таянган ҳолда хабар беришича, 2024 йил шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотининг 53-йиллиги сифатида нишонланди. У Қуръон қироати ва диний тавошеҳ (нашида) соҳасида Миср ва мусулмон оламида катта из қолдирган зотлардан бири саналади.

Ёшлиги

Шайх Тоҳа Ҳасан Марсий ал-Фашний 1900 йилда Мисрнинг Бани-Сувайф вилоятидаги Ал-Фашн шаҳрида туғилган. Болалигидаёқ Қуръони каримни ёд олган ва бу унинг келажакдаги диний санъатга асос бўлган. Мактаб директорининг топшириғи билан у ҳар куни тонгги маросимларда Қуръон тиловати қилган ва унинг ажойиб овози ёшлигиданоқ эътиборга тушган.

 Кейинчалик, шайх Тоҳа  “Ал-Азҳар” университетида таълим олиб, Қуръони карим қироати ва таджвид қоидасини мукаммал ўрганди. У шайх Абдулҳамид ал-Саҳарийдан ижоза сертификати олиб, диний билимлари ва қироат санъатида етуклигини исботлади.

Истеъдоднинг шаклланиши

  Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг машҳур Қуръон ҳофизи бўлиб етишишида шайх Али Маҳмуд катта ҳиссасини қўшган. У диний тавошеҳнинг “қироли” сифатида танилган бўлиб, Тоҳа ал-Фашний ундан дуо ва мадҳия нашидалари айтишни  ўрганган. Кейинчалик у буюк бастакор Закария Аҳмад билан ҳамкорлик қилиб, тавошеҳ жамоасида иштирок этган. Бу ҳамкорлик унинг ўз даврининг энг яхши қори ва ижрочиларидан бири сифатида танилишини мустаҳкамлади.

 Шайх Тоҳа ал-Фашний ўзидан кейин нафақат бой Қуръон қироати меросини, балки Ислом санъатида чуқур из қолдирди. Унинг хотираси Қуръонга хизмат қилишга бел боғлаган келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.

Миср радиосидаги фаолияти

 Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг Миср радиосига хушовози билан кириб келиши  унинг касбий фаолиятида улкан бурилиш нуқтаси бўлди. 1937 йилда Миср радиоси раҳбари Саид Паша Лутфий “Ҳусайн” мажмуаси ҳудудида ўтказилган тадбирда шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг овозидан ҳайратланди ва уни юқори даражадаги қори сифатида тасдиқлади.

  Шундан сўнг шайх Тоҳа  ал-Фашний Қуръон карим эшиттиришида  Қуръон тиловат қила бошлади. Бу эса унинг овозини бутун Миср уйларига етказди ва халқ орасида катта шуҳрат қозонди.

Қироллик саройлари қориcи

Шайх, буюк қори Тоҳа ал-Фашний ҳаётининг энг муҳим босқичларидан бири унинг Қуръон тиловат қилиш учун қироллик саройига таклиф қилингани бўлди. У 9 йил давомида “Обиддин” ва “Рас ат-Тийн” саройларида Қуръон тиловат қилди ва Қирол Форуқ Рамазон ойи кечалари унинг овозини интизорлик билан тингларди.

Шунингдек, Миср собиқ президенти марҳум  Жамол Абдунносир ҳам унга ўз қўл тамғаси туширилган кумуш товоқни совға қилди. Бу ҳаракат унинг хизматларига бўлган ҳурмат ва эътироф рамзи эди.

Бебаҳо мерос ва унутилмас овоз

Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати соҳасида беқиёс мерос қолдирди. Унинг бетакрор овози ва тиловатдаги маҳоратлари уни Миср тарихидаги энг машҳур қорилардан бирига айлантирди.

Қори ва овоз санъати бўйича алоҳида иқтидор

   Қироат мутахассислари шайх Тоҳа ал-Фашнийни мафтункор оҳанг ва ёқимли овоз эгаси деб ҳисоблашади. У 17 мусиқий мақомни нодир осонлик ва нозиклик билан ўзгартириш қобилиятига эга бўлган.

   Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати ва диний тавошеҳ жанрида улкан мерос қолдирди. Унинг ноёб ижролари ҳанузгача Миср радиоси ва Араб радиоси орқали эфирга узатилади. Бу эса унинг бутун дунёдаги ихлосмандлари учун ёдгорлик вазифасини ўтайди.

Вафоти

 Шайх Тоҳа ал-Фашний 1971 йил 10 декабрда 71 ёшида вафот этди. Унинг умри Қуръон ва Аҳл ал-Байт алайҳимуссалом йўлида хизмат қилиш билан ўтди.

Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг исми ҳанузгача унинг ихлосмандлари қалбида сақланиб қолган. Унинг ҳаёт йўли эса келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шайх Тоҳа ал-Фашний нафақат қори ёки диний нашидлар куйчиси, балки Ислом умматининг қалбида абадий из қолдирган  бадиий ва маънавий рамз соҳибидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бу ҳадисни Расулуллоҳ ﷺдан эшитганмисиз?

30.06.2025   2744   1 min.
Бу ҳадисни Расулуллоҳ ﷺдан эшитганмисиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Муовиянинг даврларида икки одам жанжаллашиб қолди. Жанжал асносида бири бошқасининг тишини уриб синдирди. У синган тишини олиб, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига борди ва: «Тишнинг қасоси тиш бўлади, шунинг учун қасос олиб беринг», деди.


Ҳазрати Муовия: «Тўғри, сенинг ҳаққинг бор, лекин нима фойда? Сенинг тишинг-ку синиб бўлди. Уникини ҳам синдирайликми? Унинг ўрнига тишингнинг хунини ол, хун эвазига муроса қил», дедилар.

У киши: «Мен айнан ўша тишини синдириб қасос оламан», деди. Муовия розияллоҳу анҳу унга яна қайта тушунтирдилар. Лекин у кўнмади. Ҳазрати Муовия кейин: «Ундоқ бўлса юр, унинг ҳам тишини синдирамиз», дедилар.


Йўлда машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўтирган эдилар. У зот шундай дедилар: «Биродар! Қара, сен-ку қасос оляпсан. Лекин бу гапни ҳам эшитиб кет. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бировга азият етказса ва азият етган кимса уни кечириб юборса, Аллоҳ таоло уни афвга энг кўп муҳтож бўладиган кунда (яъни охиратда) афв қилади», деганларини эшитганман».

Боягина ғазабга миниб, хун ҳақи олишга ҳеч рози бўлмай турган одам ушбу ҳадисни эшитгач: «Сиз бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?» деб сўради. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Ҳа, эшитганман, менинг мана шу қулоқларим эшитган», дедилар.

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан