Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2025   |   19 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:33
Bismillah
14 Июл, 2025, 19 Муҳаррам, 1447

Муҳаммад исми бор хонадонга барака ёғилади

13.01.2025   8767   2 min.
Муҳаммад исми бор хонадонга барака ёғилади

Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.

Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.

Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма  ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.

Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.

Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).

Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.

Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

АҚШнинг Атланта шаҳрида илк ҳалол таомлар фестивали ўтказилади

14.07.2025   552   1 min.
АҚШнинг Атланта шаҳрида илк ҳалол таомлар фестивали ўтказилади

2025 йил 19 июль шанба куни АҚШнинг Жоржия штати пойтахти — Атланта шаҳрида илк бор ҳалол таомлар фестивали бўлиб ўтади. Машҳур “Atlantic Station” майдонида ташкил этиладиган фестивалда 50 дан ортиқ ҳалол таом маҳсулотлари сотувчиси иштирок этиши кутилмоқда.


Фестиваль иштирокчилари томонидан Яман, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё, ҳатто Ўзбекистон ошхоналарига хос кабоб, бургер, дуккаклик маҳсулотларидан тайёрланган таомлар (фалафул) ва турли хил ширинликлар таклиф этилади.


Ушбу тадбир Атланта мусулмонлари фестиваллари уюшмаси томонидан ташкиллаштирилмоқда. Фестиваль айни пайтда шаҳардаги АҚШ божхона ва миграция сиёсатига қарши норозилик намойишлари орасида муҳожирлар маданиятини нишонлаш имконини ҳам яратади.


Фестиваль ташаббускорларидан бири — Ҳасанейн Лакҳани бундай деди:

 
“Атланта шаҳрида илк ҳалол овқат фестивалини ўтказиш — жуда ҳам ҳайратланарли ва ажойиб фикрдир. Мен бу шаҳарда доимий истиқомат қилувчи сифатида мусулмон жамоасига яқинлигимни ҳар доим ҳис қилганман. Рамазон овқат фестиваллари каби кичик тадбирлардан то ошхона ва кўчмас мулк соҳаларидаги фаолиятгача иштирок этиб келаман”.


Унинг таъкидлашича, фестиваль – мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар учун бир жойда тўпланиб, шаҳарнинг маданий хилма-хиллигини нишонлаш, шу билан бирга мусулмонлар турмуш тарзи ва ҳалол таомлар билан танишиш имконини беради.

 
Лакҳани Атланта яқинидаги Лоренсвилл шаҳрида жойлашган “BurgerFi” ресторани соҳибидир. У, шунингдек, ушбу ресторан — Грузия штатидаги ягона ҳалол сертификатига эга бургер шоҳобчасидир.

Илёсхон Аҳмедов,
тайёрлади.

Дунё янгиликлари