Бугун, 3 январь куни Тошкент ислом институтида Диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг ўқув ишлари бўйича раҳбар ўринбосарлари, ўқув-услубий ва ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлимлари бошлиқлари учун қисқа муддатли малака ошириш курси бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Олий маъҳад ректори Уйғун Ғафуров, Диний идора мутахассиси Муҳаммадамин Насриев ва Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Ҳусанбой Қирғизов иштирок этиб, мазкур малака ошириш курсининг аҳамияти хусусида сўз юритишди.
Тадбирда мутасадди вакиллар малака ошириш машғулотлари диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий, маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик усулларни жорий қилиш, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилиши, ўқув машғулотлари махсус ўқув режа ва дарс жадвали асосида замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилиши айтиб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ана шундай малака ошириш курсалари шу йил 3–7 январь кунлари диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилар учун Тошкент, Бухоро ва ҳудудлардаги таълим муассасаларида ҳам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
"Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х-сессиясида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради.
Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган.
Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида "Ўзбекистон" деб ёзиб қўйилган.