Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки мўмин ва мўминалар ҳаққига истиғфор айтса, Аллоҳ унга ҳар бир мўмин ва мўмина ҳисобида биттадан яхшилик ёзади", деганлар.
Шарҳ: Агар бирор (таниган ва танимаган) мўмин-мўминанинг ҳаққига истиғфор айтсангиз, Аллоҳ таоло бунинг эвазига ўша мўмин ва мўмина номидан сизга яхшилик (савоб) ёзади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин" (Иброҳим сураси, 41-оят).
Аллоҳим Одам алайҳиссаломдан то Қиёматга қадар келадиган жамики мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этгин.