Бу зотнинг тўлиқ исми Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Абу Лайс ас-Самарқандий ал-Ҳанафийдир. Самарқандда таваллуд топгандир. Самарқанд ўзининг кўп олимлари билан машҳур бўлган ҳамда Самарқанд аҳли илмни яхши кўрган. Бу маълумотлар Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад Насафийни “Ал қанд фий уламаи Самарқанд” асарида келтирилган.
Абу Лайс Самарқандий бошланғич таълимни Самарқандда олган. Сўнг уламоларининг кўплиги билан машҳур бўлган Балхга кетади. Илмни мустаҳкамлаб Самарқандга қайтади. Абу Лайс нафақат Самарқанд ва Балх уламолари орасида илмий мавқега эга, балки Ҳанафий уламоларининг орасида ҳам ўз мавқега эгадир. Бунга бир қанча мисоллар далолат қилади:
У яшаган даврда юртимизда луғат, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари ривожланган. Мана шундай илмий муҳитда яшаб ижод этган аллома самарали мерос қолдирган. Унинг “Баҳр ал-улум” (“Илмлар уммони”), “Уюн ал-масойил” (“Масалалар сарчашмаси”), “Танбеҳул-ғофилин” (Ғофилларга танбеҳлар”), “Бўстон ал-орифин” (“Орифлар бўстони”) каби асарлари бизгача етиб келган ва нашрлар этилган.
Алломанинг туғилган йили сифатида муаррихлар ҳижрий 301-310 йиллар ораси ва 911-милодий йилни кўрсатадилар. Олимнинг куняси Абу Лайс, яъни “Лайснинг отаси”. “Лайс” луғатда шер, арcлон маъносини беради. У зотнинг Лайс деган фарзандлари бўлганми ёки “Абу Туроб” сингари мажозий лақабми, номаълум. Ҳар ҳолда куня экани аниқ. Куняси билан лақаби қўшиб айтилар эди, масалан: "Фақиҳ Абу Лайс айтди" каби. Лақабларидан бири “ал-Фақиҳ” бўлиб, шу лақаб билан машҳур бўлган. Аллома фиқҳ илмида юксак мартабага эришган, ўз замонасида унга тенг келадиган олим топилмас эди. Фақиҳ сўзининг
олдида араб тилидаги “ал” артикли қўшилиб, уни “ал-Фақиҳ” деб аталиши ҳам шунга ишоратдир.
Абу Лайснинг ўзи ҳам “ал-Фақиҳ” лақабини яхши кўрар эди. Чунки, ривоятларга қараганда, “Танбеҳул ғофилин” китобини ёзган маҳалларида бир кеча у кишининг тушларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, ёзган китобларини тутқазиб: "Ё Фақиҳ! Китобингни ол!” дейдилар. Уйғонганларида китобларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак қўлларини, изларини кўрадилар. Шундан кейин “Фақиҳ” деган номни яхши кўрди ва у туфайли кўп барокатларга ноил бўлади. Иккинчи унвони “Имомул-ҳуда”. Бу лақаб билан яна бир буюк аллома Абу Мансур ал-Мотуридий ҳам аталган.
Абу Лайснинг вафоти ҳақида ҳам муаррихлар турли саналарни кўрсатадилар. Довудий ўзининг “Табақот ал-Муфассирин” китобида 393-ҳижрий йилнинг жумод ал-охир ойининг сешанба 11-кечасида вафот этган, деган. “Жавоҳир ал-мўзиъа” асарида 373-сешанба кечасида, “Кашф аз-зунун” асарида 376, ёки 383, ёки 375-ҳижрий йилда вафот этган дейилади. Араб мероси тарихида 373, ёки 375, ёки 393-ҳижрий вафот этган дейилган.
