Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:17
Қуёш
07:43
Пешин
12:24
Аср
15:14
Шом
16:59
Хуфтон
18:18
Bismillah
17 Декабр, 2025, ,

Имом – сўзи ва амали уйғун инсон

27.12.2024   13229   2 min.
Имом – сўзи ва амали уйғун инсон

1. Диний соҳани танлашингизга нималар ва кимлар туртки берган?

– Диний соҳани танлашимга падари бузрукворим сабабчи бўлган. У киши бизга ёшлигимиздан қисқа сураларни ёдлаттирган. Туманимиздаги жоме масжидлар имомларига шогирд тушдим. Мактабни тугатгач, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга кирдим.
 

2. Бугунги имом қандай бўлиши керак?

– Бугунги имом илмли, одобли, муомалада, юриш-туришда барчага ибрат ва намуна бўлиши зарур. Ўз устида тинимсиз ишлаши керак. Шу билан бирга, юртимизда диний-маърифий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор ва бу хайрли ишларни халққа етказа оладиган бўлиши зарур.


3. Имом-хатиб одамлар орасида худди юздаги холдек бўлиши керак. Шундай эмасми?

– Бугун халқимиз маърифатини юксалтириш, ­бидъат-хурофотларга муросасиз бўлишда имомнинг ўрни алоҳида. Имомнинг сўзи ва амали уйғун, яъни айтганига ўзи амал қиладиган бўлиши керак. Шунда­гина у одамлар орасида худди юздаги холдек бўлади.


4. Бугун жамиятимизда сизни қайси жиҳатлар қувонтиради ва ташвишга солади?

– Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар барча қатори мени ҳам қувонтиради. Айниқса, Қуръон ва тажвидни ўргатиш курслари фаолияти йўлга қўйилгани таҳсинга сазовор.

Айрим ёшларнинг билиб-билмай ақидаси бузуқ турли ғаламислар тузоғига тушиб қолаётгани дилни хуфтон қилади.


5. Энг кўп ўқийдиган китобларингиз? Диний манбалардан ташқари қандай мавзулардаги китобларни мутолаа қиласиз?

– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳи­маҳуллоҳнинг “Тафсири Ҳилол”, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Руҳий тарбия” асарларини қўлдан қўймай мутолаа қиламан. Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” китоби, жадидчи боболаримизнинг асарлари мени мафтун этган.


6. Танлаган касбингиздан кўнглингиз тўлмаган пайтлар ҳам бўлганми?

– Касбим – фахрим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросларини имкон қадар халққа етказаётганимдан беҳад бахтиёрман, алҳамдулиллаҳ.


Маълумот ўрнида, Шокирхон Имомиддинов 1979 йилда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. 1997–2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган. 2001 йилдан бери Қуйи Чирчиқ тумани “Олмазор” жоме масжидида имом-хатиб ҳамда 2019 йилдан буён мазкур туман бош имоми бўлиб ишлаб келмоқда. 

"Hidoyat" журналининг 8-сонидан олинган

 

Имом – сўзи ва амали уйғун инсон
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Инсон қадри” асарини ўқиб...

17.12.2025   2574   1 min.
“Инсон қадри” асарини ўқиб...

Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).

Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.

Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.

“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!

 

Акбаршоҳ Расулов

МАҚОЛА