Одатда ҳар йили 31 декабрь санасида шомдан кейин бошланган пақилдоқ ва салютлар товуши соат ўн иккига яқин авжига чиқиб, тонггача давом этади. Ба‘зи инсонларнинг хурсандчилик қиламан, деган ниятда солаётган шовқинлари ҳаммага ҳам ёқмайди.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу овозу шовқинлар қанчалаб хонадонларнинг тинчини бузар эканаа?!. Баъзи уйларда қон босими баланд бўлган қариялар, оғриқдан кўнглига қил ҳам сиғмаётган беморлар, куну тун бетоб бўлиб ётган фарзандининг тепасида мижжа қоқмай чиқаётган оналар, шовқиндан қўрқиб тинмай йиғлаётган гўдаклар тонг отиши, шовқин-суронлар тўхташига интизор бўладилар. Кишилар тинчини бузаётганларни уйида ҳам юқоридага айтган ҳолатлар бўлганда шу ишни қилишармиди?
Динимизда бошқаларга тили ва қўли билан озор етказишдан қайтарилган. Исломда инсонларни қўрқитиш зулм ҳисобланади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмон мусулмонни қўрқитиши ҳалол бўлмайди", дея марҳамат қилганлар.
Янги йил арафасида пақилдоқ ва салютлар нархи қанча қиммат бўлиши ҳаммамизга ма‘лум. Мана шу нарсаларга пулларини исроф қилиб, уни ҳавога учирмай, эҳсон қилинса, қандай ҳам яхши амал бўларди.
Буларни нега ёзаяпмиз?! Илтимос, ўзингизнинг озгина хурсандчилигингизни, деб бошқаларга озор берманг, бизни ўз уйимизда тинч яшашга қўйинг, ўзгаларга озор беришни бас қилинг!"
Жозиба Жамол қизи,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом та‘лим муассасаси ўқитувчиси
Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.
Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.
Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.