Яъни, аллома 985 ва 1003-милодий йиллар орасида вафот этган. Манбаларда унинг оиласи ҳақида ҳеч нарса ёзиб қолдирилмаган. Абу Лайс Самарқандий Самарқандда шайхул-ислом даражасига кўтарилган. Лекин унинг расман қози бўлгани ҳақидаги маълумот манбаларда кузатилмайди. У ўз даврида энг зарурий илм – фиқҳни эгаллагани боис, фатволар айтишга лойиқ бўлган ва унинг фатво ҳамда ҳикматли сўзлари кишилар орасида тарқалган. Жумладан, Салоҳиддин Ноҳий унинг фиқҳий асарлари матни тузилишига кўра ўз тадқиқотида алломани мадрасаларда мударрислик қилганини тахмин қилади. Шунингдек, Абу Лайс тафсирида ҳадислар, ривоятлар, қироатлар, луғавий манбаларга алоҳида аҳамият берилиши ҳам унинг мударрислик қилганини тасдиқлаши мумкин. Абу Лайс Самарқандий илмий салоҳиятининг шаклланишида аввало олим оиласида таваллуд топгани таъсир кўрсатган бўлса, кейинчалик Балх, Самарқанд ва Бухоро каби муҳим илмий мавқега эга бўлган шаҳарлар олимларининг таълим-тарбиялари сезиларли бўлган. Абу Лайс Самарқандий Балхлик олимларнинг Самарқандга келиши, у ерга сафар қилиш муносабати билан илм ўрганган бўлса, айрим ҳолларда уларнинг асарларини мутолаа қилиш ва ўрганиш орқали уларни ўзининг устози деб ҳисоблаган.
Абу Лайс Самарқандий шаклланган илмий муҳит асосан ҳанафий мазҳаби олимлари таъсирида бўлган. Кўпчилик тарожум асарларида Абу Лайс Самарқандийнинг икки ёки уч устози зикр этилади холос. Бунга сабаб балки олимга кўпроқ таҳсил берган устозини зикр этиш билан кифояланиш бўлса керак. Унинг асарларида ўз давридаги кўплаб олимларнинг сўзлари, ривоятлари келтирилган. Олим уларни ўз асарларида зикр этган. Тадқиқот доирасида Абу Лайс Самарқандийнинг 24 устози аниқланди. Тафсирида 20 устози, “Танбиҳ-л-ғофилин”да 4 устози зикр этилган. Олимнинг барча устозлари ҳанафий мазҳаби уламолари бўлиб, уларнинг кўпчиликларининг силсиласи Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасанга бориб тақалади. Бу устозларнинг баъзилари ҳақидаги маълумотлар тарожум асарларида зикр этилган. Муҳаммад ибн Фазл Бухоро ва Самарқандга келгани ва Самарқандда вафот этгани, Халил ибн Аҳмад Фарғона қозиси бўлгани ва шу ерда ёки Самарқандда вафот этгани, Абу Жаъфарнинг Бухоро ва Самарқандга келгани ва Бухорода вафот этгани ҳақидаги маълумотлар уларнинг Самарқанд илмий муҳити билан боғликлигини кўрсатади. Улар ўз замонларининг етук олимлари бўлиб, Абу Лайс Самарқандийга устозлик қилганлар Абу Лайс Самарқандий тафсирининг ЎзРФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган нусхасининг биринчи варағида шундай маълумот мавжуд: “Абул-Маҳомид Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш Ҳасийрий “Ҳодий Ҳасийрий” асарининг охирги қисм иккинчи – “Фатво беришда эҳтиёт қилиш” номли фаслида шундай ёзади: 258/872 санада вафот этган Самарқанд ҳофизи фақиҳ Абу Лайс: “Самарқандда 40 йил фатво бердим, ушбу 40 йилда фақат илгари ўтган уламоларнинг сўзларига таяндим. Менинг китобимдан қиёмат куни ғийбатдан бирор нарса чиқмайди. Ўнг қўлимни чап қўлимдан ажратганимдан буён ёлғон гапирмадим, ҳеч кимга қушнинг бошини сувга солиб кўтарганда бошида қолган сувчалик ёмонлик истамадим”, деган.
“Абу Лайс фозил, тақводор, буюк имом бўлиб, юз минг ҳадисни ёд билган. Вакиъ, Муҳаммад ибн Ҳасан, Ибн Муборак, Абу Юсуф ва бошқа олимлар китобларини мутолаа қилар эди. Унинг кўплаб асарлари бор”.
Барча манбаларда Абу Лайс Наср ибн Сайёр ҳофиз, Наср ибн Муҳаммад эса фақиҳ деб аталган. Юқоридаги маълумотда Абул-Лайс Наср ибн Муҳаммад билан ҳофиз Абу Лайс Наср ибн Сайёр ибн Фатҳ ҳақидаги маълумотлар чалкаштириб юборилган. Шунингдек, кўрсатилган вафот йили ҳам ҳофиз Абул-Лайс вафот этган йилига яқинроқ келади. Шу каби ушбу икки алломани адаштириш ҳоллари манбаларда учрайди.
Жумладан, у иккисини бир олим деб кўрсатилган ўринлар ҳам мавжуд. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг Муҳаммад Шайбонийнинг китоби билан танишганлиги, ўз ижодида Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Вакиъ, Ибн Муборакларнинг силсилалар орқали ривоятларини кўп келтирганлиги сабабли бу маълумотлар Абу Лайс Наср ибн Муҳаммадга тегишли деб ҳисоблаш мумкин. У ўзининг тафсирида Муҳаммад ибн Ҳасан “Ас-Сияр ал-Кабир” асаридан маълумот келтиради.
Туғилган жойи Самарқанддир. “Баҳр ал-улум” тафсирининг кириш қисмида у шаҳар ҳақида бундай дейилади: “Араблар уни Сирон ҳам дейдилар. Сафд водийсининг жанубида жойлашган бу жой иқлими яхши ва катта шаҳардир”. Бир шоир бу ер ҳақида шундай деган эди:
Инсонлар учун охиратда жаннат бордур,
Бу дунёнинг жаннати Самарқанддур.
Бу шаҳар толиби илмлар маскани бўлган. Бу ерга уламо-ю фуқаҳолар, тасаввуф аҳллари сафар қилар эдилар. Шунинг учун бу ер бошқа юртлар ичида муҳим илмий ўрин эгаллаб турар эди, чунки Абу Лайс Самарқандий қаторида у кишининг олимлардан бўлган шериклари ва дўстлари ҳам кўп эди.
ТИИ талабаси Мирзақосим Саидмирзаев
[1] Тарихи ат-турас ал-арабий. 1-жилд, 3-жуз, 107 ва ундан кейинги саҳифалар.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
«Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар» мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида маълум қилинишича, 2017 йилдан буён 5300 дан ортиқ «хатмул кутуб» (муайян диний-илмий асарни устоз раҳбарлигида бошидан охиригача ўқиш, унинг мазмунини ўрганиш ва шарҳлаш) амалга оширилган, классик исломий манбаларни тўлиқ ўқиш ва ижоза бериш анъаналари қайта тикланган, ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура йўналиши ташкил этилган.
Шунингдек, анжуманда диний таълим тизимидаги ушбу натижалар маълум қилиниб, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш, тадқиқотларни кенгайтириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази ва халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда имом-хатиблар иштирок этди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, «Муфтий Бобохоновлар» жамғармаси директори Жамолиддин Бобохонов ва бошқалар маъруза қилди.
Нотиқлар институтнинг ташкил топиш тарихи, диний таълим ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу даргоҳда фаолият юритган уламоларнинг илмий мероси ҳамда мутахассислар тайёрлаш тажрибасига тўхталди.
«5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди»
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров муассасанинг ярим асрдан ортиқ фаолияти давомида шаклланган таълим анъаналари ва сўнгги йилларда жорий этилган илмий йўналишлар ҳақида маълумот берди.
«2017 йилдан бошлаб қадимий анъаналаримиз, мадрасаларимизнинг таълим бериш усуллари орқали мўътабар устозларимиз ва алломаларимизнинг китобларини ўқитиш, “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Сунан ат-Термизий”, Имом Мотуридийнинг китоблари, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”си ва бошқа асосий ислом илмлари манбаларини тўлиқ ўқиш, хатмул кутуб ва якунда ижоза бериш тизими қайта тикланди. Бугунги кунга қадар 5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди», — деди Уйғун Ғафуров.
