Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Келинликка номзод шахснинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва одоблари мавжуд.
1. Келинликка номзод шахс ўзини хушрўй кўрсатиш учун зийнатланишга ҳақли.
Уламоларимиз бунга мисол қилиб, Субайҳа бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг ҳадисини келтиришади. Унда «Қачонки нифосдан покланганда, совчилар учун зийнатланди» деган жумла бор. Бошқа бир ривоятда: «...сурма суртиб, хино қўйиб тайёрланди», дейилган.
2. Келинликка номзод шахс куёвликка номзодни кўришга ҳақли.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муғийра розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги: «Унга назар сол, чунки бундай қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», деганлари келинликка номзодга ҳам тегишли.
3. Келинликка номзод шахс куёвликка номзод билан суҳбатлашишга ҳақли. Бу – табиий ҳолат. Кўришгандан кейин, оила қуриш нияти бўлгандан кейин, ўртада суҳбат бўлиши турган гап.
4. Келинликка номзод шахс муайян эркакни ёқтириш ва унга никоҳланиш истагини билдиришга ҳақли.
قَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ وَلَدَتْ سُبَيْعَةُ الْأَسْلَمِيَّةُ بَعْدَ وَفَاةِ زَوْجِهَا بِنِصْفِ شَهْرٍ، فَخَطَبَهَا رَجُلَانِ أَحَدُهُمَا شَابٌّ وَالْآخَرُ كَهْلٌ، فَحَطَّتْ إِلَى الشَّابِّ، فَقَالَ الشَّيْخُ: لَمْ تَحِلِّي بَعْدُ، وَكَانَ أَهْلُهَا غَيَبًا وَرَجَا إِذَا جَاءَ أَهْلُهَا أَنْ يُؤْثِرُوهُ بِهَا، فَجَاءَتْ رَسُولَ اللهِ r، فَقَالَ: قَدْ حَلَلْتِ فَانْكِحِي مَنْ شِئْتِ. رَوَاهُ مَالِكٌ.
«Умму Салама айтадилар:
«Субайҳа Асламия эрининг вафотидан ярим ой ўтиб туғди. Унга икки киши совчи қўйди. Улардан бири ёш, бошқаси қари эди. У ёшига мойил бўлди. Чол: «Ҳали ҳалол бўлганинг йўқ», – деди. Аёлнинг аҳли ғойиб эди. Чол аёлнинг аҳли келганда уни ўзига беришларидан умидвор бўлди. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Бас, у зот: «Сен ҳалол бўлдинг. Кимни истасанг, ўшанга никоҳлан», дедилар» (Молик ривоят қилган).
Икки тараф риоя қилиши лозим нарсалар
Келинлик ва куёвликка номзодлар никоҳдан олдинги учрашув ва бошқа муносабатларда риоя қилишлари лозим бўлган нарсалар қуйидагилардан иборат:
1. Икковлари бир-бирларига номаҳрам эканликларини унутмасликлари зарур.
Чунки асли маҳрам бўлмаган икки жинсдаги шахснинг никоҳдан бошқа нарса маҳрам қила олмайди, жумладан, совчилик қилиш ва унаштириш ҳам.
2. Икковлари учрашмоқчи бўлсалар, фақат маҳрамларининг иштирокида учрашишлари шарт.
3. Икковлари учрашганда қўл бериб кўришишлари мутлақо мумкин эмас.
4. Никоҳдан олдин икковлари холи қолишлари мутлақо мумкин эмас.
"Бахтиёр оила" китобидан
Савол: Мен қорин тарафдан операция бўлдим ва қорнимнинг 25 см жойи тикилди ва бинт қўйилган. Докторлар сув текса йиринглайди умуман сув тегмасин дейишди. Эҳтилом бўлиб қолсам ё аёлим билан қўшилсам, қандай ғусл қиламан? Ҳамма еримга сув теккизиб, бинт турган жойига масҳ тортсам ғуслим ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, сиз айтган кўринишда ғуслингиз дуруст бўлади. Ислом динининг асосий тамойилларидан бири зарарни даф қилишдир. Шунинг учун ибодатларда бу нарсага алоҳида эътибор берилган. Жумладан, таҳорат ва ғусл қилувчига сув ҳолатни оғирлаштирадиган ўринларда таяммум қилишга рухсат берилган. Бунда қоида шуки, баданининг аксар қисмига сув теккизиш беморликка сабаб бўлса ёки касалликни тузалишини ортга суриб юборадиган бўлса, шунда ғусл қилмасдан таяммум қилинади. Шунинг учун баданнинг ярмидан кўпроқ қисмига сув ишлатиш имкони бўлса, ўша жойлар тўлиқ ювилади, қолган қисмига масҳ тортилади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.