14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Тошкент вилоятида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан вилоят имом-хатиблари ва ноиблари ўртасида “Сиз қонунни биласизми?” мавзусида кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Танловда диний соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги, Конституция ҳақидаги билимлари синовдан ўтказилди.
Танловда ғолиблар аниқланиб, улага эсдалик совғалари ҳамда Ҳаж ва Умрага (гуруҳ раҳбари бўлиб) йўлланмалар берилди.
Ғолиблар:
1. Зангиота тумани “Садр ота” жоме масжиди имом-хатиби Иззатиллаев Файзуллоҳ домла Ҳаж;
2. Тошкент тумани “Айри ота” жоме масжиди имом ноиби Султонов Абу Бакр домла Ҳаж;
3. Бўстонлиқ тумани “Мулла Пўлат ота” жоме масжиди имом-хатиби Исомов Ниғматилла домла Умра;
4. Олмалиқ шаҳар “Ҳилол” жоме масжиди имом ноиби Муйдинхонов Сайидмуҳаммадхон домла Умра йўлланмасини (гуруҳ раҳбари бўлиб) қўлга киритди.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ғолибларни самимий қутлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати