Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳлар ҳукмларни татбиқ қилишади. Бу ҳукмлар эса мужтаҳидларнинг сўзларидан олинган бўлади. Шундан келиб чиқадики, бу борада иккита илм бор: ҳукмни чиқариб олиш илми ва уни амалга татбиқ қилиш илми. Бу биринчи фикр.
Энди бошқа охирги фикрга ўтсак.
Ҳозирги кунга келиб, замонимиздаги баъзи одамларда фиқҳга шубҳа билан қараш пайдо бўляпти. Бу иш таҳаллул йўналишида кенг тарқаяпти. Улар: «Фиқҳ диннинг таркибий қисми эмас, диндан айри нарса», дейишяпти. Уларга қандай жавоб берамиз? Уларга шундай деймиз: «Дин тўғри эътиқод, намунали хулқ ва солиҳ амалдан иборат. Демак, фиқҳ ҳам диннинг бир қисмидир».
Улар: «Абу Ҳанифанинг гапидан чиқиш диндан чиқиш эмас», дейишди, кейин эса: «Умуман, бирор мазҳабни ушлаш шарт эмас», деб юборишди. Таҳаллул йўналиши тарафдорлари бирор ҳукм ҳақида: «Бу Абу Ҳанифанинг сўзи, Абу Ҳанифанинг фикри», дейишди. Уларга шундай деймиз: «Бу Абу Ҳанифанинг шахсий фикри эмас. Бу «Чой ичгим келяпти», «Қаҳва ичаман», «Фалон таомни егим келяпти», деганга ўхшаган фикр эмас. Бу илмий фикр. Сиз шифокорнинг ҳузурига бориб, унинг илмий фикрини эшитиш учун пул тўлайсиз. Худди шунингдек, бу ҳукмлар ҳам Абу Ҳанифанинг илмий фикридир. Абу Ҳанифанинг илмга асосланган фикри эса диндир. Қандай қилиб, дейсизми? Аллоҳ таоло: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳод қилганлар, саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишган. Мана шу нарса аста-секин динни фаҳмлашга айланди. Биз ҳам динни фаҳмлашга буюрилганмиз. Абу Ҳанифанинг сўзи аввалдан ўзи пайдо бўлган шариатми? Йўқ! Унинг фикри Аллоҳ ва Унинг Расули ирода қилган нарсани баён қилиб, очиб беришдир. Қандай қилиб? Абу Ҳанифа илм ўрганди, шайхларнинг қўлида ўқиди, қоидалар ишлаб чиқди, шу тариқа унда муайян шартлар шаклланди. Шунинг учун у энди динни, Аллоҳнинг иродасини фаҳмлашга, тўғри тушунишга қодир бўлди. Энди унинг гаплари шахсий фикр эмас, балки Аллоҳнинг динини фаҳмлашга айланди. Унинг вазифаси Аллоҳ ва Унинг Расули ирода қилган нарсаларни қоидаларга мувофиқ баён қилиб бериш бўлиб қолди, чунки унинг сўзлари шахсий фикрга эмас, Қуръон ва Суннатга асослангандир.
Биз тиббиёт, муҳандислик ва шу каби бошқа барча илмларга асосланиб, бинолар қурамиз, беморларни даволаймиз. Буларнинг ҳаммаси ҳам илмий фикрга асосланган. Мана шу илмий фикрларга қараб жамиятни қурамиз, даволанамиз, ҳамма ишларни илм асосида бажарамиз. Булар ҳам фикр-ку! Лекин муҳандисларнинг фикрини уларнинг ўз шахсий фикри десак, бинони ишонч билан қура оламизми? Шифокорнинг тавсиясини унинг шахсий фикри десак, қандай қилиб даволанамиз? Агар биз мана шу фикрда юраверсак, бинолар ҳам қурилмайди, муҳандислик ҳам бўлмайди, умуман, ҳар қандай илм тўхтаб қолади.
Шунинг учун биз буларни илмнинг қоида ва асослари устига қурилган илмий фикрлар, деб атаймиз. Бошқа соҳаларда мутахассисларнинг фикрини эътиборга олганимиз каби, шаръий илмларда ҳам шундай қиламиз. Шаръий илмларнинг қолган барча илмларга нисбатан устунлиги бор, чунки улардаги қоидалар Қуръон ва Суннатдан олинган. Демак, хулоса шу бўлдики, фиқҳ диннинг бир қисми экан.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди