Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан, қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини берганлар. Аммо баъзи кишилар бу ишга ҳам хилоф қилишган. Улар «Дастлабки пайтда бу иш бўлмаган» деган гап билан одамларни ўтганларга атаб Қуръон тиловат қилишдан қайтарадилар. Ҳа, бошқаларни қайтарадилар. Ўзлари бу ишни қилмаслик билан кифояланмайдилар, айнан бошқаларни ҳам қайтарадилар. Уларнинг бу борада аввал айтиб ўтилган гапдан бошқа далиллари йўқ. Аммо «Дастлабки пайтда бу ишнинг оммавий равишда бўлмаганининг ўзи уни қилмасликка далил бўла оладими?» деган гап уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.
Муҳтарам ўқувчиларимизга ўзимизга бу масалада келган кўплаб саволларга берилган жавоблардан бирини намуна тариқисида тақдим этамиз.
Савол: Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари!
Қабристонда Қуръон тиловат қилиш ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Имом Жалолуддин Суютий ўзларининг «Шарҳус-судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобларининг «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар боби»да жумладан, қуйидагиларни келтирадилар:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар сизлардан бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида Фотиҳа ўқилсин. Қабрнинг оёқ томонида Бақара сурасининг охири ўқилсин», деганларини эшитдим».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.
Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан ривоят қилинади. У ўғилларига:
«Қачон мени қабримга қўйсанг, «Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам», денглар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда Бақаранинг аввали ва охирини қироат қилинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг шуни мустаҳаб санаганини кўрганман», деди».
Байҳақий ривоят қилган.
Яна ўша китобнинг «Маййитга ёки қабрга Қуръон қироат қилиш боби»да имом Жалолуддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:
«Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Шундай экан, бу нарса ижмоъ бўлади. Буларнинг ҳаммасини Ҳофиз Шамсуддин Абдул Воҳид Мавдисий Ҳанбалий шу масала бўйича таълиф қилган жузида зикр қилган.
Қабр тепасида қироат қилишга келсак, бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар унинг шариатда борлигига жазм қилганлар.
Заъфароний айтади: «Шофеъий раҳимаҳуллоҳудан қабр олдида қироат қилиш ҳақида сўрадим. «Ҳечкиси йўқ», деди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал аввал буни инкор қилар эди, чунки унга бирор ривоят етмаган эди. Унга ривоят етганда, ўз фикридан қайтган».
Имом Жалолуддин Суютийнинг «Шарҳус-судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобида зикр қилинган, қабр устида қироат қилишга ҳужжат бўлган ривоятнинг имом Аҳмад ибн Ҳанбалга қандай етганини шайх Абдулфаттоҳ Абу Fудда раҳматуллоҳи алайҳининг «Саласу расоила фий истиҳбоби дуои ва рафъул ядайни фийҳи баъдас-салавотил мактуба» номли китобига ёзган муқаддимасида ўқиймиз:
«Ибн Қайюм «Китобур-руҳ»нинг аввалида зикр қилади: «Ҳаллол айтди:
«Ҳасан ибн Аҳмад Варровдан, у Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилади:
«Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан бирга жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал унга:
«Эй сен! Қабрнинг ёнида қироат қилиш бидьатдир!» деди.
Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Халабий ҳақида нима дейсиз?» деди.
«Ишончли одам» деди. Сўнг: «Ундан бирор нарса ёзганмисиз?» деди.
«Ҳа», деди.
«Мубашшир менга Абдурраҳмон ибн Ало Лажлаждан, у отасидан хабар берди. Ўша одам дафн қилинганидан сўнг бош тарафида Бақаранинг аввали ва охирини ўқишни васият қилган ва «Ибн Умарнинг шундай васият қилганларини эшитганман», деган экан», деди.
Шунда Аҳмад:
«Қайтиб бориб, ҳалиги одамга айтинг, тиловат қилаверсин», деди».
Имом Аҳмадни Аллоҳ раҳм қилсин. У билан ҳақнинг орасида адоват йўқ эди» (7-8-бетлар).
Ибн Аббос розиялллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи асҳоблари қабр устига капа тикиб олди. У ернинг қабр эканини билмасди. У ерда бир инсон «Табаарокаллазии биядиҳил мулку» сурасини охиригача қироат қилибди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен қабр устига капа тикиб олдим. У ернинг қабр эканини билмасдим. У ерда бир инсон «Таборак мулк» сурасини охиригача қироат қилди», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У («Таборак» сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», дедилар».
Термизий ва Табароний ривоят қилишган.
Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин, тирикларнинг қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак?!
Шунинг учун бизда дафндан кейин Таборак сурасини қироат қилиш одат бўлган.
Бошқаларда, масалан, Либияда Ёсин сурасини қироат қилиш одат бўлган.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, руҳ, яъни баёнга, нутқ қилишга ва хитобни фаҳмлашга қодир бўлган жон жасаднинг ўлими билан йўқ бўлиб кетмайди. У мавжуд ҳолда бўлади. Ўлганларнинг руҳлари тўпланади. Азоб ва савоб ҳам руҳга, ҳам баданга бўлади. Руҳ бадандан ажраганидан кейин ҳам унинг неъматланиши ёки азобланиши давом этади.
