Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тунда ибодат қилишни лозим тутинглар. Чунки бу сиздан аввал ўтган солиҳ кишиларнинг одатидир. Ва яна бу орқали Аллоҳга яқин бўлинади. У гуноҳни ювувчи, ёмонликларни ўчирувчи, бадандан дардларни қувғин қилувчидир” [1], деганлар.
Сиз ҳам тунда ибодат қилувчиларданмисиз?!
Одамлар уйқуда бўлган маҳал тун қоронғусида икки ракат намоз ўқиб, Раҳмон билан холи қолганча У Зотга илтижо қилганмисиз?! Ушбу онда Аллоҳ таолонинг фазлини сўрайсиз ва афв-мағфират тилайсиз...
Имом Саврий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Бир гуноҳим сабабидан беш ой тунда ибодат қилиш бахтидан маҳрум бўлиб қолдим”.
Бизлар нима деймиз экан-а?!
Улуғлардан бири айтади: “Тунда тургувчилар гуноҳдан лаззат олувчилардан кўра кўпроқ роҳатланадилар, яйрайдилар. Тун бўлмаганида эди, бу дунёда қолишни хушламаган бўлардим”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан: “Нега тунда таҳажжуд ўқувчиларнинг бошқаларга қараганда юзлари нурли бўлади?” – деб сўрашганида, у зот: “Чунки улар Раҳмон билан бирга холи қоладилар. Кейин У Зот уларга ўз нуридан улашади”, деб жавоб берган эканлар.
Тунда бир вақт борки...
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тунда бир вақт бўлиб, мусулмон банда Аллоҳдан сўровларини сўраркан, ўша вақтга тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга сўраганини беради. Бу эса ҳар тунда бор”, дедилар.
Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, ҳар кеча-я? – деб сўрашди. “Ҳа, ҳар кеча”[2], дедилар Набий алайҳиссалом.
Бироқ биз бундай кечаларнинг қанчасини ўтказиб юборганмиз. Неча марталаб тунни сериал ёки кино томоша қилиш билан ўтказамиз. Яна кечаси билан интернетда ўтириб тунни тонгга улаймиз.
Имом Заҳҳок айтади: “Шундай кишиларни кўрдимки, улар кечаси узоқ вақт ёнбошлаб ётишга Аллоҳдан ҳаё қилишарди”.
Ҳеч бўлмаганда икки ракат намоз ўқинг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тунда уйғонса ва аёлини ҳам уйғотса, кейин иккаласи бирга икки ракат намоз ўқишса, Аллоҳни кўп зикр қилувчилар қаторига битилажак” [3], деганлар.
Яна бир ҳадисларида бундай дейдилар: “Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуднинг намозидир. У туннинг ярмини уйқу билан ўтказар, учдан бир қисмида намоз ўқир ва олтидан бирида озгина мизғиб оларди”[4].
Тунда ибодатга туришингизга ёрдам берувчи амаллар
1. Кўп таом истеъмол қилманг. Тасаввуф аҳлларидан бири: “Эй шогирдларим, кўп еманглар! Кейин кўп ичасизлар ва кўп ухлайдиган бўласизлар, охири зарар кўриб қоласизлар”, дейди.
2. Бироз муддат бўлса-да, кундузи мизғиб олишга одатланинг. Бу тунда туришингизга ёрдам беради.
3. Тунда ибодат қилишингиздан аввал Аллоҳнинг муҳаббати ва тунги илтижоларнинг савобларини ёдга олинг.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти.
[2] Имом Муслим ривояти.
[3] Имом Абу Довуд ривояти.
[4]Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти.