Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб), қарз эса ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади) деган ёзувни кўрдим. Шунда "Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади?" дедим. Жаброил алайҳиссалом: "Чунки садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат муҳтожнинг қўлига тушади", деди.