Маййит ўзининг тирик яқинларининг ҳолини билиб туради. Уларнинг яхши ишларидан хурсанд, ёмон ишларидан хафа бўлади.
Маййит ўзини зиёрат қилганларни билади ва улар маъруф иш қилсалар, фойда олади, мункар иш қилсалар, озорланади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Бошқа мазҳаблар, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас, деганлар.
Қабр зиёрати жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлгани афзал.
Зиёратчи Ёсин сурасини қироат қилиши мандубдир. Буни «Ал Баҳрур-роиқ» китобининг соҳиби ва Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ким қабристонга кирганда Ёсин сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.
Имом Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг», деганлар.
Шунингдек, Фотиҳа сураси, Бақара сурасининг аввалидан «муфлиҳун»гача, Оятул-Курсийни, «Аманар-расулу»ни, Мулк сурасини, Такаасур сурасини, «Қул аъуузу би Роббил фалақи» ҳамда «Қул аъуузу би Роб-биннаси»ни уч мартадан ва Ихлос сурасини уч, етти ёки ун бир марта ўқиса, яхши бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади. Валлоҳу аълам.
Савол: Қабр бошида тиловат қилишни макруҳ деб билар эдим. Дўстларим менга баъзи китобларни кўрсатиб: «Мана бу ерда айтилишича, қабр бошида тиловат қилса бўлар экан-ку», деб айтишмоқда. Яна «Маййит кўмилганда, савол-жавоб пайтида каловланиб қолар экан, шунинг учун ҳар қадамда, ё етти қадамда тиловат қилиш керак», дейишмоқда. Мен уларга диннинг аслини, ҳақиқатини тушунтирмоқчи бўлдим. Исбот, далил келтиролмаганим учун улар гапимни ҳазм қила олишмаяпти.
Жавоб:
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг», дедилар».
Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни тушунишда уч хил ижтиҳод қилганлар.
Баъзилари: «Ҳадисда «ўликларингизга» деганда «ўлим тўшагида ётганлар» назарда тутилган. Шунинг учун мухтазар кишига Ёсин сурасини ўқиш лозим. Бу сурада қайта тирилиш, қиёмат, жаннат ва дўзах, шайтоннинг фитнасидан ҳазир бўлиш каби масалалар зикр қилингани учун айнан шу сурани ўқишга амр қилинган», дейдилар.
Бу гуруҳдаги уламоларнинг машҳурлари имом Молик ва имом Шофеъийдир.
Иккинчи тоифа уламолар имом Аҳмад ибн Ҳанбал, ҳанафийлар, баъзи моликий ва шофеъийлар бўлиб, улар: «Қироат ўликлар учунгина қилинади», деганлар ва ўз гапларига мазкур ҳадисни ва Ислом умматининг амалини ҳужжат қилиб келтирганлар. Шу билан бирга, ўз нуқтаи назарларини қуйидагича шарҳлаганлар:
1. Ҳадисда «ўликларингизга» дейилган, «ўлим тўшагида ётганларингизга» дейилган эмас. «Ўлик» лафзи ҳақиқатда ўлиб бўлган шахсга нисбатан ишлатилади. Бу сўзни ўлим тўшагида ётган кишига нисбатан ишлатиш учун кўшимча далил ёки ишора керак. Бу ерда у нарса йўқ. Имом Шавконий шуни айтади:
«Муҳиб ат-Тобарий: «Мазкур ҳадисга умумий жиҳатдан амал қилиш ҳақдир. Буни Дорақутний келтирган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди», деб ушбу ҳадисни келтиради:
«Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».
2. Қироатнинг ҳикматларидан бири енгиллик келтиришдир. Бу нарса муҳтазарга матлуб бўлганидек, маййитга ҳам матлубдир.
«Муснадул Фирдавс»да: «Қайси бир банда ўлгандан кейин унинг олдида Ёсин қироат қилинса, албатта Аллоҳ унга енгиллик беради», дейилган.
Имом Аҳмад: «Машойихлар: «Қачон маййит учун Ёсин қироат қилинса, унга енгиллик берилади», дер эканлар», деган.
3. Жаноза намозида Фотиҳа сураси ўқилишига қиёс қилинади.
4. Ҳадисларда қабрларни зиёрат қилишда ўликларга салом бериш талаб қилинган. Агар маййит башарнинг каломи бўлмиш саломдан унсу улфат топар экан, нима учун Аллоҳнинг каломидан унс олмаслиги керак?!
5. Қуръон қироат қилинган жойга сакина ва раҳмат нозил бўлиши маълум ва машҳур. Нима учун маййит бор жойга сакина ва раҳмат нозил бўлмаслиги керак экан?!
6. Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсоннинг Таборак сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилганида, у зот:
«У (Таборак сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар.
Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин, нима учун тирикларнинг қабр устида туриб қироат қилишларини ман этиш керак?!
Қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил йўқ. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилишни ман қиладиган далил йўқ.
Ушбу тоифа уламолар: «Бу гаплар Қуръон қироат қилиб, савобини бағишлаганда айтиладиган гаплардир, агар савобини бағишлайдиган бўлса, бу гапларга ҳам ўрин қолмайди, чунки унда дуо маъносига айланади, дуодан маййит манфаат олишини ҳеч ким инкор қила олмайди», дейдилар.
Кейинги мавзу:
Ушбу масалага Миср муфтийсининг жавоби
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси