Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Тақво – Рамазон рўзасининг ғоясидир. Яъни рўзадан кўзланган мақсад – тақводир. Бунинг учун банда Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан қайтиши, буюрган амалларни адо этиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ахир, инсон фақат таомдан ҳамда ичимликдан ўзини тийса-ю, лекин ёлғон сўзлашни, ғийбатни, судхўрликни, одамларнинг обрўсини тўкишни тарк этмасдан рўза тутиши мумкин-ми?!
Рўза бандани нафсига қарши туришга, ғазабини ютишга ва одамлардан етган озорларга сабрли бўлишга ўргатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза қалқондир. Рўзадор фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин».
Рўза бандани Аллоҳ таоло уни ҳамиша кузатиб турганини ҳис қилишга ҳамда ҳар бир ишни фақат холис Аллоҳ учун адо этишга ўргатади.
Шундай экан, рўза фақат таом ва шаробдан тийилиш эмас, балки нафсни тақво билан тарбиялашдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, тақводорлар жаннату анҳорлардадирлар. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадир” (Қамар сураси, 54-55-оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан