14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
2025 йил 05 декабр куни Наманган вилояти вакиллигида бош қомусимиз қабул қилингани муносабати билан Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари ўртасида Муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг китоблари асосида ЗАКОВАТ интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшед Хатамов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддиновлар сўзга чиқиб беллашув иштирокчиларига омад тилашди.
Мазкур беллашув диний соҳа ходимларининг ақлий фаоллигини ошириш, ўзаро жамоавий ҳамфикрлигини қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятларини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Жами 14 жамоа иштирок этган ЗАКОВАТ интеллектуал ўйини қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Интеллектуал ўйиннинг якуний натижаларига кўра;
1-ўрин Наманган шаҳар имомларини "ЗИЁ" жамоаси,
2-ўрин Уйчи тумани имомларини "Ахси" жамоаси,
3-ўрин Тўрақўрғон тумани имомларини "Қадим Ахсикент" жамоасига насиб қилди.
Ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати