Бугун, 3 январь куни Тошкент ислом институтида Диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг ўқув ишлари бўйича раҳбар ўринбосарлари, ўқув-услубий ва ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлимлари бошлиқлари учун қисқа муддатли малака ошириш курси бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Олий маъҳад ректори Уйғун Ғафуров, Диний идора мутахассиси Муҳаммадамин Насриев ва Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Ҳусанбой Қирғизов иштирок этиб, мазкур малака ошириш курсининг аҳамияти хусусида сўз юритишди.
Тадбирда мутасадди вакиллар малака ошириш машғулотлари диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий, маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик усулларни жорий қилиш, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилиши, ўқув машғулотлари махсус ўқув режа ва дарс жадвали асосида замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилиши айтиб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ана шундай малака ошириш курсалари шу йил 3–7 январь кунлари диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилар учун Тошкент, Бухоро ва ҳудудлардаги таълим муассасаларида ҳам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен касалимдан шикоят қилиб: «Аллоҳим, агар ажалим яқинлашган бўлса, мени роҳатлантир, агар ажалимни кечиктирган бўлсанг, мендан касалликни кўтар. Агар бало келтирган бўлсанг, менга сабр бер», деб айтаётганимда, ногаҳон олдимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. Ва: «Нима дединг?» деб сўрадилар. Мен айтганларимни такрорладим. У зот оёқлари билан мени туртиб: «(Йўқ,)
اللهُمَّ عَافِهِ أَوْ اشْفِهِ
«Аллоҳумма ъафиҳи» ёки «Аллоҳумма ишфиҳи» (Аллоҳим, офиятда қил ёки шифо бер), деб айт», дедилар. Мен ана шу кундан кейин касалликдан шикоят қилмадим» (Имом Термизий ривояти).