Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Саҳобаи киромлар Рамазон ойи кириб келиши билан жуда ҳам хурсанд бўлар ва ўзларидаги шоду хуррамликни зоҳир қилишар эди.
Зубайд Ёмий розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни жамлаб, Қуръон тиловат қилиш ва уни бир мартабадан кўп хатм қилиш борасида мусобақалашар эдилар.
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кириши билан бошқа ишларни қуйиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан ҳадис айтиш ва илм мажлисидан узулиб, мусҳафдан Қуръон тиловатига киришардилар.
Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида намоздан ташқари олтмишта хатм қилардилар”.
Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса: “Албатта бу ой Қуръон тиловат қилиш ва мискинларга таом улашиш ойидир”, деб айтардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида ҳар куни кундузи битта хатм, Рамазондан сўнг эса ҳар уч кунда хатм қилар эдилар.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи келиши билан ўзларига вазифа қилиб олган вирдларини тўхтатиб, Қуръон тиловат қилиш билан машғул бўлардилар.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Аллоҳ таоло бу муборак ойни барча мусулмонлар учун манфаатли қилиб, бу ойдан улкан ажр-савоблар билан чиқишимизни муяссар айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.