Ректор институтда ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура ташкил этилгани, мотуридийлик ақидаси, тафсир ва ҳадис илмлари йўналишларида мутахассислар тайёрланаётганини ҳам қайд этди.
Келгусида ушбу йўналишларда докторантура ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эса классик исломий илмларни чуқур тадқиқ қилиш ва илмий кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мураккаб тарихий шароитда шаклланган илмий даргоҳ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров Тошкент ислом институтининг ташкил топиш шароити ва диний таълим тарихидаги ўрнига эътибор қаратди.
Олимнинг таъкидлашича, институт мураккаб тарихий даврда фаолият бошлаган бўлса-да, нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги мусулмон жамоалари учун диний мутахассислар тайёрлашда муҳим вазифани бажарган.
«Шунга қарамасдан, институт ярим аср давомида минглаб ҳам диний илмларни яхши биладиган, ҳам бугунги тушунчадаги академик таҳсил олган, яъни диний ва дунёвий билимларни ўзаро уйғунлаштирган кўп сонли мутахассислар тайёрлади. Улар сиёсий-ижтимоий барқарорлик, маънавий-маърифий йўналишдаги жараёнларга ўзининг ҳаётбахш, бунёдкор таъсирини кўрсатиб келмоқда. Мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар институтнинг илмий ва таълимий имкониятларини кенгайтирмоқда, айни пайтда мутахассислар тайёрлаш борасидаги масъулиятини ҳам оширмоқда», — деди Зоҳидулла Мунавваров.
Замонавий ақидавий масалаларга илмий ёндашув
Анжуманнинг илмий дастури икки шўъба доирасида давом этди.
«Долзарб ақидавий масалалар ва уларнинг илмий ечимлари» мавзусидаги биринчи шўъбада Саидафзал Сайджалолов, Абдулазиз Яхшиликов, Давронбек Абдуқодиров ва Ботиржон Абдуллаев маърузалар билан қатнашди.
Муҳокамаларда суннийлик манбаларида раддияга оид қарашлар, замонавий эътиқодий масалалар ҳамда Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросида акс этган диний қарашларга оид тадқиқотлар тақдим этилди.
Маърузачилар тарихий диний манбаларни илмий асосда ўрганиш, улардаги қарашларни тадқиқ этиш ва бугунги кунда юзага келаётган эътиқодий масалаларни таҳлил қилишнинг аҳамиятига тўхталди.
Фиқҳий масалалар: анъанавий манбалар ва амалий ечимлар
«Замонавий фиқҳий масалалар: янги муаммолар ва амалий ечимлар» деб номланган иккинчи шўъбада Абдувоҳид Аҳмадалиев, Муҳаммадмусо Набижонов, Алижон Равшанов, Абдулаҳад Содиқов, Акмалжон Ғаниев, Сойибжон Жўраев, Хуршида Усманова, Санжар Бердиев ва Сирожиддин Шодмонов ўз тадқиқотларини тақдим этди.
Унда ҳанафий мазҳаби уламоларининг фиқҳий ёндашувлари, Қуръон ва суннатни талқин қилиш масалалари ҳамда замонавий ҳаётда юзага келаётган фиқҳий муаммолар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар анъанавий манбаларни чуқур таҳлил қилиш, илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш ва диний таълимда тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Илмий тавсиялар ва махсус тўплам тайёрланади
Анжуманнинг якуний қисмида Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган мақолалар танлови ғолиблари ҳамда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ташкил этилган IV халқаро олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритган талабалар тақдирланди.
Анжуман якунида долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар юзасидан илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда сараланган мақолаларни махсус илмий тўплам шаклида нашр этиш бўйича келишувга эришилди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллигига бағишланган анжуман диний таълимнинг тарихий тажрибасини сарҳисоб қилиш билан бирга, классик исломий манбаларни чуқур тадқиқ этиш, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларни илмий ўрганиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболларини белгилашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати