Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Декабр, 2025   |   1 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:45
Пешин
12:26
Аср
15:16
Шом
17:01
Хуфтон
18:20
Bismillah
21 Декабр, 2025, 1 Ражаб, 1447

Сафар соати

27.12.2024   9952   6 min.
Сафар соати

Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг пок­ланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди. 
 

Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:

لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ

“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).


Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розиялло­ҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилиши­га катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кута­ётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”


Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос ро­зияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ке­либ: “Қўлингизни беринг, байъат қи­ламан”, деди.


Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».


Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...


Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:

رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ

“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.

“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳу­зурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”. 


Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин! 

Мавжуда НУРИДДИНОВА
 тайёрлади.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! ФАЗИЛАТЛИ РАЖАБ ОЙИ

04.02.2022   7410   2 min.
Ғафлатда қолманг! ФАЗИЛАТЛИ РАЖАБ ОЙИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.

Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.

Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.

Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).

?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар