Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.
Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази