Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Байҳақий, Ибн Мунзир ва ал-Ҳоким Абу Имрон ал-Жунийдан ривоят қиладилар:
«Умар розияллоҳу анҳу бир роҳибнинг олдидан ўтиб кетаётиб, тўхтади. Роҳиб чақирилди ва унга: «Бу мўминларнинг амири», дейишди.
Бас, Умар унга синчиклаб қараб чиқди. Роҳибнинг таркидунё қилиб, чарчаб-ҳориб, қийналгани кўриниб турар эди. Умар унинг бу ҳолини кўриб, йиғлади. Унга:
«Бу насроний!» дейишди.
«Билдим, лекин унга раҳмим келди. Аллоҳ азза ва жалланинг «Амал қилувчилар, чарчовчилар. Қизиган ўтга кирурлар», деганини эсладим. Унинг чарчаб, ижтиҳод қилиб туриб, дўзахга кирганига раҳмим келди», деди Умар».
Залолат йўлини танлаб, ўзини беҳуда қийнаб юрган инсонга раҳми келиб, йиғлаш учун инсон ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қалби каби буюк қалбга соҳиб бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг Иймон-Ислом деб аталмиш улуғ неъматига муяссар бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига етган бахт-саодатнинг бошқаларга ҳам насиб этишини чин мусулмон сифатида жуда ҳам истар эдилар. Шунинг учун ҳам роҳибни кўрганларида чидаб тура олмай, йиғлай бошладилар. Атрофларидаги кишилар бу ҳақиқатни англаб етмай, ўзларича бошқача таъвил қилдилар. Улар: «Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу одамнинг насроний эканлигини билмасдан, ҳавас қилиб йиғламоқдалар», деб тушундилар. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унинг кимлигини билганлари ва шунча ўзини қийнагани билан иймони бўлмаганлиги учун дўзахга киришини ўйлаб йиғлаётганларини айтдилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бандаларнинг тавба-тазарру қилиши учун турли имтиҳонлар билан синовлар беради. Мана шу синовлардан шукр ва сабр ила ўтганларга Аллоҳ улкан савоблар бериб, гуноҳларини кечиради, мусибатларини аритади.
Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида туриб Аллоҳга зорланмадиларми?! У зотнинг нолаларига берилган жавоб қуйидагича бўлди: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик...»[1].
Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир, Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилгувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз»[2].
Айюб алайҳиссалом одоб ва ҳаё ила нидо қилмадиларми?! Аллоҳ таоло у зотга ҳам қуйидагича жавоб қилди: «Айюб эса Парвардигорига нидо қилиб: “(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюбга) оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг баробарида аҳли авлод ато этдик»[3].
Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини ҳам ижобат қилиб: «Нуҳни (эсланг!) У илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳлини буюк ғамдан қутқардик»[4], деди.
Яъқуб алайҳиссалом ҳам бошига тушган синовни аритишини сўраб Аллоҳ таолога нидо қилди: «...Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...»[5].
Пайғамбарларнинг энг афзали бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қувғин бўлиб, ҳатто ёш болалар тошбўрон қилишганида кавушлари қонга тўлиб оламлар Роббига дуою илтижолар ила юзланганлар: “Қувватсизлигим, чорасизликдан ва одамлар олдида хорлигимдан Сенга шикоят қиламан, эй Раббим! Сен Раҳмли Зотсан! Заифҳолларнинг Парвардигорисан ва менинг ҳам Роббимсан! Мени кимга ташлаб қўйдинг? Менга қовоғини соладиган бегонага ташлаб қўйдингми? Ишимни душманга топшириб қўйдингми? Муҳими, ғазабингга дучор бўлмаган бўлсам, бундан бошқа барчаси бекор! Шундай бўлса-да, офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишлари у билан юриб турадиган Важҳинг нури ила паноҳ сўрайман. Ғазабингга дучор бўлиб қолишимдан паноҳ тилайман. Ўзинг рози бўлгунингга қадар розилик Сеникидир[6]. Сендан ўзгада қувват ҳам, куч ҳам йўқ!”.
Бу дуонинг, нидонинг жавоби нима бўлди?!
Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиларига келиб: “Қавмингизнинг сизга айтган гапларини ва қандай қилиб сизни қувғин қилганларини Аллоҳ кўриб турибди. Аллоҳ таоло тоғларга масъул бўлган фариштани юборди, улар борасида нимани ихтиёр қилсангиз, буюришингиз мумкин”, деди.
Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга тоғларга масъул фаришта нидо қилиб: “Маккадаги мана бу икки тоғни уларнинг устига қопқоқ қилиб ёпиб қўйишимни хоҳласангиз, шундай қиламан”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аксинча, мен Аллоҳ таоло уларнинг пушти камарларидан Ягона Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга бирор нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан”, дедилар.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
[1] Анбиё сураси, 88-оят.
[2] Анбиё сураси, 87–88-оятлар.
[3] Анбиё сураси, 83–84-оятлар.
[4] Анбиё сураси, 76-оят.
[5] Юсуф сураси, 86-оят.
[6] Бу мажозий маъноси. Ҳақиқий маъноси: “Сен рози бўлганингча Сендан дакки эшитавераман”.