Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис ҳукм чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади.
Биринчи соҳа: Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб бериш.
Иккинчи соҳа: Қуръони каримда кўрсатилмаган масалаларни ҳукм шаклида белгилаш.
Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди.
Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “Намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайхиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли.
Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади.
Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис ҳукм қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар.
Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради.
Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сармоянгиз умрингиздир...
Аллома Ибн ал-Жавзий ўзининг «Мудаҳиш» номли китобига бундай ёзади:
Бир киши бор эди, у бозорда муз сотарди. Овозини чиқариб бундай дерди: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинглар!”.
Бу киши одамларнинг юрагини юмшатиб, улардан муз сотиб олишларини сўрарди. Чунки у сотадиган муз — вақт ўтиши билан эриб кетарди. Агар у музини тезда сотиб улгурмаса, бутун сармояси йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун у бор овози билан: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинг!”.
Музлаб қолган сувнинг ҳар бир томчиси сизнинг тарк этган умр лаҳзангиз кабидир, у энди ҳеч қачон қайтмайди.
Ҳаётингиздаги саноқли кунлардан фойдаланинг…
Солиҳлардан бири айтади: «Мен “Аср” сурасини йигирма йил ўқидим, лекин унинг маъносини тушунмасдим. “Нима учун Аллоҳ инсон табиатан зиёнда деб айтяпти ва буни қасам билан таъкидлаяпти?” деб ўйлардим.
Кейин эса Аллоҳ зиёндан нажот топганларни тўртта сифат билан истисно қилади:
– иймон келтирганлар,
– солиҳ амал қилганлар,
– ҳаққа даъват этганлар,
– сабрни тавсия қилганлар.
Шунда мен “Аср” сурасидаги қасамнинг маъносини англадим: “Дунёдаги энг катта сармоя бу – умрингиз. Умрингиздан ўтган ҳар бир лаҳза эриб кетган муз каби қайтиб келмайди. Шунинг учун сармоянгизни эҳтиёт қилинг! У сиз яшаб турган вақтдир. Ажал етишидан аввал тириклик фурсатидан фойдаланинг».
Аллоҳ умримизни узун ва хотимамизни чиройли қилсин.
Сармоянгизни ўғирлаётганларга эътибор беринг!
Ҳар биримиз сармоямиз яъни вақтимизни ким ёки нималар зое қилаётганини яхши биламиз.
Аллоҳни зикр қилишдан ёки У Зотга ва Расулига итоат қилишдан бошқа нарса билан вақтни зое қилманг.
Унутманг, сармоянгиз — умрингиз!
Мақсудали домла ҚОСИМОВ,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжид имом-хатиби.